Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Туркий Кенгаш ҳақида нималарни биламиз?

Туркий Кенгаш ҳақида нималарни биламиз?

2009 йил 3 октябрда Озарбайжоннинг Нахичеван шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига асос солинган даврдан буён у ўзининг турли даврларини бошидан ўтказди. Ҳозирда тузилмаган Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Ўзбекистон аъзодир. Венгрия кузатувчи мақомида иштирок этса, Туркманистон бетараф давлат сифатида доимий меҳмон, дея таклиф этилади.

Аслида унга қадар ҳам Туркий тилли давлатлар раҳбарлари саммити мавжуд бўлиб, унинг илк саммити 1992 йил 30 октябрда Туркия Президенти Турғун Ўзол ташаббуси билан Анқарада ўтказилган. Кейинги саммитлар Истанбул (1994), Бишкек (1994), Тошкент (1996), Остона (1998), Боку (2000), Истанбул (2001), Анталья (2006), Нахичевань (2009) шаҳарларида ўтказилди.

Нахичеван битимидан кейин ташкил этилган Кенгашнинг асосий вазифаси аъзо давлатлар ўртасида иқтисодий ва маданий алоқаларини мустаҳкамлаш, хавфсизликни таъминлаш борасида ҳамкорлик қилишдир.

Давлат раҳбарлари даражасидаги саммитлар Ташкилотнинг олий тузилмаси бўлиб, 2011 йилдан бошлаб ҳар йили бир маротаба ўтказиб келинмоқда. Ўтган йили апрелда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг ташаббуси билан видео-мулоқот шаклидаги норасмий саммит бўлиб ўтган эди. Унинг мавзуси ҳам пандемия билан курашишда ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликка қаратилган эди.

Айнан 1996 йилда Тошкентда бўлган олий даражадаги анжуманда Саммитнинг котибиятини тузишга қарор қилинган эди ва унинг қароргоҳи Истамбулда жойлашган.

Ҳозирда Кенгаш шафелигида 1993 йил 12 июлда таъсис этилган ва қароргоҳи Анқарада жойлашган Турк маданияти халқаро ташкилоти (ТЮРКСОЙ) фаолият кўрсатмоқда. У туркий халқлар ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни тиклашни, қардош халқларимиз умумий моддий ва маданий меросини келажак авлодларга безавол етказишни, ижод аҳоли ўртасида ўзаро фаол алмашувларни амалга оширишни асосий мақсади, деб ҳисоблайди.

Бундан ташқари, парламентларора алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида 2008 йил 21 ноябрда Туркий тилли давлатлар парламент Ассамблеяси ташкил этилди ва қароргоҳи Боку шаҳридан қўним топди.

Турк дунёсини тадқиқ этиш, тил ва адабиётини кенг ўрганиш, илмий ва таълим фаолиятини чуқурлаштириш бўйича халқаро илмий марказ яъни Халқаро турк академияси Нур-Султон шаҳрида Қозоғистоннинг биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбаев ташаббуси билан 2010 йил 25 майда иш бошлади.

Академия қирққа яқин илмий-тадқиқот институтлари, тарих ва маданият марказлари билан яқин алоқалар ўрнатган бўлиб, юздан ортиқ туркшунос олимлар лойиҳаларда мунтазам иштирок этиб келмоқда.

Академия қошида 5 та илмий муассаса – Тарих ва этнология маркази, Тил, адабиёт ва атамашунослик маркази, Санъат ва маданият маркази, Ижтимоий-иқтисодий тадқиқотлар марази, Халқаро тадқиқотлар маркази фаолият кўрсатмоқда.

Бундан ташқари, Озарбайжонда 2012 йил 23 августдан бошлаб, маданий тарғибот, маънавий юксалишга қаратилган лойиҳаларни илгари суриш, тарихий меросни ўрганиш мақсадида Турк маданияти ва мероси жамғармаси ҳам иш олиб бормоқда.

Жамғарма туркий тилли халқларнинг турли фестивалларини, анъанавий ҳунармадчилиги, ҳудудлардаги амалий санъатни қўллаб-қувватлашни молиялаштиради, интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилади. 

Шу билан бирга, бизнес доиралар ва тадбиркорлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга имкон берувчи Ишбилармонлар кенгаши ёрдамчи органи ҳам фаолият кўрсатмоқда. Бу биринчи навбатда, аъзо давлатлар савдо-саноат палаталари ўртасидаги яқин алоқаларни олиб бориш асосида амалга оширилмоқда. 

2014 йил 24 декабрда Киев шаҳрида Кенгашнинг Украинадаги илк минтақавий маркази ва 2019 йил 19 сентябрда эса Будапештда Туркий Кенгаш ваколатхонаси очилди. Яқин истиқболда Инвестиция жамғармаси ва Тараққиёт банкини тузилиши режалаштирилган.

Маданий ҳамкорлик – замини мустаҳкам пойдевордир

Ҳар йили умумий маданият ва адабиёт хазинасига беқиёс ҳисса қўшган буюк шахсларнинг номлари билан аташ, улар ижодини кенг тарғиб этишга жиддий урғу бериб келинмоқда.

Масалан, туркшунос олим Закий Волидий Тоғаннинг 120 йиллиги (2010), татар шоири Ғайбулла Тўқайнинг 125 йиллиги (2011), озарбайжонлик машҳур драматург Мирза Атали Охунзоданинг 200 йиллиги ва хокас туркшуноси Николай Катановнинг 150-йиллиги (2012), таниқли қозоқ бастакори Муқан Тулебаевнинг 100 йиллиги (2013), буюк туркман шоири Маҳтумқули Фироғийнинг 290 йиллиги, донгдор қирғиз оқини Тўқтағўлнинг 150 йиллиги (2014) кенг нишонланди.

Шунингдек, катта шуҳрат қозонган турк драматурги Халдун Танернинг 100 йиллиги ва хокас ҳикоянависи Семён Кадишевнинг 130 йиллиги (2015), ўрта асрлар буюк турк мутаффакири ва шоири Юсуф Балосоғунийнинг минг йиллиги (2016), Озарбайжон шоири ва давлат арбоби Мулла Панах Вагифнинг 300 йиллиги (2017), қирғиз адиби Чингиз Айтматов йили (2018) ва беназир озар шоири Насимийнинг 650-йиллиги (2019), ўтган йили эса қозоқ эли фахри Абай Кунанбаевнинг 175 йиллик байрам тантаналари кенг шодиёна қилинди.

Бу каби муҳим тадбирлар нафақат халқларимизнинг улуғ ижодкорлари қолдирган бой маънавий меросни кенг тарғиб этади, балки уларни асраб-авайлашга, чуқур ўрганишга ҳам даъват этади.

Бундан ташқари, ҳар йили қадимий ва бой маданий обидаларга эга, катта аҳамият касб этувчи шаҳарлар Туркий дунё маданий пойтахти, деб эълон қилиб келинмоқда.

Масалан, 2012 йилда Остона, 2013 йилда Эскишехир (Туркия), 2014 йилда Қозон (Россия), бир йил ўтиб Марв (Туркманистон), 2016 йилда Шеки (Озарбайжон), 2017 йилда Қозоғистоннинг Туркистон, 2018 йилда Туркиянинг Костомону, 2019 йилда Ош шаҳри бу мақомга эга бўлди. 2020–2021 йилларда эса бу мақомини Хива шаҳри қўлга киритди.

Албатта, ўтган йили мураккаб пандемия сабабли қолдирилган Хивада бунга дахлдор муҳим тадбирлар ЮНЕСКО билан ҳамкорлик жорий йилда ўтказиш кўзда тутилмоқда.

Шу маънода санъат ва адабиёт соҳасида катта ютуқларга эришаётган, турк дунёси бирдамлигига муносиб улуш қўшаётган шахсларнинг Кенгаш доирасида ғазал мулкининг султони, беназир шоир ва атоқли давлат арбоби Алишер Навоий ҳазратлари номидаги мукофотни таъсис этиш таклифи жуда ўринлидир.

Буюк бобомиз ўз даврида турк тилининг ривожи учун беқиёс ва тенги йўқ ҳисса қўшибгина қолмай, кенг минтақаларимизда яшаган урф-одати ва қадриятлари муштарак халқларнинг аҳил ва бирдамлиги, элу юртларнинг ободлиги йўлида улкан ҳисса қўшганлар. Алишер Навоийнинг ўлмас маънавий мероси, боқий ижодий ганжинаси барча халқлар учун бирдек қимматли ва ҳар қанча ардоқлаб, тараннум этса арзийди.

Қолаверса, Қозоғистоннинг бугунги саммит доирасида қадимий ва навқирон кент, улуғ аждодимиз Яссавий ҳазратлари ҳоки мангу қўним топган Туркистон шаҳрининг Турк дунёсининг маънавий пойтахтларидан бири сифатида эътироф этиш бўйича ташаббуси ва унинг барча аъзо мамлакатлар томонидан маъқулланганида ҳам чуқур рамзий маъно мужассам.

Ўзбекистон ташаббуслари ҳаётий ва долзарблиги билан ажралиб туради

Ўзбекистон тузилмага асос солинган даврда унинг нафақат фаол иштирокчиси, балки ташаббускорларидан бири ҳам бўлган эди. Бироқ турли сабабларга кўра, 2000 йиллар бошидан ўзининг иштирокини чеклади ва кейинчалик тўхтатиб қўйди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қўшни ва қардош давлатлар ва қатор минтақавий ташкилотлар билан очиқ ва конструктив ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган оқилона ташқи сиёсати Туркий Кенгаш доирасидаги алоқаларнинг ҳам ўрнатилишида ҳал қилувчи рол ўйнади.

2018 йил 3 сентябрда давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёевнинг Чўлпон-ота шаҳрида ўтказилган саммитда фахрий меҳмон сифатида иштироки бу борадаги тарихий қадам бўлди. 2019 йил 14 сентябрда Ўзбекистон Нахичеван битимини ратификация қилиб, ўша йили октябрда тузилмага расмий қўшилди.

Ўзбекистон раҳбарининг ташкилот доирасидаги саммитларда ҳар сафар иқтисодий, сармоявий, савдо-сотиқ, транспорт-коммуникация ва логистика тизимларини ривожлантириш, инновациялар, ёшларни қўллаб-қувватлаш соҳаларига оид, соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, саноат кооперациясини ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, зиёрат туризми бўйича қатор ташаббусларни фаол илгари суриб келаётгани бежиз эмас.

Чунки айнан ушбу устувор йўналишларнинг жадал тараққий этиши халқларимиз умумий фаровонлигига ва аҳолининг турмуш даражаси юксалишига хизмат қилади.

Икки йил муқаддам Тошкентда Ишбилармонлар кенгаши ва туркий тилли мамлакатлар илк Инвестиция форуми ўтказилгани ҳам шу эзгу режаларга қаратилгани билан катта аҳамиятга эга бўлди.

Ўзбекистон Ташкилотга аъзо ва 150 миллиондан ортиқ аҳолига эга барча давлатлар билан стратегик шериклар алоқаларини ўрнатган. Унда кузатувчи бўлиб қатнашаётган Венгрия билан эса куни-кеча ушбу давлат Бош вазири Виктор Орбаннинг юртимизга расмий ташрифи чоғида бу муҳим ҳужжатга қўл қўйилди.

Бинобарин, давлатимизнинг тузилмада доирасида кенг қамровли алоқаларни тобора фаоллаштириб бораётгани, долзарб ташаббусларни доимий равишда илгари суриб бораётгани, ҳали ишга солинмаган жуда катта имконият ва салоҳиятдан тўлиқ ва унумли фойдаланиш учун мустаҳкам замин яратади.

Пандемия туфайли юзага келаётган глобал иқтисодий инқироз шароитида ва ҳали-ҳануз ўтиб кетмаётган айни синовли бир даврда минтақавий ўзаро ҳамкорлик ва кўп томонлама манфаатли шериклик муносабатларининг чуқурлашуви барча учун доимо катта самара ва наф келтириши шубҳасиздир.

Дилафрўз Худойбердиева,
Марказий Осиё халқаро институти мутахассиси

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг