Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Равшан Эрматов сув спорти турлари бўйича йиғилиш ўтказди

Равшан Эрматов сув спорти турлари бўйича йиғилиш ўтказди

Бугун Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида Сув спорти турлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби тренерлар кенгашининг очиқ йиғилиши ўтказилди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов олиб борган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президент Администрацияси ходими Шавкат Султанов, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Қосимов, Сув спорти турлари бўйича РОСММ директори Комил Холматов ҳамда тренерлар кенгаши аъзолари ва спортчилар иштирок этди. Йиғилишни Zoom платформаси орқали МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов ҳам кузатиб борди.

Дастлаб Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги бош мутахассиси Акром Низаметдинов сув спорти турлари бўйича РОСММ аъзоларининг 2018 йилдан 2020 йилнинг ўтган даврига қадар эришилган ютуқлари ҳақида ҳисобот тақдим этди. Унда қайд этилишича, байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича миллий терма жамоа аъзолари 2018 йилда ўтказилган турли халқаро мусобақаларда жами 226та (шундан 119та олтин, 66та кумуш, 41та бронза) медални қўлга киритган бўлса, 2019 йилда ушбу кўрсаткич атиги 19тани (11та олтин, 6та кумуш, 2та бронза) ташкил этган.

Академик эшкак эшиш спортида эса вакилларимиз 2018 йилда жами 14та (8та олтин, 3тадан кумуш ва бронза) медалга сазовор бўлган. 2019 йилга келиб ютуқлар салмоғи ортди ҳамда спортчиларимиз 18та (10-7-3) медаль билан тақдирланишди.

Токио олимпиадасига эса ушбу спорт турларидан вакилларимиз бугунгача атиги 5та (шундан учтаси паралимпия йўналиши) йўлланмани қўлга киритган.

Очиқ йиғилишда сўзга чиққан академик эшкак эшиш бўйича терма жамоа бош тренери Вячеслав Дидрих шу кунгача амалга оширилган ишларга тўхталиб, ушбу йўналишдан Токио олимпиадасига камида тўртта йўлланмани қўлга киритиш вазифаси қўйилганлиги ва бунинг учун имкониятлар етарли эканлигини билдирди.

Шунингдек, байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича терма жамоа аъзолари ҳам XXXII ёзги Олимпия ўйинларига яна камида 3-4та йўлланма олиш учун реал имкониятга эгалиги таъкидланди.

Йиғилишда спортчи, тренер ҳамда Сув спорти турлари бўйича РОСММ ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, тренерлар кенгашининг иш юритиш услуби ва лозим бўлса таркибини ҳам қайта кўриб чиқиш, соҳага ёш, иқтидорли тренерларни жалб қилиш, ўқув-машғулот йиғинларида илғор замонавий технологиялардан фойдаланиш, селекция ишларини янада кучайтириш, қолаверса мамлакатимизда сув спорти турлари билан шуғулланувчилар географиясини кенгайтириш, миллий терма жамоаларнинг етакчи спортчиларига муносиб захира тайёрлаш борасида ҳам таклифлар берилиб, улар асосида «Йўл харитаси» ишлаб чиқиш тавсия этилди.

Барча орзиқиб кутаётган тўрт йилликнинг нуфузли спорт анжумани – Токио-2020 олимпиадаси пандемия сабабли бир йилга кечиктирилди. Бироқ, бу билан спорт ҳаёти тўхтаб қолгани йўқ. Қолаверса, берилган имкониятдан унумли фойдаланган ҳолда спортчиларимиз ҳар бир кунни ғанимат билиб, машғулотларга янада зўр беришмас экан, Олимпия ўйинларида кўзланган мақсадга эришишлари амри маҳол.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг