Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ЕИ–Марказий Осиё: Самарқанд анжуманида қандай масалалар муҳокама этилади?

ЕИ–Марказий Осиё: Самарқанд анжуманида қандай масалалар муҳокама этилади?

ЕИ элчиси Ш.Адриан ва Европа ташқи ҳаракатлар хизматининг юқори мартабали вакили Л.Девинь.

Фото: Xabar.uz

Жорий йил 17-18 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Европа Иттифоқи ва Марказий Осиёнинг вазирлар даражасидаги учрашуви ҳамда Марказий Осиё билан ўзаро алоқадорлик бўйича ЕИнинг биринчи минтақавий анжумани ўтказилади. Бу ҳақда Европа ташқи ҳаракатлар хизматининг Шарқий ҳамкорлик, Россия, Кавказ ва Марказий Осиё бўйича бошқарувчи директори ўринбосари Люк Девинь Тошкентда 15 июль куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилди. Тадбирда ЕИнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари, элчи Шарлотта Адриан хоним ҳам иштирок этди.

Л.Девиннинг маълум қилишича, Самарқанд анжуманида рақамли робиталарни такомиллаштириш, транспорт тармоғини ривожлантириш ҳамда қишлоқ хўжалиги ва энергетика каби уч муҳим масала муҳокама этилиши кутилмоқда. Эътиборга молик жиҳати, анъанавий равишда ўтказилаётган ЕИ – Марказий Осиё вазирлар даражасидаги учрашувда минтақа давлатларининг ташқи ишлар вазирлари қаторида ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили – Европа комиссияси президентининг ўринбосари Жозеп Боррель ва ЕИнинг халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Ютта Урпилайнен қатнашади.

Марказий Осиё билан ўзаро алоқадорлик бўйича Самарқанд анжумани ЕИнинг 2021 йил декабрь ойида қабул қилган «Глобал дарвоза» номли янги стратегияси доирасидаги ўзаро алоқадорлик бўйича илк минтақавий машваратдир.

2019 йилда ЕИ Марказий Осиё бўйича янги стратегияни тасдиқлаган.

Янги стратегия Марказий Осиёда барқарорлик, фаровонлик ҳамда қонун устуворлигини қўллаб-қувватлаш, хусусий секторни ривожлантириш, сармояларни жалб этиш ҳамда минтақавий робиталарни янада мустаҳкамлашга қаратилган. Самарқанд анжумани мазкур стратегияда кўзда тутилган мақсадларини ҳаётга татбиқ этиш бўйича мулоқот майдони вазифасини ҳам ўтайди.

«Биз ушбу анжуман амалий аҳамият касб этиши, унинг доирасида жонли-манфаатли муҳокамалар ўтиши тарафдоримиз. Шу боис унга нафақат Марказий Осиё ҳамда ЕИнинг расмий доиралари, балки улкан сармоя имконига эга бўлган хусусий сектор ва халқаро молия тузилмалари вакилларини ҳам таклиф этиб қоламиз», – деди Европа ташқи ҳаракатлар хизматининг юқори мартабали вакили Люк Девинь брифингда.

Қайд этилишича, ЕИ делегацияси анжуманга тайёргарликни муҳокама қилиш мақсадида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, Ташқи ишлар, Инвестициялар ва ташқи савдо, Транспорт, шунингдек, Инновацион ривожланиш вазирлари ўринбосарлари билан учрашди. Самарқанд машварати ўзаро муносабатларни янги ўзанга солишда муҳим ўрин тутиши кутилмоқда.

Жаноб Девинь матбуот анжуманида жорий йил 6 июль куни Брюссель шаҳрида имзоланган Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг (КШҲТБ) аҳамиятига ҳам тўхталди.

Аввал хабар берганимиздек, 1996 йилда имзоланган амалдаги битим ўрнига ишлаб чиқилган янги ҳужжат ўзаро робиталарни янги босқичга олиб чиқиши кўзда тутилган.

«Кундек равшанки, ўтган 20 йилдан ошиқ вақт ичида дунё, ЕИ ва Ўзбекистон ўзгарди. Бу эса ўзаро муносабатларни тартибга солувчи ҳужжатни қайта ишлашни тақозо этди. Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги янги битим инсон ҳуқуқлари, хавфсизлик сиёсати каби анъанавий масалаларлан тортиб савдо-тижорат, божхона, саноат, озиқ-овқат стандартлари, интеллектуал мулк, рақобат қоидалари, давлат хариди, рақамли иқтисодиёт, таълим, илмий тадқиқотлар, спорт, соғлиқни сақлаш, маданият каби каби кенг кўламли йўналишларни қамраб олади. Ишончим комилки, ушбу битим янги форматдаги ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдеворга айланади», – деди Л.Девинь.

Кейинги вақтларда ЕИ Марказий Осиё билан алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Жумладан, 2021 йил 5 ноябрь Қирғизистон пойтахти Бишкекда ЕИ – Марказий Осиё иқтисодий форуми бўлиб ўтди. Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен форум иштирокчиларига йўллаган видеомурожаатида минтақа иқтисодиётини тиклаш масаласига эътибор қаратди.

Ўтган йил 22 ноябрь куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган 17-вазирлар учрашувида ҳам ҳамкорликнинг муҳим масалалари муҳокама этилган.

Эслатиб ўтамиз, ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель 2021 йил июль ойида Тошкентда ўтган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро анжуманда қатнашган ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашган эди.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг