Президент шaxматчиларни Олимпиададаги тарихий ғалаба билан табриклади
Шавкат Мирзиёев Кўксарой қароргоҳида шaxмат ва парашaxмат бўйича Ўзбекистон терма жамоалари аъзолари ҳамда уларнинг яқинлари билан учрашув ўтказмоқда.
Давлат раҳбари шaxматчиларни 46-Бутунжаҳон шaxмат олимпиадасидаги тарихий ғалаба билан яна бир бор табриклади:
«Икки карра Олимпиада чемпиони деган юксак ва шарафли унвон барчамизга, бутун Ўзбекистон халқига муборак бўлсин!»
Президент Самарқанддаги Олимпиада оддий спорт мусобақаси бўлмаганини таъкидлади. Унда 200 дан ортиқ мамлакатдан қарийб 2 минг шaxматчи, жумладан, кучли гроссмейстерлар ва амалдаги чемпионлар жам бўлган.
«Шундай улкан рақобат ичида Ўзбекистон байроғини энг баландга кўтариш бу ҳақиқий жасорат, катта ақл-заковат ва мустаҳкам ирода намунасидир», — деди давлат раҳбари.
Ғалабага ўз юртида, халқ кўз ўнгида эришилгани унга алоҳида маъно бағишлади. Олимпиадани бевосита кузатиш учун Самарқандга 60 мингдан ортиқ меҳмон келди.
Ҳудудлардаги фан-зоналарда қарийб 500 минг мухлис, телеэкран ва интернет орқали эса миллионлаб ватандошлар ўйинларни кузатди.
Президент ҳал қилувчи партияларни ўзи ҳам катта қизиқиш билан кўрганини айтди:
«Баъзи партияларда сизлар нафақат рақибларингизни, балки бизни ҳам кучли ҳаяжонда ушлаб турдингизлар».
Давлат раҳбари амалдаги Олимпиада чемпиони Ҳиндистон терма жамоаси билан учрашувга алоҳида тўхталди. Нодирбек Ёқуббоевнинг Ниҳал Саринга қарши партиясида вазият бир пайт жуда оғирлашганини эслади.
«Лекин сен охиригача мардона курашдинг. Ниҳоятда топқирлик билан қўллаган тактик юришларинг вазиятни бутунлай ўзгартирди ва жамоамизга ҳал қилувчи ғалабани олиб келди», — деди Президент.
Ҳиндистон устидан ғалабадан сўнг Ўзбекистон якка пешқадамга айланди. Кейин шaxматчилар Хитой жамоасини 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Шунингдек, жаҳон рейтинги етакчиси ва олти карра Олимпиада чемпиони бўлган АҚШ терма жамоасидан ҳам устун келди.
Президент Нодирбек Абдусатторов бутун мусобақани мағлубиятсиз ўтказиб, биринчи тахтада олтин медални қўлга киритганини эътироф этди. Унинг америкалик Фабиано Каруанага қарши мураккаб эндшпилдаги ғалабаси ҳам алоҳида эсга олинди:
«Бунинг ўзи алоҳида катта натижа!»


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter