Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Захарова: Россия Ўзбекистон нотасидаги маълумотларни кўриб чиқяпти

Захарова: Россия Ўзбекистон нотасидаги маълумотларни кўриб чиқяпти

Россия томони Ўзбекистон нотасидаги маълумотларни диққат билан кўриб чиқмоқда ва ўзбекистонлик ҳамкорларнинг тегишли сўрови ваколатли органларга етказилмоқда.

«Олинган объектив маълумотлар белгиланган тартибда Тошкентга юборилади», – деб ёзади ТАСС Россия ТИВ расмийси Мария Захаровадан иқтибос келтириб.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ТИВ матбуот котиби Аҳрор Бурханов мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги Россияда ўзбек фуқароларига нисбатан тинтувлар ўтказилаётгани ва ғайриқонуний муносабатда бўлаётганидан хавотирда экани, шу муносабат билан Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси Россия Ташқи ишлар вазирлигига тушунтириш беришни сўраб нота юборганини маълум қилганди.

«Ўзбекистон элчихонасидан нота олингани муносабати билан биз ундаги маълумотларни диққат билан кўриб чиқмоқдамиз. Шуни таъкидлашни истардимки, бизда ҳуқуқ-тартибот ва бошқа хизматлар орқали тўғридан-тўғри алоқа каналлари мавжуд. Ҳамкор давлатлар ўртасида одат бўлганидек, суҳбат самимий руҳда бўлиб ўтди ва ҳар қандай сигнал синчковлик билан кўриб чиқилади. Ўзбекистон томонининг юқорида қайд этилган мурожаатида келиб тушган маълумотлар тегишли тартибда ваколатли органларга етказилади», – дейди Захарова.

Россия ТИВ расмийси, шунингдек, мамлакати Ўзбекистон билан мустаҳкам иттифоқчилик ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини йўлга қўйгани, ҳамда икки томонлама муносабатларнинг барча масалаларига шу нуқтаи назардан ёндашилаётганини таъкидлаган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг