Ташқи сиёсатда қандай йўлдан кетамиз? Президент маълум қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев инаугурация маросимида сўзлаган нутқида ташқи сиёсатга алоҳида тўхталиб ўтди. Давлат раҳбари прагматик ва чуқур ўйланган ташқи сиёсат ва иқтисодий дипломатия борасидаги муносабатлар давом этишини таъкидлади.
— Энг аввало, Марказий Осиё минтақасидаги барча мамлакатлар билан яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини тобора кучайтириш бундан буён ҳам асосий мақсадимиз бўлади, — деди Шавкат Мирзиёев.
Президент Афғонистон масаласига алоҳида тўхталди ва қўшни давлат билан режалаштирилган транспорт-коммуникация лойиҳалари давом эттирилишини таъкидлади.
— Минтақамизнинг ажралмас қисми, яқин қўшнимиз бўлган Афғонистонда тинч ва осойишта ҳаётни тиклаш, бу мамлакатда иқтисодий ва гуманитар инқирозга йўл қўймаслик учун афғон халқига қўлимиздан келган барча ёрдамни кўрсатамиз.
Биз Афғонистон билан биргаликда йирик транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга оширишдан манфаатдормиз, — деди давлат раҳбари.
Шунингдек Шавкат Мирзиёев бутун дунё билан муносабатларда очиқлик сиёсати давом этишини айтиб ўтди.
— Россия, Хитой, Америка Қўшма Штатлари, Туркия, Ҳиндистон, Покистон, Германия, Франция, Жанубий Корея, Япония, Бирлашган Араб Амирликлари ва дунёнинг барча минтақаларидаги шерикларимиз билан ўзаро манфаатли ва кўпқиррали алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор берамиз.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг ихтисослашган тузилмалари, Парламентлараро иттифоқ, халқаро молиявий институтлар ва минтақавий ташкилотлар, жумладан, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий Кенгаш, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти билан кўп томонлама муносабатларни янги, амалий маъно-мазмун билан бойитамиз.
Биз – дунёга, дунё – бизга очиқ бўлиши керак. Бугунги ҳаёт, бугунги тараққиётнинг талаби ҳам аслида шу. Биз ана шу ҳал қилувчи тамойилни албатта ҳаётимиз қоидасига айлантирамиз, — деди Шавкат Мирзиёев.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter