Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Самарқанд соврин жамғармаси 855 минг долларлик ФИДЕ турнирларига мезбонлик қилади

Самарқанд соврин жамғармаси 855 минг долларлик ФИДЕ турнирларига мезбонлик қилади

Фото: Grand Swiss сайти

Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ) 3−15 сентябр кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Grand Swiss ва Women’s Grand Swiss турнирларида иштирок этадиган ўйинчилар рўйхатини эълон қилди.

«Катта швейцарлар» турнирларида 172 нафар шахматчи қатнашади: 116 нафари — очиқ турнирда ва 56 нафари — аёллар турнирида. Умумий соврин жамғармаси — 855 000 АҚШ доллари: шундан 625 000 доллар — очиқ чемпионатга (2023 йилда 460 000 доллар эди), 230 000 доллар — аёллар турнирига (2023 йилда 140 000 доллар эди).

Очиқ турнирда Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдаров, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов, аёллар ўртасида эса Гулруҳбегим Тоҳиржонова ғолиблик учун дона суради.

Ҳар икки йўналиш бўйича икки нафар энг яхши ўйинчи жаҳон чемпиони номига даъвогар аниқланадиган 2026 йилги турнирда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади.

«Ўзбекистоннинг шахматни ривожлантиришга интилиши ибратли, Самарқанд эса ушбу нуфузли мусобақани ўтказиш учун идеал жой. ФИДЕнинг «Катта швейцарлар» ва аёллар ўртасида «Катта швейцарлар» мусобақалари ФИДЕ тақвимидаги муҳим воқеаларга айланди ва биз яна бир бор жаҳон миқёсидаги турнирни ўтказиш учун Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилаётганимиздан фахрланамиз», — деди ФИДЕ президенти Аркадий Дворкович.

Турнир ҳар икки йилда бир марта ўтказилади. Биринчи марта 2019 йилда Мэн оролида ўтказилган. 2023 йилги Grand Swiss очиқ турнирида Видит Гужарати, аёллар турнирида Вайшали Рамешбабу ғалаба қозонган.

Маълумот учун: 2023 йилда Самарқанд шахматнинг рапид ва блиц бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилган. 2023 йилги FIDE Grand Swiss мусобақасида 3 нафар ўзбекистонлик топ-15 га кирган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг