Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бир ҳовуч сўз учун ойлик-маош ёхуд... булбулнинг эркаги сайрайди

Бир ҳовуч сўз учун ойлик-маош ёхуд... булбулнинг эркаги сайрайди

Биз фақат жанг майдонларида мардлик кўрсатилади, деб ўйлаймиз. Аслида ҳаётнинг ўзи инсон учун жасорат майдонидир. Бунга ижод аҳли ҳаёти ҳам ёрқин мисолидир. Шундай ижодкорлардан бири Абдулла Қаҳҳор эди. 61 йиллик ҳаёти давомида ноҳақликларга қарши исён кўтариб ўтган мардонавор, ҳалол инсон, бетакрор адиб эди у...

Темирчи Абдуқаҳҳорнинг зеҳнли ўғли Абдулла адабиётнинг сеҳрли оламига кириб келгунича бутун водий қишлоқларида оиласи билан ризқини териб юрди. ХХ асрнинг фожиаларини ҳам ўз кўзи билан кўрди. Ўша давр талотўплари ичида яшади.

1923 йили матбуотда илк асари босилди. У Қўқон педагогика техникумида, Ўрта Осиё давлат университетида ўқиш, турли нашрларда ишлаш жараёнида шўро мустамлакачилигининг қабиҳона сиёсатини англаб етди. Натижада атрофидаги маслакдошлари билан «Ботир гапчилар» деб аталган шўроларга қарши ташкилотга аъзо бўлди.

Қаҳҳор устозлари ва теварагидаги дўстларининг отилгани, қамалганидан хулоса чиқариб, тинчгина ёзувчилигини қилиб юрса бўларди. Чунки, унинг ўзи ҳам 1935–37 йилларда нақ қамоқхона остонасидан қайтган эди...

Тинч, жўшқин ва зарбдорона меҳнат авж оляпти, дейилган 1955–1968 йилларда ҳам Қаҳҳор гоҳ пахтакорнинг оғир меҳнатини, гоҳ адабиётда, санъатда бўлаётган қинғирликларни фош этди. Газета-журналларда чиқаётган мақолалари, учрашув, тадбирларда сўзлаган оташин нутқлари «тепадаги»ларга ёқмаётганини биларди у. Бироқ Қаҳҳор «честь» берадиган, «лаббай» дея етти қават букилиб таъзим қиладиган оддий аскар эмас, балки онгли фикрлайдиган инсон эди.

1965 йили Абдулла Қаҳҳор Низомий номли Тошкент давлат педагогика институтида бир мавзуни кўтариб чиқди. Ўшанда айтилган гаплар бугунги авж олган радиомаҳмадоналар ва бетайин қўшиқчилар учун яхшигина танбеҳдир:

«Жуда бой, чиройли тилимиз бор. Бу тилда ифода этиб бўлмайдиган фикр, туйғу йўқ!.. Афсуски, радиода кўпинча халқ билан мана шу бой, чиройли, пурқудрат тилда гаплашмайдилар. Одамлар борки, бисотидаги бир ҳовуч сўзни айлантириб ойлигини олаверади, ўқиш, ўрганиш билан ўзбек тилининг имкониятидан тўлароқ фойдаланишни истамайди ёки бунга фаросати етишмайди. Мана шу одамларнинг дангасалиги, фаросатсизлиги, чаламулла «олим»ларнинг илмий фаолияти оқибатида шундоқ бир тил вужудга келганки, на муомилада, на суҳбатда, на оилада ҳеч ким бу тилда гапирмайди...

Бу тилни фақат микрофон кўтаради, бунга фақат микрофон тоқат қилади... Бизнинг матбуот ва радио тили нима учун кундан-кунга халқ тилидан узоқлашиб бораяпти? Нима учун тилимизнинг қонун-қоидалари бузиляпти? Нима учун кўча ҳаракати қоидасини бузган кишига милиция ҳуштак чалади-ю, бутун бир тилни бузаётганларга ҳеч ким ҳуштак чалмайди?..

Кейинги вақтларда ашула жанрининг ғоявий-бадиий савияси ҳам тобора пастлашиб кетаяпти. Радио ва телевидениядан бериладиган ашулаларнинг матни хароб, композиторлар бу матнларни қайси гўрдан топганига ҳайрон қоласан, киши:

...Бир кўнглим олма деди,

Бир кўнглим олгин деди.

Қўлим ҳеч бир қайтмаган...

 Нима гап бу ўзи? Шу ҳам шеърми? Шу ҳам ашулами?..

 Бу чаласавод одамнинг қоғоз тирнаб қилган машқи қаёқдан композиторнинг қўлига тушди-ю, бунинг нимаси мусиқа ёзишга илҳом берди экан?

Классикларда ҳам, халқ адабиётида ҳам, ҳаётда ҳам одатан йигитлар яхши кўрган қизларини мақташар эди: кўзинг ундоқ, ўзинг мундоқ, дейишар эди. Ҳозирги кўп ашулаларда қизлар ўзларини мақташади: у ёғим ундоқ, бу ёғим бундоқ дейишади...

Ташаббус эркакдан бўлиши керак, булбулнинг ҳам эркаги сайрайди-ку, дейдиган одам йўқ!..»

Қаҳҳор юқоридаги гапларни педагогика институтида айтганида, эшитиб ўтирганлардан айримлари адибнинг овозини магнитофонга ёзиб олган, мавзу ниҳоятда долзарб бўлганидан ўша тасма кўпайтирилиб тарқатилган экан. Катта шов-шувга айланган учрашув ва унда билдирилган фикрдан сўнг Абдулла акани телерадиоқўмитага таклиф этишади. Шунда адиб дилидагини яна тилига чақириб, бевосита у ерда ишловчиларга танбеҳ беради. Олдинги айтган гаплари мансабдорларга ёқмаганини таъкидлаб, шунда-да ўз фикрида қолади, ҳақ сўзни айтади.

«...Ўзларингга маълум, мансабдор икки тоифа бўлади: бир тоифаси ўз ўрнига мувофиқ, муносиб билими, қобилияти билан ҳар ишга қодир. Бу тоифа мансабдор ишни ишонч билан олиб боради. Танқид эшитса, бунинг мағзини чақишга, танқидни чуқурроқ тушунишга ҳаракат қилади-ю, бундан хулоса чиқариб, ўзининг рахна жойига дарров чим босади. Бундай мансабдорларнинг ўзи ҳам хурсанд, иши ҳам «мих»дай, одамлар ҳам мамнун. Бошқа бир тоифа мансабдор ўз ўрнига мувофиқ эмас, муносиб ҳам эмас, шунинг учун сир очилиб қолишидан ҳамиша хавотирда: осмонда чучмчуқ пир этса, юраги шув этади. Анчайин танқидий шабада буларга бўрон бўлиб, столини кўтариб кетаётгандай туюладию, столини қучоқлаб йиғлайди: «вой-дод, фалончи ака, мени ушланг, йиқиламан», дейди адиб.

Қаҳҳор раҳбарлар фаолиятига баҳо бериб ўтгач, педагогика институтида айтиб ўтган фикрларини бевосита ашулани «айлантириб» ётган телерадиоқўмита ходимларига билдиради.

«...Ашула айтиш, ашула тинглаш буткул ихтиёрий нарса: хоҳлаган одам айтади, хоҳламаган айтмайди, хоҳлаган эшитади, хоҳламаган эшитмайди. Тўғри, баъзан ашулачига пул бериб, ойлик бериб айттириш мумкин, лекин ўз қадрини билган киши хоҳламаган ашшуласини пул берсангиз ҳам эшитмайди...

Радио ва телевидениеда бериладиган кўп ашулаларнинг матни ниҳоятда хароб. Хусусан, муҳаббат тўғрисидаги ашулалар муҳаббатдан одамнинг ихлосини қайтаради... Баъзи ашулаларда шоирнинг ёри бузуқ бўлади: «ҳаммага ўпич беради-ю, шоирга ўпич бермайди...»

Хуллас, шу куни Абдулла Қаҳҳор жамиятдаги дардли нуқтани тилга олиб, салбий иллатларни фош қилади. 1965 йилда айтилган бу гаплар – ТВ, радио, ашула ҳақидаги фикрлар бугун ҳам долзарбки, гўё Қаҳҳорнинг фикрлари ҳозирги кунга оиддек. Агар адиб бугун ҳаёт бўлиб, ТВ, радиода берилаётган, концертларда айтилаётган қўшиқларни эшитганида нафақат танбеҳ берган бўларди, балки...

Хуллас, Қаҳҳор жим тура олмасди. Негаки, 1965 йили шов-шув бўлган ўша учрашувдан уч йил олдин у шундай деб ёзган эди:

«Кўнгилга хуш келмайдиган, ёғланмаган эски араванинг ғийқиллашига ўхшаш шу ашулани эшитишга объектив равишда бўлса ҳам мажбур қилиш нима деган сўз ўзи?.. Товуши бўлмаган одам ўзича ашула айтиб юбориши мумкин. Майли, айтсин, лекин унинг ашуласини ёзиб олиб, радиода бериш ҳеч кимнинг хаёлига келмайди. Буни ёзиб, радиога бериш машинистгагина керакли бўлган паравознинг гудогини ёзиб олиб, радиода беришдай бемаъни иш бўлар эди...»

Умид Бекмуҳаммад, тадқиқотчи.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг