Мобильное приложение Xabar.uz для Android устройств. Скачать ×

Фируз Аллаев

Кремний водийси ва Сардоба фожиаси. Келажакда ўзингизни қаерда кўряпсиз?

Кремний водийси ва Сардоба фожиаси. Келажакда ўзингизни қаерда кўряпсиз?

Юрий Дуднинг Кремний водийси ҳақида ҳужжатли фильмини кўриб чиқдим. Унда Россия Қримни босиб олганидан сўнг россиялик IT мутахассислари ёппасига АҚШга кўчиб келишгани айтиб ўтилди.

Кучли миллатни, кучли давлатни кучли кадрлар қуради. Кучли таълимсиз, кучли кадрларсиз, дарёдан олтин оқса ҳам миллат ривожланиб қолмайди. Россиялик IT мутахассисларнинг кўчиб кетишгани ҳақидаги маълумотни интернет орқали текшириб кўрдим. Украина ҳудудида муаммолар бошланиб, Россия Қримни эгаллаб олгандан сўнг ҳар йили ўн минглаб кучли кадрлар Россияни тарк этаётган экан. Булар фақат дастурчилар эмас, улар орасида шифокорлар, олимлар, инженерлар, дизайнерлар, архитекторлар, маркетологлар, тадбиркорлар каби жуда муҳим касб эгалари бор. Бу билан Россия ўзининг энг муҳим жиҳатидан айрилмоқда ва буни келажакда ҳали жуда қиммат нархда тўлашига мен ишонаман.

Хўш, улар нима учун кетишмоқда?

Чунки, Россияда яқин йилларда вазият ўзгаришига умид йўқ. Улар Россия империализм ва диктатура йўлини танлаганини тушуниб етишди. Россия энди олигархлар қўлидаги коррупцияга ботқоғига ботган, фақат империалистик орзуда яшайдиган мамлакатга айланганлиги ва энг ёмони — вазият яхши томонга ўзгаришига ҳеч қанақа умид йўқ эканлигини ҳис қилишди.

Одатда мамлакатга инвестициялар кириб келиши, кадрлар қолиши учун бугунги ҳаёт даражасидан кўра ҳам келажакка бўлган ишонч, умид муҳимроқ роль ўйнайди. Ўша умид, ўша ишонч келажак учун кредит ролини бажаради. Яхши келажакка ишонган кадр ҳаётини шу мамлакат билан боғлайди, шу мамлакатда узоқ йиллик режалар қилади. Бугун ҳаёти зўр бўлсаю, лекин келажакка ишонч бўлмаса, умид бўлмаса, у яхшиси келажакка умид бор бошқа ҳудудни қидиради. Россиялик кадрларни тушунса бўлади.

Қўрқаманки, Сардоба воқеаси, ОАВда иккита ёрқин журналистнинг ишдан бўшаши, ҳақиқат устидан монополия ўрнатилиб сўз эркинлиги борасида пайдо бўлаётган хавотирлар, қариндош-уруғчилик, коррупция мана шу умидни сўнишига сабаб бўлиши мумкин. Ҳаммаси ҳақида вақтида хулоса чиқарилиши, тез ва муҳим қарорлар қабул қилиниши керак.

Агар, умид, келажакка, реформаларга нисбатан ишонч сўнса, Каримов давридагидек халқ бугуни билан яшай бошлайди, келажакни бўлса мамлакатдан кетишда кўради... Бундан ҳаммамиз ютқазамиз.

Комментарии

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети