Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мирзиёев Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан кўптомонлама ҳамкорлиги қандай ривожланаётгани ҳақида тўхталди

Мирзиёев Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан кўптомонлама ҳамкорлиги қандай ривожланаётгани ҳақида тўхталди

Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 27 июнь куни Минск шаҳрида бўлиб ўтган Евроосиё иқтисодий кенгашининг йиғилишида иштирок этиб, нутқ сўзлади.

Ўзбекистон етакчиси нутқ аввалида самимий қабул Беларусь президенти Александр Лукашенкога миннатдорлик билдирди.

Шунингдек, жаҳон иқтисодиётида вужудга келаётган мураккаб вазиятга баҳо бериб, протекционизм ва санкциялар сиёсатининг кучайиши, савдо-логистика занжирларининг бузилиши ва хорижий шерикларнинг инвестициявий фаоллиги қисқариб бориши оқибатларининг салбий таъсири Ўзбекистонда ҳам ҳис қилинаётганини таъкидлади.

«Бизнинг табиий ва анъанавий шерикларимиз бўлган Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш ташқи иқтисодий сиёсатимизнинг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлаб ўтмоқчиман.

Фурсатдан фойдаланиб, жорий йил бошидан буён Ўзбекистонда бўлиб ўтган «Иннопром. Марказий Осиё» халқаро саноат кўргазмаси ва тўртинчи Тошкент инвестиция форумини қўллаб-қувватлагани ва уларнинг ишида делегацияларингиз фаол иштирок этгани учун барча ҳамкасбларимга миннатдорлик изҳор этаман.

Ушбу тадбирлар якунида муҳим келишувларга эришилди, кооперация бўйича янги йўналишлар ва истиқболли лойиҳалар белгиланди. Биз мамлакатларимизнинг янада кўпроқ етакчи компаниялари ва молиявий гуруҳларини жалб этган ҳолда, ушбу ҳамкорлик майдончаларини кенгайтиришни режалаштирмоқдамиз», – деди Мирзиёев.

Ўзбекистон етакчиси йиғилганларга мамлакатнинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан кўптомонлама ҳамкорлиги қандай ривожланаётгани ҳақида ҳам қисқача маълумот бериб ўтди.

«Кузатувчи давлат мақомидаги тўрт йиллик ҳамкорлик даврида Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари билан ташқи савдо айланмаси 80 фоизга ўсди ва ўтган йил якуни бўйича 18 миллиард долларни ташкил этди. Шуни мамнуният билан таъкидламоқчиманки, савдо операциялари номенклатураси, авваламбор, саноат маҳсулотларини етказиб бериш ҳисобидан кенгаймоқда. Қўшма корхоналар ва лойиҳалар сони уч баробар ўсди.

Жорий йилнинг март ойида Қўшма ишчи гуруҳининг тўртинчи мажлиси муваффақиятли ўтказилиб, унинг якунида техник тўсиқларни босқичма-босқич бартараф этиш, саноат кооперациясини чуқурлаштириш ва ишбилармонлик ташаббусларини рағбатлантириш бўйича келишилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Биз 40 та аниқ чора-тадбирни қамраб олган, уч йилга мўлжалланган янги режани амалга оширишга киришдик.

Ўзбекистон, шунингдек, Евроосиё иқтисодий иттифоқининг муҳим ташаббусларида, жумладан, «Евроосиё агро экспресс», электрон савдони ривожлантириш, юкларни ташишни рақамлаштириш ва иқлим масалалари каби лойиҳа ва дастурларда фаол иштирок этмоқда.

Апрель ойида барча тартиб-таомилларни якунига етказдик ва Евроосиё тараққиёт банкини таъсис этиш ҳақидаги битимга қўшилдик. Банк билан ҳамкорликда инфратузилмани модернизация қилиш, металлургия, тўқимачилик, кимё соҳалари ва бошқа стратегик тармоқларда истиқболли лойиҳалар портфели ишлаб чиқилмоқда», – деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, ЕОИИ билан шерикликни янада ривожлантиришнинг муҳим йўналишлари кўрсатиб ўтилди.

Унга кщра, ўзаро савдо айланмасини кенгайтириш учун қулай шароитларни шакллантириш муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон мамлакатлар ўртасидаги эркин савдо ҳудуди фаолиятини таъминлаш билан боғлиқ барча келишувларни тўлиқ ҳажмда бажармоқда.

Савдо операциялари тартиб-таомилларини соддалаштириш ва техник тартибга солиш тизимларини яқинлаштиришга қаратилган Ўзбекистон томонининг қатор таклифлари экспертлар томонидан ўрганиб чиқилишини тезлаштириш зарур.

«Биз, шунингдек, савдони қўллаб-қувватлашда техник тартибга солишнинг рақамли тизимлари ва Иттифоқнинг рақамли транспорт йўлаклари экотизими, Евроосиё қайта суғурталаш компанияси каби восита ва механизмларга қўшилишдан манфаатдормиз. Бу бизнинг бизнесимиз учун шароитни сезиларли даражада енгиллаштиради, мамлакатларимизнинг товар бозорларига ўзаро киришида қулай имкониятларни таъминлайди.

Замонавий ахборот технологиялари ва сунъий интеллект жадал ривожланиб бораётганини ҳисобга олиб, рақамлаштириш соҳасида кўптомонлама ҳамкорлик қилиш истиқболга эга, деб ҳисоблаймиз.

Электрон савдо, маҳсулотларнинг рақамли маркировкаси, янги авлод логистика платформаларини яратиш, аниқ тармоқларда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича йўналишларни қамраб олган алоҳида дастур қабул қилишни таклиф этамиз.

Шунингдек, Ўзбекистон ўтказиш пунктларининг ягона интеграллашган ахборот тизимида иштирок этиш имконига эга эканини ҳам таъкидламоқчиман. Бу, энг аввало, чегаралардан ўтишни тезлаштириш, мониторинг самарадорлиги ва барча жараёнлар шаффофлигини таъминлаш имконини беради.

Техник жиҳатдан биз бундай лойиҳаларда фаол иштирок этишга тайёрмиз.

Кооперация алоқаларини ривожлантиришни рағбатлантириш учун кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича ишга туширилган дастурлар, жумладан, Евроосиё иқтисодий иттифоқи Ишбилармонлик кенгаши билан қўшма чора-тадбирлар доирасида амалий ҳамкорликни кенгайтиришни таклиф этамиз.

Саноат соҳасидаги лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш механизми ҳамда саноат кооперацияси ва технологиялар трансфери бўйича Евроосиё тармоғи платформаси имконияларидан фойдаланишдан манфаатдормиз.

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг ҳамкорлиги учун имкониятларни кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқишда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимдир. Бу ўринда сўз, аввало, Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари билан агрокооперация дастурини қабул қилиш ҳақидаги ташаббусимизни амалга ошириш ҳақида бормоқда. Ушбу дастур илғор технологияларни жорий этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳаракатланиши тартибларини соддалаштириш, «яшил» йўлакларнинг самарали фаолияти ва уларни кенгайтиришни назарда тутади.

Евроосиё иқтисодий иттифоқидаги ҳамкорларимиз билан биргаликда меҳнат ресурслари тартиб-таомилларини соддалаштириш ва сафарбар этилишини ошириш бўйича фаол иш олиб боряпмиз. Шу муносабат билан меҳнат бозорида талаб катта бўлган соҳаларда профессионал стандартлар ва малака талабларини яқинлаштириш масалалари бўйича экспертлар маслаҳатлашувларини ўтказишни таклиф этамиз.

Агар ҳамкасбларимиз қўллаб-қувватлашса, биз Ташкилот доирасида жорий этилган «Чегара билмайдиган иш» интеграциялашган платформасига ҳам қўшиламиз», – деди Ўзбекистон етакчиси.

Шавкат Мирзиёев сўзини якунлар экан, мамлакат Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасида амалий ҳамкорликни кенгайтиришга содиқ эканлигини яна бир бор тасдиқлади.

Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг юқорида таъкидлаб ўтилган кўптомонлама дастур ва лойиҳаларда иштирок этиши иқтисодий шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини ва бугунги шароитда мамлакатларнинг барқарор ривожланишига имкон беришини таъкидлаб ўтди.

Манба: president.uz

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг