Мобильное приложение Xabar.uz для Android устройств. Скачать ×

Мустаҳкам Тангриёрова

Оққан дарё оқаверади. 

Давлат раҳбарлари салобати, тиллақошли онахон, ош излаган меҳмонлар – Регистон ансамбли гидлар бўлими бошлиғи Аслиддин Сафаров билан суҳбат

Давлат раҳбарлари салобати, тиллақошли онахон, ош излаган меҳмонлар – Регистон ансамбли гидлар бўлими бошлиғи Аслиддин Сафаров билан суҳбат

Фото: Президент матбуот хизмати

(1-қисм)

Регистонга боши эгик одам келганда ўз-ўзидан қаддини ростлайди, юксакликка боқади. Миноралар шунга ундайди. Бу даргоҳда сарбаландлар ҳам беихтиёр энкаяди. Бошини эгмаса пешанаси пастак дарича пештоқига урилади. Ишоралар, ҳикматлар... Қадамжода ишлаган ҳар бир ходим истаса-истамаса ана шу сирли дунёни ҳар куни туйиб яшайди.

Аслиддин Сафаров 18 йилки Регистонда ишлайди. У Ургутнинг Қоратепа қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Қўзичи қишлоғидан. Самарқанд давлат университетининг тарих факультетини битирган.

– Аслиддин, ўтган йили Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний, улар ҳамроҳлигида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Регистонга ташрифида сиз гидлик қилдингиз. Давлат раҳбарлари экскурцияси қайси жиҳатлари билан фарқ қилади?

–   Очиғи, оддий экскурциялардан мутлақо фарқ қиладиган ҳолат. Экскурция ўзбек тилида олиб борилади. Таржимон ўзбек тилидан ўгиради. Оддий экскурцияларда айтиладиган бир неча жумлани битта гапда айтишингиз лозим. Қисқа, лўнда тушунарли! Биринчидан, таржима ҳам вақтни олади. Дейлик, Регистонда экскурция вақти 40 дақиқа деб белгиланса, табиийки бу муддатнинг ярмида таржимон ишлайди. Демак, сўзларни, одатдаги 40 дақиқалик экскурциядагидан икки бараварга қисқартириш ва айни вақтда мазмунни ҳам сақлаш лозим бўлади.

Гид гапираётган деталлар тингловчи кўраётган, кўз ўнгида бўлиши шарт. Ундан кейин, расмий доира кишиларнинг вақти тиғизлиги экскурция давомийлигини қатъий бир тартибга солади. Энг муҳими, ўзини йўқотиб қўйиши мумкин бўлмаган, тажрибали, билимли гидлар давлат раҳбарларига хизмат қилади. Чеҳра очиқ бўлиш баробарида оғир-босиқлик билан уйғунлашиши муҳим. Ундан кейин, ташриф буюрган давлат раҳбари юртидаги анъаналар ва ўзига хосликлар ҳам ҳисобга олинади. Масалан, Қатар амири учун талаблардан бири гид эркак киши бўлиши керак эди.

– Самарқанд вилоят туризм ва спорт бош бошқармаси маълумотига кўра, шаҳарда 800 дан ортиқ гид бор. Шунча гид ичидан Сиз қандай танландингиз?

– Барча гидлар орасида катта танлов ўтказилди десак хато бўлар. Гидларимизнинг қандайдир қисми бошқа бир тилда иш олиб боради. Хотин-қиз гидларимиз ҳам кам эмас. Лекин, чертиб-чертиб танлашгани бор гап. Ўша куни 28 май эди. Якшанба куни. Айни мавсум қизиган пайт. Гидларнинг кўпчилиги банд, униси у ёққа экскурцияга, буниси бошқа ёққа гуруҳи билан жўнаган. Шу куни, туғилган куним ҳам. Уйда фарзандларим кутаяпти. Хуллас, 7-8 нафар гид тўпландик.

Бунақа катта экскурцияга гидлик қилиш танловида қатнашишнинг ўзи кимларнидир эсанкиратиб ҳам қўяди. Юқорида айтдим, ишнинг ўзига хослигини. Бу одамдан жасорат талаб қилади. Гарчи қилаётган ишингиз ҳар кунгидек кўринса ҳам, ёнингиздаги инсон дунё назарига тушган, ҳар бир ҳаракатингиз камералар объективида муҳрланаяпти, ҳар бир сўзингиз диққат билан тингланаяпти. Шуни тасаввур қилишнинг ўзи қайсидир ҳамкасбимизни ҳаяжонга солиши мумкин. Гид руҳий жиҳатдан ҳам тайёр бўлиши керак. Танловга келганларнинг ҳаммаси Президент ва Қатар амирига гидлик қилгиси келади. «Экскурцияга чиқсаму, нотўғри гапириб қўйсам ёки ноқулай аҳволга тушиб қолсам нима бўлади?» деган истиҳолани айтганлар ҳам бўлди. Мен 2022 йилда ШҲТ саммити кунларида Эрон Президенти, вазирликлари ва админстрацияси учун Регистонда бир неча экскурция ўтказган эдим. Шунданми, хотиржамроқ эдим.

Тўпланган гидлар бирин-бирин саволга тутилиб навбат менга келди. Биринчи савол «Ўзбекчани биласизми?» Ўзи ўзбек тилида гидлик қиладиган номзодлар келган бўлса... Савол шу тарзда қўйилиши билан, афтидан, мендаги хотиржамлик текширилди. «Ҳа» дедим ҳеч бир таажжубсиз. Меъморий ёдгорликларимизда бир қарашда нақш бўлиб кўринган Қуръон суралари, ҳикматларнинг ҳам ўзига хос тарихи бор. Улар жойлаштирилиш ўрни ҳам тасодифий эмас. Шу ҳақдаги саволларга менинг жавобим тайёр эди. Кўп йигитларимиз экскурцияларда шу маълумотларга эътибор бермай ўтиб кетган экан. Улар жавоб беролмаган маълумотларни вақтида менга устозларим уқтирган эдилар.

Шундан кейин, Регистон майдонида экскурциямни кўришди. Тасаввур қилинг, 20-30 киши қараб турсаю, сизни текшириб турган одам савол берса. 2 та савол берилди. Аслида экскурция жараёнида саволга ўрин қолдирмай ишни якунлаш керак. Барибир, ҳали етиб келмаган давлат раҳбарлари салобати босаркан-да. Қайта-қайта машқлар, ички хотиржамликни руҳиятимга сингдириб бориб, 5 июнь ҳам етиб келди. Экскурция вақтида мен ичимдаги ҳаяжонни тамоман енгиб бўлган эдим. Белгиланган меъёрлар асосида икки давлат раҳбари олдида боболаримиз қолдирган буюк мерос, ўзбек халқининг фахри бўлган Регистон ҳақида гапирар эканман, Қатар амири кўзларидаги ҳайратни ҳам илғар, овозим янада дадилроқ чиқаётганини ҳам ҳис этар эдим. Ана шу сурурни ҳеч қачон унутмасам керак.

– Оддий сайёҳлар орасида обидаларимиз, удумларимиз ошиғи бўлганларини қандай эслайсиз?

– 2007 йилда Самарқандга ташриф буюрган япониялик онахон Миссава Казуко билан  кечирган саргузаштларни ҳеч унутолмайман. 77 ёшли аёл индивудуал сайёҳликни истади. Ҳали саёҳат бошланмасдан, жума куни сумкалари, пулларини йўқотиб қўйган, қаерда йўқотганини ўзи ҳам эслолмас эди. Инглиз тилида гапиролмайди, лекин камроқ тушунади. Мен элчихонага мурожаат қилсак, паспорт қилиб беради деганимда, у вақтини йўқотмоқчи эмаслиги, тарихни тезроқ кўрмоқчи эканини айтди. Хўп, Самарқанддни кўрсатдим. Паспорт бўлмаса, самолётга ҳам, поездга ҳам чипта ололмайсиз. Августнинг иссиғида жамоат автобусида Бухорога, Хоразмга боришни тасаввур қилаверинг. Онахон эса ҳайратланишдан чарчамайди.

Самарқандга қайтганимизда янги саргузаштлар бошланди. Ҳали паспорт тайёр бўлмаган. Ургутга ўзим яшайдиган қишлоққа олиб бордим. Август ойи – тўй мавсуми. Битта тўйга олиб борган эдик, шу билан тўйларимиз шайдоси бўлиб қолди. Сайёҳларни миллий кийимларимизда кўришга ўрганиб қолганмиз. Лекин, онахон ҳар тўйга борар экан келин киядиган нақшинкор кийимни кияди, пешанасига тиллақошни тақади-да, келиннинг ёнига ўнг янга бўлиб ўтириб олади. Уларга тушунтирмоқчи бўламан, қишлоқдошлар «қўяверинг» дейишади. Ҳар гал тўй ҳақида хабар келганда менга «Сен ўз ишингини қилавер, ўзим бораман, фақат совға олиб келиб бер» деб пул беради. «Тилни билмайсиз, қандай гаплашасиз» десам, «Бу ерда тил билиш шарт эмас» дейди. Гиламми, катта одеяломи,  олиб бераман. Совғани олиб чиқиб кетади. Бутун қишлоқ онахонни таниб қолди. Таксичилар, мухлислар қаерда тўй борлигини олдиндан айтишади, олдимиздан ўтиб олиб кетишади. Онахон биздаги осойишталик, самимият ва меҳмондўстликни тушуниб етган эди. Қизиғи, узоқ қишлоқдан келиб онахонни таклиф қилиб кетган тўйчилар орасида мен умримда кўрмаган, танимаган одамлар ҳам бор эди... Паспорт тайёр бўлганда билетни олиб Ватанига жўнатдик.

Келгуси йили августининг оддий кунларидан бири эди. Регистонда навбатдаги экскурциямни тугатиб бўлганимда, бир шляпали аёл мен томон қучоқ очиб келаяпти.  Қарасам, ўша япон онахон. Меҳмонхонага олиб бориб жойлаштирайлик десак, «Менга меҳмонхона керакмас, уйингга бораман» дейди. Регистрация учун меҳмонхона зарур дейман. Тунда меҳмонхонада қолади. Эрталаб яна қишлоққа йўл оламиз. Қишлоқда бир-икки тўйни ўтказгач, Бухоро, Қорақалпоғистон тўйларига ҳам олиб бордим. Қозоғистон, Қирғизистон тўйларини ҳам бирга кўрдик. Лекин, барибир Самарқанд уларга ўзгача ҳайрат уйғотишини такрорларди.

– У инглиз тилини дуруст тушунмаса, сиз япон тилига ихтисослашмагансиз. Мулоқотларингиз қандай бўлди?

Ўшанда япон тилли гидлар банд эдими, бори ҳам ҳужжатсиз ва ёши улуғ онахон билан овора бўлиб қолишни истамадими, билмадим, япон хонимга ҳамроҳлик қилиш менинг чекимга тушган эди. Ҳа, инглиз тилини унча-мунча тушунмас эди ва такрор-такрор айтиб, қўл ишоралари билан англатадиган бўлдим. Энг муҳими, ўзбекча сўзларни ҳам тушунадиган бўлди.

Аёл шу ёшида «Казуко» деган фармацевтик компаниянинг президенти экан. Ўғиллари телефон қилиб «Онам сен ҳақингда ажойиб гапларни айтди. Онам Самарқандга шунчалик боғланиб қолдики, августни, тўй мавсумини шунчалар кутдики» деди. Бир қизи врач, бир қизи фармацевт, мен билан гаплашган ўғли эса бизнесмен экан. У мени Японияга таклиф қилиб, бу ерда ўқийсан, биз билан яшайсан деди. Лекин, Самарқанддан бир неча йилга бўлса ҳам узоқ бўлиш, нима десам экан, мен учун эмас...

– Совет даври идеологияси сайёҳчилигимизга ҳам таъсири бўлгани сир эмас. Дейлик, меҳмонхоналарда Қуръон китоби, жойнамозни кўриш мумкин бўлмаган даврларни бошдан кечирдик. Ҳатто 15-20 йил муқаддам ҳам шундай эди. Мусулмон давлатларидан келган сайёҳлар билан боғлиқ ўзига хос воқеалар ҳам биз учун қизиқ.

Муборак рамазон ойи эди. 2018 йилнинг рамазони май-июнга тўғри келганди. Кун иссиқ, рўзачилик. Ҳавонинг тафти бироз пасайишини кутиб, ифторга яқин вақтда мажмуадан чиқдим. Майдонда 2-3 нафар сайёҳ мустақил айланиб юрган экан, мени тўхтатиб сўрашди: «Ифторликда қаерда овқатлансак бўлади, яъни ҳалол маҳсулотлардан тайёрланган таомлар қаерда?» Самарқандда ҳамма жойда ҳалол овқатлар тайёрланишини айтдим. Кейин «қаердадир Самарқанд оши бор экан» дейишди. Самарқандда ош қилинадиган жойлар кам эмас. Бирор таомхонагача кузатиб қўяй десам, оғизочарга кечикаман. Уйда кутишаяпти, қишлоқдан онам келган. Шу  топда ёдимга тушди, уйда ҳам ош қилиняпти! «Хоҳласангизлар, кетдик бизникига». Йигит ҳайрон. Ёнидагилари онаси ва аёли экан. Аввалига иккилангандек бўлди. Бизда меҳмондорчилик оддий ҳолат эканини айтдим.

Индонезиялик йигитнинг исми Ҳасим Раҳмон экан. Онам, аёлим, болаларим очиқ чеҳра билан кутиб олишганида бегоналик ҳисси чекинди. Ош сузиб келинганда йигит «Биз ошни қўлда есак» деди. Бизда ҳам шундай дедим. Янада эркинроқ бўлишди. Ошни едик, хурсанд бўлишди. Индонезияга қайтгач, бу гапни фейсбук тармоқларига тарқатибди. Ҳафтага бир марта Индонезиядан Тошкентга рейс бўладиган бўлса, Самарқандга келган индонезияликлардан, бўлмагандан биттаси сизникида ош есак дейдиган бўлди. Ўзимиз шаҳарда «дом»да яшаймиз. Бир-икки марта Ош марказига олиб бордим. Шундан кейин ҳам улар хонадонда бўлгилари келаверади. Ҳа, бир тоифа сайёҳларни оилавий муҳит, хонадондаги ошхона, ичкаридаги урф-одатлар кўпроқ қизиқтиради. 

Шундан кейин қишлоқда, Ургутнинг баҳаво қишлоғида яшаймиз, меҳмон уйи очдик. Яқинда ҳам Индонезиядан бир онахон келди. Энг яхши меҳмонхона ва гид учун фирмага олдиндан пул тўлаб қўйган бўлса ҳам икки кун бизнинг меҳмонимиз бўлдилар. Туризмда қуйидаги ҳолат кўп кузатилади: Бир жой ёқиб қолдими, такрор ва такрор шу манзилга келишади. Масалан, америкалик сайёҳимиз бор эди, бир неча йил кетма-кет келиб дам олиб кетди. Кореялик туристимиз ҳар йили Ўзбекистонга келганда худди ака-укасининг уйига келгандек кириб келади.

– Бу қонуний жиҳатдан мустаҳкамланган бўлса керак.

Албатта. «Меҳмон уйлари» деган нарса кенг йўлга қўйиляпти. Бунда сайёҳга иккита хона ажратилиб беради, сайёҳ ҳам, хонадон эгалари ҳам битта ҳовлида яшайверади. Хоҳласа, оила билан бирга овқатланади. Кўпчилик туристлар шунга қизиқиб келишади. Ургутдаги «Меҳмон уйи»мизда хорижлик сайёҳ бир кеча-кундуз қолиши учун етарли шароит яратилган. Бу ерда табиатдан баҳра олиши, удумларимиз билан танишиши қаторида нонуштадан тортиб тушлик ва кечки овқатлари билан ҳам сийланади. Хоҳлашса, ўзлари тайёрлаб ейишлари ҳам мумкин. Баҳор кунлари эса маҳаллий туристларимиз кўпайиб кетади. Ташкилий ишларни бошқариш яқинларимга юклатилган. Мен асосий ишимдан чалғимайман.

– Аслиддин, биринчи экскурцияни эслайсизми?

Ўшанда 4-босқичда ўқийман. 2004 йилдаги гап бу. Фазлиддин Фахриддинов деган устозимиз бор эди, чақиртирди.  Самарқанд давлат тиббиёт коллежи қизлари учун гид керак экан. Қирқта талаба қиз. Тасаввур қилинг, шунча қиз ичида бир ўзим ва мен экскурциячиман. Яна гуруҳни шаҳар бўйлаб бирга олиб юриб, бир неча объектда маълумот бериш керак. Бир вақтнинг ўзида шунча кишининг психологиясини ўрганиш қийин. Экскурция қилаётган вақтда тингловчиларинг кўзига қараш керак деб ўргатишган. Бошида қақажон қизлар менинг психологиямни ўрганаётгандек бўлди. Агар тингловчи  эътиборсизлик қилиб, ўзаро гаплашса ёки бошқа бир  томонга чалғиса бу унинг эмас, балки гиднинг айби ҳисобланади. Ўша қизлардан бир-иккитаси ҳазил-ҳузулга ўтди, уларнинг кайфиятини ҳам обидалар файзидан деб,  мавзуни ёдгорликларимиз тарихига бурдим. Шунда Самарқанд ҳақидаги ривоятлар қўл келди. Хуллас, Шоҳи Зиндадан бошланган экскурция Улуғбек расадхонаси, Бибихоним масжиди, Регистон ансамбли ва Гўри Амир мақбарасигача давом этди. Экскурция тугаганда елкамдан тоғ ағдарилгандек енгил бўлгандим.

(Суҳбатнинг кейинги қисмида ҳам қизиқарли маълумотлар билан танишасиз)

Мустаҳкам Тангриёрова

Комментарии

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети