Ёзувчи, депутат, фан доктори... Эл ардоғидаги серқирра ижодкор 70 ёшга тўлди

Бугун, 8 январь куни атоқли адиб, заҳматкаш олим, моҳир публицист, давлат ва жамоат арбоби Хуршид Дўстмуҳаммад 70 ёшга тўлди. Умрини бадиий ижод ва журналистика ривожига бағишлаган, сўз хизматида сочи оқарган устоз ижодкор айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сифатида ҳам фаолият юритиб келмоқда.
1973 йили Тошкент давлат университетининг журналистика факультетини тугатган Х.Дўстмуҳаммад ўтган ярим аср мобайнида турли газета-журналларда самарали фаолият кўрсатди. «Ҳуррият» газетаси, «Ёш куч», «Ўзбекистон матбуоти» журналлари бош муҳаррири ўлароқ журналистика ҳамда публицистикада ўз мактабини яратди. «Миллий тикланиш» партияси раиси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари лавозимларида – сиёсатнинг қайноқ жабҳаларида ўзини кўрсатди.
Атоқли адибнинг дастлабки ҳикояси 1981 йилда «Гулистон» журналида эълон қилинган эди. Кейинги йилларда бир-биридан бетакрор ҳикоялар ёзиб, миллий ҳикоячилик ривожига салмоқли ҳисса қўшди. Ёзувчи «Нигоҳ», «Паноҳ», «Оромкурси», «Ҳижроним мингдир менинг» каби қиссалари билан адабиётга янги ҳаво, янги нафас олиб кирди. Халқимизнинг ардоқли фарзанди Абдулла Қодирий ҳаётидан нақл қилувчи «Ёлғиз» қиссаси ҳам ўзига хос воқеа бўлди. Қисса асосида Ўзбек давлат драма театрида «Йиғинди гаплар» номли спектакль қўйилди. Хуршид Дўстмуҳаммад «Бозор», «Донишманд Сизиф» каби романлари билан ҳам ўз истеъдодининг, ҳам ушбу йирик насрий жанрнинг янги имкониятларини кўрсатиб берди.
Заҳматкаш олим, филология фанлари доктори Хуршид Дўстмуҳаммад узоқ йиллар мобайнида олий ўқув юртларида журналистика бўйича ҳам сабоқ бериб келади. «Журналист бўлмоқчимисиз?», «Журналистнинг касб одоби», «Ахборот – мўъжиза, жозиба, фалсафа» каби илмий-оммабоп рисолалари соҳа бўйича қимматли қўлланмалар сирасига киради.
Хуршид Дўстмуҳаммад моҳир мутаржим сифатида япон адиби Акутагава Рюкоскэнинг «Расёмон дарвозаси» ҳикоясини, ёзувчи Темур Пўлатовнинг «Етти ҳузур-ҳаловат ва қирқ қайғу-алам» романини таржима қилган.
Етмиш ёш арафасида чоп этилган муаллифнинг тўрт жилдли «Танланган асарлар»и ҳам китобхонлар учун ажойиб совға бўлди.
Эл ардоғидаги адиб «Эҳтиром», «Эътироф», «Офарин» каби миллий мукофотлар, «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими» фахрий унвони, «Дўстлик» ордени, «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.
«Ижод, жумладан, адабиёт аҳлига бу қобилиятни Аллоҳнинг ўзи инъом этади, зеро, уни ҳеч бир фиръавн куч тўхтатолмайди, йўлига тўғаноқ бўлолмайди. «Пушкинсиз Россия – Россия эмас» деб фарёд чекиб юборган Николай Гоголь. Бу – адабиётсиз, бадииятсиз Россия йўқ, рус жамияти – рус халқи йўқ, дегани эди... Ижодкор, жумладан шоир ва ёзувчи жамиятнинг илғор зиёлиси, ўз ўрни, нуқтаи назари ва сўзига эга шахси даражасига кўтарилмоғи ниҳоятда аҳамиятли», – деган эди Хуршид Дўстмуҳаммад суҳбатларидан бирида. Зотан, ёзувчининг ўзи ҳам шу ўгит-даъватга содиқ қолиб, жамиятнинг илғор зиёлиси, ўз ўрни, нуқтаи назари ва сўзига эга шахс сифатида миллат хизматида камарбаста бўлиб келмоқда.
«Xabar.uz» таҳририяти жамоаси атоқли адибимизни табаррук ёши билан самимий қутлайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter