Бухородаги хатна тўйида халқаро кураш турнири ўтказилди (фото)
Бухоро вилоятининг Жондор туманида номдор полвон неварасининг хатна тўйида кураш бўйича халқаро турнир ўтказилди. Бош соврин — «Damas»ни сурхондарёлик полвон қўлга киритди. Бу ҳақда Xabar.uz га вилоят Спорт бошқармаси бошлиғи Ўткир Нажмиддинов маълум қилди.
Бухоролик таниқли полвон, Марказий Осиё ва Қозоғистон мутлақ ғолиби, халқаро тоифадаги спорт устаси Чори Шарипов хотирасини ёдлаб, унинг неваралари Иброҳим ва Абдураҳмон Чориевларнинг хатна тўйларига бағишлаб халқаро турнир ўтказилган. Турнирда Ўзбекистон вилоятлари ва Қорақалпоғистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистондан 500 нафарга яқин полвонлар иштирок этишган.
«Полвонлар сулоласи давомчиларининг хатна тўйлари полвонларнинг азалий урф-одатларига эҳтиром кўрсатган ҳолда ўтказилди. Турнирда 10 бош туя, 10 бош от, 10 бош йирик шохли қорамол, 50 бош майда шохли мол, шунингдек, 100 миллион сўм миқдоридаги пул мукофотлари ва бошқа қимматбаҳо совринлар қўйилди», — деди Ўткир Нажмиддинов.
Қизғин ва муросасиз кечган баҳсларда исталган тоифа ва вазндаги полвонлар ўзаро куч синашишган. Бош соврин — «Damas»ни сурхондарёлик полвон Зоҳид Ҳусенов қўлга киритган. Иккинчи ўрин ҳам сурхондарёлик полвон Муҳсин Ҳисомиддиновга насиб қилган ва у 15 миллион сўм билан мукофотланган. 3-ўринни эгаллаган бухоролик Нурбек Тўраев ҳамда қашқадарёлик Шерали Жўраевларнинг ҳар бирига 10 миллион сўмдан пул мукофотлари топширилган.
«Бунақаси ҳали бўлмаган. Машҳур полвонлар сулоласи давомчиларининг хатна тўйига бағишланган кураш беллашувлари туман марказий ўйингоҳини ларзага келтирди. Кўплаб ғолибларга турнирга қўйилган жонлиқлар ҳам топширилди. Тўйларда курашу кўпкариларни кўпайтириш керак», — деди бухоролик ғолиб Нурбек Тўраев.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter