Туркий дунё вакиллари Ўзбекистондаги президентлик сайловини баҳолади
Туркий давлатлар ташкилоти, Туркий давлатлар Парламент ассамблеяси ҳамда Озарбайжон Республикаси вакиллари Ўзбекистонда 9 июль куни бўлиб ўтган президентлик сайлови юзасидан муносабат билдирди.
Тошкентда ташкил этилган матбуот анжуманида қатнашган туркий дунё кузатувчилари овоз бериш жараёни миллий қонунчилик ва халқаро сайлов мезонларига мувофиқ ўтганини таъкидлаган.
«Сайлов профессионал тарзда, жиддий қонунбузарликларсиз, овоз бериш тартиб-қоидаларига риоя қилинган ва шаффофлик таъминланган ҳолда ташкил этилди ҳамда ўтказилди. Миссия маъмурий ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда тузилмалар томонидан сайлов жараёнига рухсатсиз аралашиш ҳолатларини аниқламади», – деди ТДТ бош котибининг ўринбосари Саъди Жаъфаров.
Ташкилот кузатувчилар миссиясига раҳбарлик қилган С.Жаъфаров Ўзбекистон халқини сайловни муваффақиятли ўтказгани билан қутлаган ва ушбу сиёсий ҳодиса туркий дунёдаги қардошлик муносабатларини янада чуқурлаштиришга ҳисса қўшишига ишонч билдирган.
Туркий давлатлар Парламент ассамблеяси кузатувчиларига бошчилик қилган Туркия Буюк Миллат Мажлиси аъзоси Халук Ипек ҳам сайлов участкалари очилишидан то овоз беришгача – барча босқичларда қонунчилик талабларига риоя этилганини урғулаган. ТуркПА вакили сайлов Ўзбекистон халқи ҳамда бутун туркий дунёга хайрли келишини тилаган.
Сайловда Озарбайжон қонун ижодкорлари ҳам кузатувчи сифатида қатнашди. Жумладан, Миллий Мажлис раисининг биринчи ўринбосари Али Ҳусайнли, Парламент комиссияси раиси Элдор Иброҳимов, «Озарбайжон–Ўзбекистон» парламентлараро дўстлик гуруҳи аъзоси Жавоншир Пошозода ва бир қатор депутатлар муҳим сиёсий воқеани кузатиб борди. Тайёргарлик, овоз бериш ва уларни ҳисоблаш жараёни билан бевосита танишган меҳмонларга кўра, сайловда халқаро меъёрларга риоя этилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter