«Бу савоб ишнинг ажру мукофоти жуда улкан» — Шавкат Мирзиёев

Шавкат Мирзиёев Қашқадарёга ташрифи чоғида оилавий болалар уйи ташкил этган ота-оналар — Ҳусан Холлиев ва Гулбаҳор Хонимова, Шокир Суюнов ва Гулбаҳор Ҳамидова, Бахтиёр Тўраев ва Гулбаҳор Алланазарова оилалари билан учрашди.
Қашқадарё вилоятида биринчилардан бўлиб, Китоб туманидаги 5-сон ва Қамашидаги 4-сон Меҳрибонлик уйлари ёпилди. У ерда тарбияланганларнинг бир қисми яқинлари бағрига қайтган бўлса, бир қисми оилавий болалар уйларига қабул қилинган.
«Давлатимиз сиёсатини амалга ошириб, болаларнинг бошини силаб, оилангиз бағрига олганингиз учун сизларга таъзим қилиб, раҳмат айтаман. Сиз ўзлигимизни, халқимиз маънавиятини намоён этиб, намуна бўляпсиз. Бу қийин, буни ҳамма ҳам тушунмаслиги мумкин. Лекин бу савоб ишнинг ажру мукофоти жуда улкан. Сиз тарих яратяпсиз, ўзингизга маънавий ҳайкал қўйяпсиз. Халқимиз бундай олижаноб фазилатларни юксак қадрлайди», деди Шавкат Мирзиёев.
«Ҳаёт ўнқир-чўнқир, синовлардан иборат. Ҳозир сизлар учун синов. Лекин, мен ишонаман, келажакда тенгдошларингга ўрнак бўласизлар. Меҳнат, машаққатсиз муваффақиятга эришиб бўлмайди. Мен ҳам болалигимда қийинчилик кўриб, катта бўлганман. Сизлар ҳар доим давлатимизнинг эътиборида бўласиз: таълим-тарбиянгиз, ўқишларга киришингизни назоратга оламиз. Худо хоҳласа, камолингизни кўриш ҳаммамизга насиб этсин», дея давлат раҳбари болажонларга ҳам далда берди..
Қашқадарё вилоятида жами 16 та оилавий болалар уйлари ташкил этилган бўлиб, уларда 98 нафар ўғил-қиз меҳр оғушига олинган. Президент ушбу оилаларга ҳам миннатдорлик билдирди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter