Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фарғона ҳокими «Нефтчи» клубини жиддий танқид қилди

Фарғона ҳокими «Нефтчи» клубини жиддий танқид қилди

Фарғона вилояти ҳокими, вилоят футбол федерацияси раҳбари Хайрулло Бозоров «Нефтчи» футбол жамоаси раҳбарияти, мураббийлари ва футболчилари билан учрашган.

Танқидий руҳда ўтган мулоқотда:

  • «Нефтчи»нинг Суперлига ўйинларида яхши натижалар қайд эта олмаётгани;
  • ўйин темпи борган сари тушиб кетаётгани;
  • аксарият футболчиларнинг жисмоний ҳолати талаб даражасида эмаслиги;
  • асосан ҳимоявий ўйин тактикаси танлангани боис ҳужумкорлик йўқлиги;
  • стандарт вазиятлардан унумли фойдаланишга эътибор қаратилмагани;
  • ўйинчилар ўртасида ғалабага бўлган ишонч, жамоавий характер мавжуд эмаслиги;
  • жамоада тартиб-интизом яхши эмаслиги;
  • раҳбарият ва футболчилар ўртасида бир-бирига ишончсизлик ортиб бораётгани;
  • бош мураббий Илҳом Мўминжонов мазкур ҳолатларнинг олдини олиш учун етарлича иш олиб бормаётгани;
  • мухлислар ва ОАВ билан ишлаш, маркетинг масалалари, футболчилар ва мухлислар ўртасида қўшма тадбирлар яхши йўлга қўйилмагани;
  • матбуот хизмати талаб даражасида эмаслиги;
  • клубнинг ижтимоий тармоқларда расмий саҳифаларида етарли фаоллик йўқлиги танқид остига олинган.

«Нефтчи» футбол жамоасига Суперлигага қайтиши билан бир қатор шароитлар яратиб берилган бўлса-да, ҳозирда клубда профессионал даражада иш ташкил қилинмаган.

Жорий йил жамоа ташкил этилганига 60 йил тўлади, бироқ бу ҳақда на ОАВ орқали эълон берилган, на бу катта тадбирга тайёргарлик ишлари бошланган.

Шунингдек, клуб раиси Зоҳид Ғофуровнинг тажрибасизлиги, раҳбарлик салоҳиятининг етарли эмаслиги ҳам юқорида таъкидланган муаммоларнинг ўз вақтида бартараф этилмаганига олиб келган.

Селекция ишларига эътиборсизлик натижасида айни вақтда «Нефтчи» жамоасининг 19 ёшли ўсмирлар жамоаси 14-ўринда, 21 ёшли ўсмирлар жамоаси эса 11-ўринда, аёллар жамоаси эса 10 та жамоа ичида 9-ўринда бормоқда.

Учрашувда Фарғона шаҳри ҳокими Восилжон Назаров клуб президенти этиб тайинланган. Вилоят ҳокими томонидан унга клуб фаолиятини назоратга олиш, маркетинг, менежмент ишларини тўғри йўлга қўйиш, фан-клуб билан самарали ҳамкорлик ўрнатиш, клуб матбуот хизмати фаолиятини ривожлантириш, шунингдек, клуб логотипига чинор барги рамзини қайтариш каби топшириқлар берилган.

Маълумот учун, айни пайтда «Нефтчи» жамоаси Суперлига 11-туридан сўнг 2 та ғалаба, 3 та дуранг ва 6 та мағлубият билан 9 очко жамғариб, 12-ўринда бормоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг