Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президентнинг спортга оид янги қарори эълон қилинди

Президентнинг спортга оид янги қарори эълон қилинди

Фото: Президент матбуот хизмати.

«Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори (ПҚ–201-сон, 11.04.2022 й.) қабул қилинди.

Қарор билан оммавий спортни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгиланди.

Хусусан, оилавий спорт рағбатлантирилади, оммавий спорт мусобақалари ташкил этилади.

2022 йилдан ҳар йили 30 июнь – Ўзбекистон Республикаси ёшлари куни ҳамда декабрда ўтказиладиган  «Ёшлар форуми» доирасида футбол, мини-футбол, волейбол, енгил атлетика, шахмат, шашка, стол тенниси, стритбол, воркаут турлари бўйича 5 босқичли оммавий спорт мусобақалари ўтказилади.

1-босқичда – кўчалараро маҳалла мусобақалари;
2-босқичда – маҳаллалараро сектор мусобақалари;
3-босқичда – сектор мусобақаларида ғолиб бўлган маҳалла жамоалари ўртасида туман (шаҳар) мусобақалари;
4-босқичда – туман (шаҳар) мусобақалари ғолиб маҳалла жамоалари ўртасида вилоят мусобақалари;
5-босқичда – вилоят мусобақаларида ғолиб бўлган маҳалла жамоалари ўртасида республика (финал) мусобақалари.

Ушбу мусобақалар 5 босқичли  «Беш ташаббус олимпиадаси» доирасида ўтказилади.

2023 йил 1 мартдан олимпия, ноолимпия ва миллий спорт турлари бўйича 3 босқичли умумреспублика спорт мусобақалари ўтказилади.

Юқоридаги мусобақалар ғолибларини тайёрлаган мактабларнинг жисмоний тарбия фани ўқитувчилари ва спорт-таълим муассасаларининг тренерлари малака аттестациясига жалб этилмайди ва уларга қуйидаги малака тоифалари тўғридан-тўғри берилади:

- туман (шаҳар) босқичи мусобақаларида ғолиб ва совриндорларни тайёрлагани учун – иккинчи малака тоифаси;
- вилоят босқичи мусобақаларида ғолиб ва совриндорларни тайёрлагани учун – биринчи малака тоифаси;
- республика (финал) босқичида ғолиб ва совриндорларни тайёрлагани учун – олий малака тоифаси.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг