Президент Бокуда Камбоджа ва Вьетнам делегациялари билан учрашди
Боку шаҳрида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш саммити доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Камбоджа Қироллиги Бош вазири Хун Манет билан учрашув ўтказди.
Икки мамлакат ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Тизимли сиёсий мулоқотни йўлга қўйиш, парламентлараро, маданий-гуманитар ва сайёҳлик йўналишларидаги алмашинувларни фаоллаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Товар айирбошлаш ҳажмини ошириш бўйича амалий чоралар кўриш, жумладан, мамлакатларнинг саноат салоҳиятини намойиш этиш учун кўргазмалар ўтказиш ва ишбилармонлик делегацияларининг ташрифларини ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар бу борада савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларидаги асосий келишувларни ишлаб чиқишни жадаллаштиришга келишиб олдилар.

Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар, хусусан, БМТ, ШҲТ, ASEAN, Қўшилмаслик ҳаракати ва бошқа тузилмалар доирасидаги яқин ҳамкорликни давом эттириш юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш саммити доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Вьетнам Социалистик Республикаси вице-президенти Во Тхи Ань Суан билан учрашди.
Икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш ва янада кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.
Учрашув аввалида Вьетнам делегацияси раҳбари Ўзбекистон етакчисига Вьетнам Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Бош котиби, мамлакат Президенти То Ламнинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Томонлар Ўзбекистон – Вьетнам муносабатлари жадал ривожланиб бораётганидан мамнунлигини таъкидладилар. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми изчил ортиб бормоқда, турли даражаларда мунтазам алоқалар йўлга қўйилган.
Нефть-кимё, электротехника ва тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.
Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter