Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Равшан Эрматов велотрек ўқув-машғулот марказини кўрди. Таассурот ёмон эмас

Равшан Эрматов велотрек ўқув-машғулот марказини кўрди. Таассурот ёмон эмас

Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов пойтахтимиздаги велотрек ўқув-машғулотлар марказига ташриф буюрди.

Даставвал, Равшан Сайфутдинович велотрек ўқув-машғулотлар марказининг тренажёр зали ва унга ёндош ҳудудда спортчиларга яратилган шароитларни кўздан кечирди. Айниқса, спортчиларнинг жисмоний ҳолатини яхшилашга хизмат қиладиган тренажёр жиҳозларини танлашда уларнинг сифатига ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги айтиб ўтилди.

Вазирнинг биринчи ўринбосари велотрек манежи билан ҳам танишди. Узунлиги 333 метр 33 сантиметр бўлган ушбу манеж ўлчамлари ва сифати жиҳатидан халқаро талабларга тўлиқ жавоб беради ҳамда собиқ Иттифоқ республикаларидаги учта ана шундай маскандан (қолган иккитаси Москва ва Таллинда жойлашган) бири саналади.

Манежнинг шундоқ ёнгинасида барпо этилган икки қаватли бинонинг юқори қавати эса 21 ўринга мўлжалланган меҳмонхона ҳамда ошхонани ўз ичига олган бўлиб, бу ерда спортчилар бир вақтнинг ўзида қисқа муддатли ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиши учун барча шароитлар муҳайё қилинган.

Бинонинг пастки қаватида эса Спортнинг қишки ва мураккаб техник турлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби жойлашган. Шу ерда Р.Эрматов мактаб жамоаси билан ҳам учрашди. Унда Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг тегишли буйруғи билан ушбу даргоҳга директор этиб тайинланган Азимжон Раджапович Юсупов меҳнат жамоасига таништирилди.

Шундан сўнг вазирнинг биринчи ўринбосари Спортнинг қишки ва мураккаб техник турлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби мутахассислари ва тренерлари билан яқиндан суҳбатлашиб, уларни қийнаётган муаммолар, амалга оширилиши лозим бўлган долзарб вазифалар борасида ўзаро фикр алмашди.

Спортнинг қишки ва мураккаб техник турлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби 16 та йўналишни бирлаштирган бўлиб, улар орасида истиқболи порлоқ йўналишлар ҳам талайгина. Аммо, мактабдаги мавжуд 16 та йўналиш билан атиги тўрт нафар методист ишлаб келмоқда. Хўш, 16 та йўналишга тўрт нафар методист етарлими, деган ўринли савол ўртага ташланди йиғилишда.

Шунингдек, мустақил Ўзбекистонга Олимпия ўйинларидаги дастлабки олтин медални тақдим этган фристайл йўналиши ҳам Спортнинг қишки ва мураккаб техник турлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактабига бириктирилган бўлиб, афсуски бугунги кунда афсонавий Лина Черязованинг бирорта ҳам издоши етишиб чиқмаяпти.

Учрашувда қишки ва мураккаб техник спорт турларини юртимиз ёшлари орасида яна-да оммалаштириш, селексия ишларини кучайтириш, бунинг учун эса мавжуд инфратузилмани мустаҳкамлаш борасида ҳам таклифлар билдирилди.

Ўз навбатида Равшан Эрматов Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги юртимизда спортнинг қишки ва мураккаб техник турларини ривожлантиришдан манфаатдор эканлиги, бунинг учун вазирлик жамоаси қўлидан келган ёрдамини аямаслигини таъкидлади.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг