Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Зеленский Трамп–Путин учрашуви олдидан муҳим баёнот берди

Зеленский Трамп–Путин учрашуви олдидан муҳим баёнот берди

Украина президенти Владимир Зеленский Киев Москвага ҳудудлар борасида ён бермаслигини таъкидлади. Зеленскийнинг қатъий руҳдаги ушбу баёноти АҚШ президенти Доналд Трамп ва Россия раҳбари Владимир Путин учрашуви арафасида янграгани эътиборга моликдир.

“Биз Россияга қилмишлари учун мукофот бермаймиз, албатта... Ушбу урушга хотима ясаш керак ва буни Россия қилиши керак. Урушни Россия бошлади ва чўзмоқда. Унга берилган бирор бир муҳлатга жиддий қарамади. Украина ҳудудига доир саволга жавобни Украина Конституциясидан топиш мумкин. Конституциявий талабдан ҳеч ким чекинмайди, чекина олмайди ҳам. Украиналиклар ўз ерларини босқинчиларга совға қилмайди. Украина тинчликка олиб борувчи реал қарорларни қабул қилишга тайёр. Аммо бизга қарши бўлган, Украинасиз қабул қилинган ҳар қандай қарорни тинчликка қарши бўлган қарор деб ҳисоблаймиз”, – деган Зеленский.

Украина раҳбари, айни чоқда, президент Трамп ва ҳамкорлар билан биргаликда мустаҳкам тинчлик йўлида ҳамкорликка тайёр эканини урғулаган.

Аввал хабар берганимиздек, куни кеча Трамп ҳамкасби Путин билан 15 август куни Аляскада учрашишини маълум қилди.

Ушбу учрашувда асосан Украинада урушни тўхтатиш масаласи муҳокама этилади.

Оқ уйда журналистлар билан мулоқотда Трамп Россия билан ҳар қандай келишув ҳудудлар алмашувини ўз ичига олиши мумкинлигига шама қилган.

Таҳлилчиларга кўра, Европа давлатлари етакчилари Трамп ва Путин Украина борасида Европа Иттифоқисиз ўзича қарор қабул қилишидан хавотирда.

Украина томони ҳам мамлакат тақдири Украина раҳбарияти иштирокисиз АҚШ ва Россия томонидан ҳал этилишини истамаётир. ЕИ Трампни музокараларда Украина ҳам ҳозир бўлишига ишонтиришга уринмоқда.

Би-би-сининг мудофаа масалалари бўйича мухбири Жонатан Билнинг фикрича, Киев Трамп урушни тўхтатиш важидан Украинадан Россияга нисбатан ҳудудий ён беришни талаб қилишидан ташвишда. Чунки Трамп Украина масаласида тинчлик учун ҳудудни қурбон қилишни афзал билади.

Зеленскийнинг сўнгги баёноти ҳам аслида Трампни Путин билан учрашув олдидан огоҳлантиришга қаратилган бўлса ажаб эмас.

“The Wall Street Journal” газетасига кўра эса, Европа давлатлари Украина билан биргаликда Путиннинг ҳудудлар алмашуви эвазига ўт очишни тўхтатиш бўйича ташаббусига жавоб таклифларини илгари сурган.

Европа ва Украина агар ҳудудлар бўйича ён бериш лозим бўлса, ҳар икки томонга тенг шартлар қўйилишини талаб этмоқда. Масалан, Украина Донецк вилоятини тарк этиши лозим бўлса, бунинг эвазига Россия армияси Украинанинг босиб олинган ҳудудлари – Запорожье ва Херсон вилоятларидан ихтиёрий равишда чиқиб кетиши керак.

Шунингдек, Киев ҳар қандай ҳудудий ён бериш қатъий хавфсизлик кафолати, жумладан, Украинанинг НАТОга аъзолиги билан мустаҳкамланишини сўрамоқда.

Қисқаси, Европа Иттифоқи раҳбарияти Трампни Путин билан музокараларда “Украина ва Европанинг ҳаёт-мамот аҳамиятига молик манфаатлари”ни ҳимоя қилишга чақирмоқда.

Ҳозирга қадар АҚШ президенти Трампнинг Россия раҳбари Путинга ўтказган босимлари натижа бермади. Оқ уй раҳбари томонидан бир неча марта белгиланган “сўнгги муҳлат”лар ҳам Кремль хўжайини томонидан жиддий қабул қилинмади.

Трамп маъмурияти ҳокимиятга келгач, Вашингтоннинг Европа давлатлари билан Украина борасида якдиллиги йўқолган. Сўнгги ҳодисалар Россия билан музокараларга зўр бераётган Оқ уй бу жараёнга Европа Иттифоқини қўшишни истамаётганини кўрсатган. “Кўҳна қитъа”даги айрим сиёсатчилар Вашингтон Украина масаласида Москвага ён беришга уринаётганини хиёнат деб баҳолаган

Зеленский эса Россия раҳбари Владимир Путин ва АҚШ президенти Доналд Трамп билан уч томонлама учрашув ўтказиш лозим деб ҳисоблайди.

Украина ҳукумати мамлакат тақдири унинг иштирокисиз ҳал этилиши мумкин эмаслигини таъкидлаб келмоқда.

NBC News телеканали тарқатган сўнгги хабарларга қараганда, Оқ уй Украина раҳбари Зеленскийни Аляскага таклиф этиш имкониятини муҳокама қилмоқда. Бу борада ҳали якуний қарор қабул қилинганича йўқ, аммо америкалик мулозимлар Аляскага Путин билан бир пайтда Зеленскийнинг ҳам ташриф буюришини истисно этмаётир.

 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг