Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қозоғистон элчиси мустақил давлат қуришнинг мураккаб синовлари ҳақида гапирди

Қозоғистон элчиси мустақил давлат қуришнинг мураккаб синовлари ҳақида гапирди

30 август Қозоғистонда муҳим саналардан бири – Конституция куни нишонланади. Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Бейбут Атамқулов «Xabar.uz» мухбири билан суҳбатда Асосий қонун қабул қилинишининг тарихий-сиёсий аҳамияти ҳақида тўхталди.

«Қозоғистон ва Ўзбекистонни қадим замонлардан буён муштарак тарихий илдизлар бирлаштириб туради, халқларимиз ҳам қардошлик ришталари ва маънавий қадриятлар орқали чамбарчас боғлангандир. Аждодларимиз кўп синов ва имтиҳонларни биргаликда енгиб ўтган, бизга эса Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаган мустақил давлат сифатида шаклланишига гувоҳ бўлиш бахти насиб этди», – дейди Қозоғистон элчиси.

Дипломат ўтган асрнинг 90-йилларида кечган Совет Иттифоқининг парчаланиши, ижтимоий ларзалар ва суверенитетнинг қўлга киритилиши каби мушкул-мураккаб синовларни ҳам икки халқ елкама-елка енгиб ўтганини таъкидлади.

1995 йил 30 август куни Қозоғистонда ўтказилган референдумда Конституция қабул қилинган эди. Элчи ушбу ҳодиса республика тараққиётида бурилиш ясаган деб ҳисоблайди.

«Қозоғистон Конституциясида инсон, унинг ҳаёти, ҳуқуқ ва эркинликлари энг олий қадрият экани фундаментал тарзда мустаҳкамланди. Ижтимоий тотувлик, сиёсий барқарорлик, халқ фаровонлиги йўлида иқтисодиётни ривожлантириш ва жамият ҳаётининг энг муҳим масалаларини демократик усуллар орқали ҳал этиш асосий тамойил ўлароқ қайд этилди. Бу жамиятимиз ва давлатимизнинг илғор тараққиёт йўлидан чинакам демократия тамойиллари руҳида ҳаракатланишида дастуриламал бўлди», – дейди у.

Дипломат Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев таклиф этган «фуқароларни тинглашга қодир давлат» концепцияси ҳам айнан Конституция тамойилларига ҳамоҳанг эканини урғулади.

Асосий қонунни ишлаб чиқишда, шунингдек, тарихий анъана ва қадриятларни сақлаб қолишга алоҳида эътибор қаратилган.

XVI аср бошларида Қозоғистон ҳудудидаги хонликда «Қосимхоннинг порлоқ йўли» («Қасым ханның қасқа жолы») деб аталган қонун-қоидалар тўплами шакллантирилган. Товкахон (1680–1718) даврида эса жамият ва раият муносабатларини тартибга солувчи «Етти низом» («Жеті Жарғы») қабул қилинган.

Қайд этилишича, Конституция ижодкорлари давлатчиликнинг шу каби тарихий тажрибасини ҳам ёдда тутган.

Қозоғистон ҳудудида асрлар мобайнида турли элатлар яшаб келган. Бу жиҳатдан Асосий қонунда барча миллат ва элатларнинг ҳақ-ҳуқуқлари мустаҳкамланиши ҳал қилувчи ўрин тутди.

«Насл-насаб, ирқ, миллат ва диний эътиқодга кўра камситишларга йўл қўймаслик тамойилининг Конституция даражасида мустаҳкамланиши муҳим аҳамиятга эга эди. Зотан, бу ўтган 30 йил давомида миллатлараро муносабатларнинг уйғун ривожланишида ишончли пойдевор бўлди. Қозоғистон юздан ортиқ этник гуруҳ вакилларининг ошёнига айланди. Дарҳақиқат, миллатлараро тотувлик ички сиёсий барқарорликнинг энг муҳим омили бўлиб, уларсиз изчил тараққиётга эришиб бўлмайди», – дейди Б.Атамқулов.

2022 йил 5 июнь куни Қозоғистонда Конституцияга ўзгартиришлар киритишга доир референдум бўлиб ўтган эди.

Шу муносабат билан мамлакат халқига мурожаат йўллаган Қ.Тўқаев конституциявий ўзгартишлар президентнинг имтиёз ва ваколатларини оширишга эмас, балки ҳокимият тармоқлари ўртасида ўзаро тийиб туриш ва мувозанат тизимини мустаҳкамлаш, барча фуқароларнинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилганини таъкидлаган.

Дипломат Б.Атамқулов конституциявий ислоҳотларни мамлакат тараққиётидаги муҳим босқич деб баҳолади.

Суҳбатдошимиз Ўзбекистонда жорий йилда ўтказилган Конституцияни ўзгартириш бўйича референдумга ҳам муносабат билдириб ўтди.

Унга кўра, конституциявий референдум Ўзбекистон халқининг сиёсий тафаккури юксалгани ва президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган ислоҳотларни тўла қўллаб-қувватлашини кўрсатди.

Элчи мулоқот якунида Ўзбекистон халқини яқинлашиб келаётган Мустақиллик куни билан самимий қутлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг