Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон–Туркия: олий даражадаги кенгаш йиғилиши қачон ўтиши маълум қилинди

Ўзбекистон–Туркия: олий даражадаги кенгаш йиғилиши қачон ўтиши маълум қилинди

Олий даражадаги Ўзбекистон–Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши жорий йил июнь ойида Анқара шаҳрида ўтказилиши кутилмоқда. Бу ҳақда мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси раиси Нўъмон Қуртулмуш «Дунё» ахборот агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.

Қайд этилишича, Анқарада ўтадиган олий даражадаги машваратда шу вақтга қадар имзоланган келишувлар ва уларнинг ижроси кўриб чиқилади. Шунингдек, истиқболдаги икки томонлама мақсад ва вазифалар баён қилинади.

Тошкентда ўтказилган музокаралар натижасини ижобий баҳолаган Нўъмон Қуртулмуш бу борада икки давлат раҳбари ўртасидаги яқин дўстлик муҳим аҳамият касб этишини урғулаган.

«Музокараларимиз ишчанлик руҳида ўтди, дейишга барча асосларимиз бор. Зотан, Ўзбекистон ва Туркия ўртасида барча соҳаларда мамлакатларимиз тараққиёти ва халқларимиз фаровонлигини оширишга қаратилган яқин дўстона муносабатлар ўрнатилган. Бугунги кундаги алоқаларимизни қардошликдан ҳам юқори дея оламиз, чунки кўплаб масалаларда ҳамфикрмиз. Президентлар Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва Шавкат Мирзиёев ўртасида қардошларга хос ва яқин дўстлик ришталари ўрнатилган. Уларнинг ўзаро мулоқотлари ва учрашувларида мавжуд масалалар жуда осон ечим топмоқда», – дейди Туркия қонунчилик идораси раҳбари.

Сиёсатчига кўра, ҳозирда давлатларимиз ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси 3 миллиард АҚШ долларидан кўпроқни ташкил қиляпти. Яқин истиқболда ушбу кўрсаткични 5 миллиард долларга, келажакда эса 10 миллиард долларга етказиш режалаштирилган.

Аввал хабар берганимиздек, 22 май куни президент Шавкат Мирзиёев Туркия парламенти раиси Н.Қуртулмуш бошчилигидаги делегацияни қабул қилган эди.

Маълумот ўрнида, давлат раҳбарлари иштирокидаги стратегик ҳамкорлик кенгаши йиғилишида муҳим масалалар муҳокама этилади. Масалан, кенгашнинг иккинчи йиғилишида долзарб масалалар кўриб чиқилган ва Ўзбекистон–Туркия ҳамкорлигини янада кенгайтиришга қаратилган 9 та ҳужжат имзоланган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг