Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ёзувчи Абдулла Қодирий ҳаёти ва фаолияти ҳақида бадиий фильм ишланади

Ёзувчи Абдулла Қодирий ҳаёти ва фаолияти ҳақида бадиий фильм ишланади

Мамлакатимизда 2019 йилнинг октябрь ойида буюк ўзбек ёзувчиси Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллиги кенг нишонланади.

Шу муносабат билан Тошкент шаҳридаги Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғи Ички ишлар вазирлигидан Тошкент шаҳар ҳокимлигига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул ўтказилади. Истироҳат боғида Абдулла Қодирий ижодига бағишланган адабий музей, ижодий мактаб, кутубхона барпо этилади. Адибнинг маҳобатли ҳайкали ўрнатилади. Ёзувчи яшаб ижод қилган уй – Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Самарқанд дарвоза кўчаси 35 ва 37-уй манзилларида Абдулла Қодирий уй-музейи ташкил этилади, дея ёзмоқда «ЎзА».

«Ўзбеккино» миллий агентлиги томонидан Абдулла Қодирий ҳаёти ва фаолияти ҳақида бадиий фильм, асарлари асосида қисқа метражли фильм яратилади. Шунингдек, мамлакатимиз олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар, умумий ўрта таълим муассасаларида адиб ҳаёти ва ижодига бағишланган адабий-бадиий тадбирлар, давра суҳбатлари, ижодкорлар билан учрашувлар уюштирилади.

2019 йилнинг апрель ойида «Абдулла Қодирий ижодининг маънавий-маърифий аҳамияти» мавзусида илмий конференция ҳамда адиб таваллудига бағишланган тантанали адабий-бадиий кеча бўлиб ўтади. Республика театрларида адиб асарлари асосида спектакллар саҳналаштирилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг халқимизнинг севимли ёзувчиси Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги фармойишида юқоридаги ишларни амалга ошириш назарда тутилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг