Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Парижда кечадиган «қасос туни»: кимнинг «пичоғи» ўткирроқ?

Парижда кечадиган «қасос туни»: кимнинг «пичоғи» ўткирроқ?

Бугун тунда Европанинг клублар ўртасидаги энг нуфузли мусобақаси — УЕФА Чемпионлар лигасининг финали бўлиб ўтади. Унда Англиянинг «Ливерпул» ва Испаниянинг «Реал Мадрид» жамоалари ўзаро баҳс олиб боради. Парижда қизғин баҳс бизни кутиб турибди.

Финалга йўл

«Ливерпул». «Б» гуруҳида «Атлетико», «Порту» ва «Милан»ни ер тишлатган ливерпулликлар гуруҳда 100 фоизлик натижа қайд этди. 17 та гол уриб, 6 та ўтказиб юборди. Нимчорак финалда «Интер»ни Жузеппе Меаццада 2:0 ҳисобида мағлуб этишга эришди. Англиядаги баҳсда минимал ҳисобда мағлуб бўлган эрса-да, кейинги босқичга чиқа олди. 1/8 финал ҳам осон кечди, дея олмаймиз. Португалияда «Бенфика»ни 1:3 ҳисобида мағлуб этган бўлса-да, ўйинда «бургутлар» ёмон ўйнашмади. Дарвин Нунезнинг бенефисига айланган иккинчи ўйинда эса 3:3 ҳисоби қайд этилганди. Бу мавсум сенсацияси бўлган «Вильярреа́л» Юрген Клопп шогирдлари томонидан таслим этилди. Эмери шогирдлари 4 таймлик баҳсинг бир таймини даҳшатли ўтказа олган эдилар. Умуман олганда «Ливерпул» финалгача йўлни мадридликларга нисбатан осонроқ босиб ўтди. «Ливерпул»га бу ўйинларда бор кучини кўрсатишга зарурият бўлмади, балки Клопп бунга йўл бермагандир.

«Реал Мадрид». Карло Анчелотти шогирдлари бу мавсумда кутилганидан яхшироқ ҳаракат қилишмоқда. «Д» гуруҳида «Интер», «Шахтиёр» ва «Шериф» каби жамоалар билан баҳс олиб бориб, биринчи ўринда тугатди. Бир мағлубият, беш ғалаба; 14 та гол уриб, 3 та ўтказиб юборди. Гуруҳда «Реал» шу даражада ожиздек кўриндики, ҳатто 1/16 финал олдидан мадридликларнинг чемпионлик учун имконияти ҳатто «Виляреал» билан бир хил баҳоланди. Нимчоракда «ПСЖ»га қарши айнан финал ўтказилаётган ушбу майдонда 0:1 ҳисобида мағлубиятга учради. Иккинчи ўйинда эса кутилмаганда Карим Бенземанинг ҳетрики эвазига ғалабани тортиб олди. Сўнг «Челси» билан икки ўйин муросасиз ўтди. Яна Бензема «Реал» жонига оро кирди. «Манчестер Сити» билан баҳс эса мутлақо янги даража эди. Ярим финалдаги биринчи ўйинда 4:3 ҳисобида ғалаба қозонган манчестерликлар иккинчи ўйиннинг 90 дақиқасигача финалда эдилар, аммо… «Реал» драматик ўйинда 2 дақиқа ичида 2 та гол уриб, ўйинни қўшимча таймларгача олиб бора олди. Яна Карим Бензема жамоани финалга олиб чиқди.

Финал: тактика ва жамоаларнинг тахминий таркиблари

Клопп таваккал қилишни хушламайдиган мураббийлар сирасига киради. Финалда ишончли таркибни майдонга ташлашига шубҳа йўқ. Дарвозада доимгидек Алиссон, ҳимоя марказида эса Конате ва Ван Дейк, қанотларда ТАА ва Робертсон ўйнаши кутилмоқда. Ливерпулликлар ҳимояси анча ишончли. Умуман олганда «Реал» суперюлдузи Карим Бенземани тўхтатиш Ван Дейкка, тезкор Винини зарарсизлантириш эса Тренд Александр-Арнолдга топширилади. Кўплаб футбол экспертлари ўйин тақдири Арнолд ва Винининг ўзаро қарама-қаршилиги ҳал қилиб бериши ҳақида ёзишмоқда.

Марказда эса жароҳатланганлар бор. Хусусан, Тиаго ва Фабиньода жароҳатлар бор эди, аммо германиялик мураббий уларнинг майдонга туша олишларини қайд этди. Эҳтимол, улар марказдаги энг яхши танловдирлар. Шунингдек Хендерсонга ҳам катта вазифа юкланади. У Кросс ва Модрич боғлиқлигини узишга эътибор қаратиши мумкин.

Ҳужум чизиғи эса шунчаки идеал. Салоҳ-Мане-Диаз триоси Мадрид ҳимоясига катта бошоғриқ бўлса керак. «Ливерпул» одатдаги услубида майдонга тушса, ажабмас. Кенг қамровли прессинг, тўпни эгаллаб туриш, қанотлардан ёриб кириш, лонг-болллар ўйинда кўп кузатилиши кутилмоқда. Кўплаб футбол экспертлари ўйинда «Ливерпул»нинг устунлигини таҳмин қилишмоқда. Ғолибни эса башорат қилиб бўлмайди. Айниқса бу ўйин камбекшунос «Реал» билан бўлса.

«Карло ота» доимгидек мослашувчан таркиб билан майдонда кўриниш берса керак. Куртуа дарвозани қўриқлаши, ҳимоя қўрғонини эса Карвахал, Милитао, Алаба, Менди ташкил этиши кутилмоқда. Улар бу баҳсда Салаҳ, Мане ва Диаз учлигини тўхтатиб қолишлари керак. Шунингдек, Мадрид жамоси марказида афсонавий учлик Кроос, Каземиро, Модрич ҳаракат қилиши мақсадга мувофиқ тушса, ажабмас. Улар ЕЧЛнинг 4 та финалида майдонга тушган. Шунингдек, ҳужумда Валверде, Бензема ва Винисиус тўп суриш эҳтимоли катта. Карло Анчелотти Манчестердаги дастлабки ўйинни Родриго билан бошлаб хатога йўл қўйган эди. Валверденинг дастлабки дақиқаларда майдонда бўлиши эрта гол ўтказиб юбормаслик учун биричи чорадир. Ўйин тенгкурашлар остида ўтиши таҳмин қилинмоқда.

Финал ҳақида

«Ливерпул»нинг кўплаб аъзолари 2018 йилда Киевдаги финалда «Реал»га қарши майдонга тушган эдилар. Улар шундан бери катта ўсишни қайд этишди. Бир марта АПЛ, бир марта ЕЧЛда ғалаба қозонишни уддалашди. Муҳаммад Салоҳнинг жароҳати ва кўз ёшлари Киев финалининг энг эсда қоларли натижаси бўлса, ажабмас. Аммо «Реал» бугун аввалгисидан фарқ қилади. Бейл аввалгидек «супер одам» эмас, Роналду эса аллақачон жамоадан кетган. Киевдаги Рамос ҳам бугун бошқа жамоа сафида тўп тепмоқда.

Иккала жамоа ҳам ўзи учун турли мотивларни тўплаб қўйган. Хусусан, Муҳаммад Салоҳ «қасос олиш билан таҳдид» қилаётган эрса, «Реал» Париждан олиб келолмаган футболчиси ўрнини кубок билан тўлдириб қўймоқчи. Бу ўйинда Карим Бензема «Олтин тўп»га нақадар лойиқлигини ҳам исботлаши керак бўлади.

Бугун АПЛ ЛаЛигадан афзал кўрилаётган бир даврда «Реал Мадрид» ғалаба қозонса, 2021-2022 йилги мавсумда ТОП-3 ўринни олган Англия жамоаларини мағлуб этиб, ЕЧЛга эришган илк клубга айланади. Шунингдек, «Реал» ўн тўртинчи, «Ливерпул» еттинчи кубогига жуда яқин турибди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг