Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ЙПХ ходимига халақит берган шахс 10 суткага қамалди. Аммо бир савол очиқ қолди

ЙПХ ходимига халақит берган шахс 10 суткага қамалди. Аммо бир савол очиқ қолди

Фото: ЙҲХББ ахборот хизмати

Қашқадарёда ЙПХ ходимининг ўз хизмат вазифасини бажаришига қаршилик кўрсатган фуқарога суд томонидан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Ижтимоий тармоқда Қашқадарё вилояти, Чироқчи тумани ҳудудида тезликни меъёридан оширган транспортларни қайд этувчи махсус мослама билан жиҳозланган автомобилда хизмат олиб борган ЙПХ ходимига ҳайдовчи Ш.А. эътирозлар билдиргани акс этган видео тарқалганди. Унда ҳайдовчи мультирадар автомобили белги бўлмаган жойда ишлаётгани, йўлда тезликни чекловчи ва радар қўйилгани ҳақидаги йўл белгиси қўйилмаганини иддао қилганди.

Видео юзасидан Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан суриштирув олиб борилаётгани айтилганди.

Маълум бўлишича, Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБ масъуллари томонидан  тегишли ҳужжатлар тўпланиб, ҳолат 2021 йил 13 декабрь куни Жиноят ишлари бўйича Чироқчи тумани судида ўрганилиб чиқилган.

Фуқаро Ш.А. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 195-моддасида кўрсатилиб ўтилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Аммо ҳолат бўйича бир савол очиқ қолган: ЙПХ ходими йўл белгиси қўйилмаган ҳудудда фаолият олиб борганмиди? У ҳолда маъмурий жарималар қандай тузилган?

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларининг 5.43-бандига кўра, «Радар» йўл белгиси — тезликка риоя этилиши радар ёрдамида назорат қилинаётганлигини билдирувчи белги ҳисобланади.

Ушбу йўл белгиси белгиланган ҳаракатланиш тезлиги назоратга олинган барча жойларга ўрнатилиши шарт.

Стационар махсус техника воситаларидан фойдаланиладиган жойларда доимий йўл белгиларини, кўчма махсус техника воситаларидан фойдаланиладиган жойларда эса кўчма устунга вақтинчалик йўл белгиларини ўрнатиш кўзда тутилади.

Шунингдек, йўлларда хизматни яширин олиб бориш тақиқланади. Кўчма фоторадар ва мобиль комплекслар бириктирилган ЙПХ ходимларининг кунлик дислокацияси бўлиши лозим.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси шу масалага ойдинлик киритмаган ва «кўплаб ЙТҲларга тезлик сабаб бўлаётган бир вақтда, тезюрар, учар ҳайдовчиларни тартибга чақириш мақсадида хизмат олиб бораётган ходимларнинг фаолиятига ҳалақит бермасликни сўраймиз» деган изоҳ билан чекланилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг