Бойларимиз нега Билл Гейтс каби илм-фанга ҳомийлик қилмайди? Ёзувчи Исажон Султон жавоб беради
Нега спортчиларни мукофотларга кўмиб ташлаймиз-у, илм аҳлига камтарона рағбат кўрсатамиз? Илм-фанга «деҳқонча» муносабат сабаби нима? Нега ҳақсизликка йўлиқсак ҳам оғзимизга талқон солиб оламиз? Сел келганида ариққа ётиб олиб сувни тўсган ва зотилжам бўлиб вафот этган киши қаҳрамонми? Бутунбошли «Алишер Навоий» романини қайта тафтиш этиб чиқишга сабаб бўлган омил нима эди? Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султон шу каби долзарб саволлар теграсида мушоҳада юритади.
– Исажон ака, жамиятда илм-фан ва спортга муносабатда ғалат бир ёндашув ҳукм сураётгандек. Дунё биринчиликларида қўли баланд келган спортчилар рағбатларга кўмиб ташланади: фалон минг доллар мукофот, қимматбаҳо машина, шинам уй. Фаннинг турли йўналишларида халқаро олимпиадаларда ғолиб бўлган иқтидор соҳиблари эса аксар ҳолларда бир парча ёрлиғу арзон-гаров совға билан сийланади. Байроқдор, довруқдор спортчиларимиз қадрини пасайтириш ниятимиз йўқ, аммо миллат фаровонлиги, иқтисодий тараққиёт, аввало, илм-фан равнақига боғлиқ экани кундек равшан-ку! Донишманд шоиримиз Эркин Воҳидов «Унинг сену мендек шоирлари кўп, / Буюк элга энди даҳолар керак» деб ёзганида айни шу жиҳатни назарда тутган бўлса ажаб эмас. Аслида, жамият кўпроқ илм-фан аҳлининг бошини силаши керак эмасми?
– Саволингиз «Модда бирламчими, руҳми?» деган масалани ёдга солди. Буларни бир-бирига солиштиришдан не наф? Бағрикенгроқ бўлавериш керак, менимча. Дунё биринчилиги – илғор спортчилар етиб келган маррадан бир қадам илгари ўтиш, қолаверса, кўп йиллик машқлар, ирода, руҳий ва жисмоний қувватни намоён қилиш деганидир. Минг йил аввал ҳам шундай бўлган, ҳар бир улус ўз ўғлонларининг эпчиллиги, кучлилиги билан фахрланган. Жаҳон рекордчисининг ютуғини илм-фанга муқояса этсак, у кашфиётга тенг бўлади, яъни илм кишиси ҳам инсоният закоси етиб келган чегарадан бир қадам илгарилаши зарур. Албатта, оламшумул кашфиётнинг довруғию шон-шуҳрати спортдагидан чандон зиёд бўлиши аниқ. Чунки зако маҳсули сира эскирмайди, рекордлар эса янгиланиб туради.
Спорт – умумхалқ учундир. У оммавий ҳодиса ўлароқ миллионлаб кишилар қаршисига жаҳон рекорди деган марра-мезон қўяди. Илм эса оммавий ҳодиса бўла олмайди. Зако қудрати вужуд қудратидан минг карра устун экани-да маълум. Замонавий дунё тараққиётида улуғ аллома Хоразмийнинг илмий мероси муҳим ўрин тутади. Ҳатто бугуннинг энг сўнгги технологияси – сунъий интеллект ҳам Хоразмий алмуқобаласининг ҳосиласи дейиш мумкин. Агар буни маблағга чақадиган бўлсак, ўнлаб мамлакатларнинг хазинаси ҳам Хоразмийнинг шу кашфиётига бадал бўла олмайди.
Илм шундай мураккаб ҳодисаки, унга ҳомийлик қилишга унча-мунча пулдорнинг қурби етмайди, бу вазифани тараққийпарвар давлатларгина адо этишга қодир. Илон Маск фазога кема учирганига маҳлиё бўлмайлик: у янгилик яратмаяпти, кашфиётлардан фойдаланмоқда, холос. Олим боболаримиз ўз рисолаларини султонларга бағишлаганининг сабаби шу: азалдан илмий тадқиқот катта маблағ талаб қилган. Мисол учун, султон Қобус ибн Вушмгир Абу Райҳон Берунийга ҳомийлик қилмаганида, эҳтимол, «Осорул-боқия»дек буюк асар ёзилмаган бўлар эди. Сираси, илмни қадрламоқ учун умумтафаккур юксалиши керак.
– Илмпарварликдан гап очдингиз. Билл Гейтс, Уоррен Баффет, Марк Цукерберг, Майкл Блумберг каби ҳотамтой бойларнинг илму фан ривожи йўлида кўрсатаётган хайру саховати зарбулмасал бўлиб кетган. Масалан, АҚШлик тадбиркор Баффет сўнгги беш йилда илм-фан, маданият ва санъат соҳаларига 15 миллиард доллар иона қилибди. Боз устига, тўқсонни қоралаган сармоядор вафотидан кейин жамики сарватини хайрия жамғармаларига ўтказиб беришни васият қилган. Бу каби ибратли воқеалар ҳақида ўқир экансиз, «Бор-будини мактаб-мадраса очмоқ, ёшларни ўқитмоққа сарфлаган жадид боболарим, қайдасиз?!» дея хитоб қилгингиз келади. Негаки, бизда илм-фанга пуштипаноҳ бўлмоқ – меценатлик кундузи чироқ ёқиб қидириладиган қадриятга айланиб қолди. Умримиз токай баффету гейтсларга ҳавас билан ўтади?
– Жамият фан ютуқларини тезроқ моддий бойликка айлантиришни истайди. Аммо илмий янгилик ҳар доим ҳам қисқа муддатда даромад келтирмайди. Аэродинамика қонуниятлари кашф этилганидан бир неча аср ўтибгина учоқлар яратилгани бунинг исботидир.
Сиз тилга олган ҳомийлар – фанда кашфиёт яратмаган, лекин илм ютуқларини маҳсулотга айлантира олган кишилардир. Бироқ улар янги кашфларнинг аҳамиятини ўз вақтида англагани учун ҳам аҳли илмнинг бошини силамоқда. Бизнинг жамият ҳам илм ютуқларини маблағга айлантирадиган даражага етганда фанга ижтимоий қизиқиш кучаяди. Акс ҳолда, депсиниб тураверамиз.
Охиригача тадқиқ қилинмаган зарралар мавжуд, уларнинг хусусиятини ўрганиш қандай натижа бериши номаълум, бироқ бир неча юз киши шу жумбоқни ечиш билан банд. Хўш, аксилзарра сири очилса, нима ўзгаради? Ёки қуёш шамоли деган тушунча бор – ёруғлик нури сатҳда жуда кичик бўлса-да, босим пайдо қилади. Қуёш шамолига асосланган фазо кемаси балки юз йилдан сўнг яратилар, ким билади дейсиз! Боз устига, юксак мукофотга арзийдиган бундай тадқиқот якунига етганида ҳам жамият уни дастлаб қабул қила олмаслиги мумкин. Ҳеч ким тушунмагач, ким унга ҳомийлик қилсин? Ана шундай вазиятда давлат ёки маърифатпарвар бойлар ҳомийлигига эҳтиёж туғилади.
Жадид боболаримиз замона давлатмандларини шундай фидойиликка чорлаб ўтдилар; сабаби – тузум бегона эди, ундан кўмак кутиб бўлмасди.
Аммо, минг афсус – умумтафаккур тайёр эмаслиги яна панд берди. Бу гаплар ҳамма соҳага: адабиётга, санъатга, иқтисодиётга, саноатга бирдай тегишли. Жадидлар бошлаган, аммо охирига етказа олмаган Буюк Уйғониш энди рўй берса не ажаб... Спорт ҳақида сўзладик, зарур шарт-шароит яратиб берилгани туфайли иқтидорли йигитларимиз катта ютуқларга эришмоқда. Зако қувватининг намоён бўлишига ғамхўрлик қилинса, нега оламни лол қолдирадиган кашшофлар чиқмасин?!
– «Чақмоқ чақиши булутлар учрашувидан юзага келса, ҳақиқат хилма-хил фикрлар тўқнашувидан пайдо бўлади», дейди мисрлик аллома Муҳаммад Ғаззолий. Дарҳақиқат, эркин сўз ва озод тафаккур бамисоли тараққиётнинг қўш қаноти, уларсиз юксак парвозларни хаёл қилмаса ҳам бўлади. Таассуфки, онгимизга ўрнашиб олган мутелик, қўрқоқлик аксар ҳолларда ҳақиқатни айтмоққа изн бермайди. Гоҳида ҳақсизликка йўлиқсак ҳам, оғзимизга талқон солиб оламиз: оч қорним – тинч қулоғим! Тил, маданият, сиёсат бобида ҳали-ҳануз собиқ «катта оға» изидан юришга мойил замондошларимиз борлиги – алоҳида мавзу. Қўйиб берсангиз, мазкур тоифа юртнинг калитини қўшқўллаб ғанимга топширгудек. Буларнинг бари Абдулла Қаҳҳор ёзган занжирбанд фил ҳақидаги нақлни ёдга солади. Қайси бир ўлкадаги ҳайвонот боғида кекса фил юз йил давомида занжирбанд ҳолда қозиқ атрофида айланибди. Охир-оқибат занжир емирилиб, узилибди. Шундан кейин ҳам фил пароканда занжирни судраганча қозиқ атрофида айланаверган экан... «Генетик» романини ёзиш асносида ирсиятшунослик илмини ҳам хўб ўргандингиз. Қон-қонимизга сингиб кетган мутелик, қўрқоқлик, шунингдек, лаббайгўйлигу маддоҳлик каби иллатлардан қандай халос бўлиш мумкин экан-а?..
– Юз йиллик маҳдудлик даврини гапиряпмиз, аммо ундан аввал ҳам ҳолат жуда рисоладагидай бўлмаган, ахир! Бир неча аср аввал яшаган шоирлар, айтайлик, Махмур, Машраб, Ҳозиқнинг қисматини эсга олинг. Мозийдаги энг адолатли давр Амир Темур ҳукмронлиги деб билсак, елкадаги қамчи изларининг тарихи олти юз йилдир. Бундан эса тамомила янгиланишга юз бурган Ўзбекистонда адолатнинг қарор топиши шунча йиллик жароҳатга малҳам қўйиш, шунча йиллик тушунчаларни ўзгартиришни талаб этади деган маъно чиқади. Адолат қарор топгандагина инсон хавотир-ҳадикдан фориғ ҳолда яшайди.
Қаҳҳор домла айтган занжирбанд филни яна юз йил кишанда тутиб турган нарса – тушунча, кўникма эмасми? Тушунчалар ўзгарса, ана ўшанда сиз санаган қусурлар ҳам барҳам топса керак. Лекин бу ўз-ўзидан бўлаверадиган иш эмас экан-да! Дейлик, сўз ҳуррияти берилса, худписандлар олдинги сафга чиқиб олади. Умумий бир асабият, салга тутақиб лов этиб ёниб кетадиган тоифа бор. Алҳол, масала яна тушунчага, тафаккур тарзига бориб тақалади.
Назаримда, бу тўс-тўполон маълум вақт ўтиб тинадигандек, сувлар зилоллашиб, соғлом фикрлилар жамоаси етишиб чиқадигандек.
– Ривоят қилишларича, бир ҳукмдорнинг ҳузурида соҳибиқтидор йигит ўз ҳунарини намойиш қилибди. Бир игна отиб деворга қадабди, кейин эса қўлига ип олиб, отибдию ҳалиги игнанинг тешигидан ўтказибди. Ҳукмдор йигитнинг иқтидорига тасанно айтиб, юз динор туҳфа қилибди. Сўнг уни юз дарра уришни буюрибди. Ҳалиги йигит титраб-қақшаб жазонинг сабабини сўрабди. Подшо «Юз динор – маҳоратингга сийлов, дарралар эса фойдасиз юмушга вақтни зое кетказганинг учун» дея жавоб берган экан... Гапни узоқдан бошлаганимнинг боиси бор. Бир неча йилдан бери инновация вазирининг маслаҳатчиси вазифасида ишлаб, мамлакатимиз илм-фан қозонида қайнаб келяпсиз. Юртимиз олимларининг эл-улус корига ярайдиган кашфиёту ихтиролари ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.
– Менга қолса, бу ривоятдаги йигит ҳам, ҳукмдор ҳам маломатга лойиқ. Уни бугунимизга ўгирсак, шундай мазмун чиқади: мана, Инновацион ривожланиш вазирлиги тузилди, маблағ ажратилди, хўш энди қачон кутилган натижа бўлади?
Хоразмий «пи» сонини кашф қилганида унинг моҳиятини бир неча олимгина тушунган. Жамият «пи» сонини қай жабҳада қўллаш мумкинлигини орадан беш аср ўтгачгина англаб етди.
Ёки узоққа бормай, COVID–19 талотўпларидан мисол келтирақолайлик. Нафақат оддий кишилар, балки туппа-тузук олимлар орасида ҳам «Коронавирусга қарши вакцина яратиш билан вирусолог эмас, биолог шуғулланган эмиш» деган эътироз ёйилди. Ҳолбуки, ҳой биродар, вирусология – вируснинг хусусиятларини ўрганадиган фан, биология – бутун тириклик ҳақидаги илм, вакцина яратиш билан эса нафақат биолог, балки биолог-генетиклар шуғулланди, деб тушунтирсангиз, елка қисишдан нари ўтмайди. Мен-ку соҳа мутахассиси эмасман, азбаройи қизиққанимдан сўраб-суриштирдим. Аниқлаганим шу бўлдики, ўша уруғинг куйгур вируснинг РНК кодларини фақат биолог-генетик ўқий олар экан. Бу – фаннинг ҳозирча сўнгги чегараси, вирусолог ушбу теранликнинг яқинига ҳам келолмайди. Генетик эса уни «ўқиб»гина қолмай, секвенслаш, яъни бўлакларга бўлишни ҳам уддалайди. Тасаввур қиляпсизми, геннинг бир қисми олиб ташланиб унга ферментлар пайванд қилинганидан сўнг ҳам у тирик жонзот сифатида яшашни давом эттиради. Ҳодисанинг кўлами маҳобатли, албатта.
Қуйидаги суҳбатга диққат қилинг:
– Мутахассислигингиз нима?
– Филология.
– Филология нима?
– Тил ва адабиёт.
– Ҳим-м... Модомики тил ҳақида экан, нимага филология деб хато айтилган? Аслида тилология дейилса тўғри бўлмайдими?
Баъзида илм-фанга шунга монанд «деҳқонча» муносабат учрайди.
Бугун қишлоқ хўжалигидан саноатгача, фармацевтикадан тиббиётгача, таълимдан фангача – барча соҳада янгиликларни жорий қилишдек улкан вазифа турибди. Пайҳон бўлиб кетган катта бир боғни эпақага келтириш учун тупроқ қувватини тиклайсизми, навларни алмаштирасизми, ўғитни янгилайсизми ё сувни тозалайсизми? Ҳосил қанақа бўлиши керак, уни сотиш қандай бўлади? Айни чоқда, эртанги кунни ҳам ўйлаш керак...
Коронавирусдан мисол келтирдик, қолганини ҳам айтақолайлик. Бу балонинг уруғи пайдо бўлганида манаман деган мамлакатлар ҳам оддий тестга зор бўлиб қолди. Юртимизда хасталикни аниқлайдиган тест ишлаб чиқарилди. Бундан ташқари, олимларимиз Хитой Фанлар академияси билан ҳамкорликда коронавирусга қарши вакцина яратишда иштирок этиб қолмай, уни ўзимизда ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйишди. Эҳ-ҳэ, бу хайрли юмуш борасида қанча гап-сўз болаламади дейсиз!
Агар одамлар оддий биология ва мантиқ илмини мактаб дастури доирасида билганида, воқеанинг моҳиятини бемалол кўра олган, демакки, тушунмовчиликлар ҳам юзага чиқмаган бўларди.
Ҳозир инновациялар соҳасида «нолдан бирни яратиш» босқичидамиз. Тамал барпо қилингач, кейинги «бирдан мингни яратиш» босқичига ўтилади.
– Ўтмиш тузум туз-намагини тотган адибларнинг қаламҳақи хусусидаги ҳикояларини эшитсангиз чўпчакдек туюлади: битта асарнинг қаламҳақига бемалол машина харид қилинган! Бугун фақат ёзувчилик ортидан рўзғор тебратиб бўлмай қолгани маълум. Бадиий асар ёзиб уч-тўрт танга топиш қаерда, минг машаққат билан битилган асарни китоб қилмоқ учун қўлёзмани қўлтиқлаганча ҳомий қидиришга тўғри келади. Ўзингиз ҳам талай йил адабиётдан четланиб тижорат жабҳасида фаолият кўрсатганингиз, моддий таъминотни жой-жойига қўйгач, яна сўз хизматига қайтганингиздан хабаримиз бор. «Ёзувчилик ортидан рўзғор тебратиш – профессионаллик белгиси» деган гап буткул эскирдими? Адабиёт аҳлини рағбатлантиришнинг недир йўл-йўриғи борми?
– Сўз хизматидан кетиб, кейин қайтиб келиш деган гап йўқ. Худди фан ёки дин соҳаси каби, адабиёт дарвозасидан бир марта кирилади. Бирон адабий журналда ишламаслик ёки ёзилганларни эълон қилмаслик – четланиш дегани эмас. Сиз «четланиш» деб атаган даврда каминанинг «Тодд», «Авлиё», «Боғи Эрам» ҳикоялари, «Боқий дарбадар» романи ёзилган...
Жамият аксар ҳолларда кулдирадиган ёки мафтун-маҳлиё қиладиган, бир сўз билан айтганда, ҳазми енгил асар ўқишни истайди. Модомики, пул тўлаб сотиб оляпман, талаб-эҳтиёжимни қондирсин-да, дейди истеъмолчи. Хўш, илмий кашфиёт пулга айланиши талаб этилаётган даврда чинакам сўз санъати қай йўлдан бормоғи лозим?
Адабиётда янгилик бўладиган асарлар албатта яратилади. Аммо тил гўзалликлари бор-бўйи билан аксланадиган, инсон руҳияти теран тадқиқ қилинадиган асарлар оммавийлик касб этмаслиги мумкин. Ҳар не бўлганда ҳам, бадиий санъат синчилари ва хос ўқувчилар бундай асарларни ҳамиша интиқ-илҳақ кутади.
Кишилик дунёси сувнинг формуласини топган олимни яхши билади. Бироқ ундан юз карра фойдалироқ бўлган «оғир сув» формуласини кашф этган кишини мутахассислардан бошқа биров эсламайди. Ваҳоланки, «оғир сув» формуласи кейинчалик янги-янги кашфиётларга доялик қилган. Бундай ҳолат адабиётга ҳам бегона эмас.
Айрим гуруҳлар адабиётни ўз йўриғига юришга мажбур этиши сир эмас. Ўтган асрнинг адабий қаҳрамонлари ҳали ёддан чиққанича йўқ. Сел келганида ариққа ётиб олиб сувни тўсган ва зотилжам бўлиб вафот этган киши қаҳрамон саналарди. Шу тариқа давлат ўз ғояси тарғиби йўлида адабиётдан фойдаланган. Кези келганда сўз санъати ана шу ғояларга содиқман деб кўкрак керган мунофиқ кимсаларнинг руҳиятига назар солади. Бу худди икки қутбга ўхшайди, шимолсиз жануб бўлмайди, жанубсиз шимол...
Қаламҳақи масаласига келсак, бу борада фикрим бир оз ўзгарган. Аслида, энг катта қаламҳақини ёзувчи олар, адабиёт эса ижодкор учун улкан имконият экан...
Азал-азалдан жаҳонга донғи кетган ҳукмдорлару давлатманд кишилар вафотимдан кейин ҳам элга хизмат қилиб савоби етиб турсин деган ниятда йўллар, кўприклар, бинолар қурган. Қўлида қаламидан бошқа нарсаси йўқ мардум нимаям қилсин дейсиз! Энди ўйлаб қарасам, эзгуликка етаклайдиган асарнинг йўл, кўприк ёки мадрасадан нимаси кам? Ёзувчи эл корига ярайдиган асар ёзса ва битикларининг савоби унга ҳатто ўлимидан кейин ҳам етиб турса – не бахт! Улуғларимиз адабиётни «элга хизмат» деб айтар эдилар, бунинг туб моҳиятини энди тушунаётгандекман.
Албатта, бундай «қаламҳақи»га сазовор бўлишнинг мушкулоти бор. Аммо умид ва илинж шулки, айтилган сўзлар Тангри таоло даргоҳига кўтарилади; сўз эса охират диёрининг элчисидир. Шояд, айтилган камтарона калом хайру марҳаматларга ноил этса!..
– Яқинда чоп этилган «Алишер Навоий» романингиз мунаққидларимиз таъбири билан айтганда, чинакам адабий ҳодиса бўлди. Аввало, «бошингизни зўр ишга бериб» муҳташам тарихий-бадиий солнома яратганингиз билан қутлаймиз. Улуғ мутафаккир ҳақида роман ёзиш, боз устига, Ойбек домладек забардаст адиб панжасига панжа уриш, шубҳасиз, улкан жасоратдир. Асар эътирофи борасида кўп сўзлаш мумкин, густоҳликка йўймасангиз, икки оғиз эътирозимизни ҳам баён қилсак.
Романда кўп бора синовдан ўтган йўлдан бориб, Навоийнинг болаликдан то кексаликка қадар умр йўлини батафсил қаламга олгансиз. Анъанавий қолипларни бузиб, мутафаккир бобомизнинг бутун кечмишини эмас, балки Маждиддин ва Низомулмулк билан ихтилофлар, Мўмин Мирзонинг қатл этилиши сингари шоир умрининг драматик зиддияту фожиаларга бой бирор қисмини танлаш мумкин эмасмиди?
Яна бир мулоҳаза. Ислом ақидасига кўра, исмат сифатига эга пайғамбарлардан бўлак барча инсонлар хатокордир. Навоий бобомиз ҳам инсоний қусуру камчиликлардан холи бўлмагани аниқ. Аммо романда у зот образига чизгиларда фавқулодда эҳтиёткорлик сезилади. Ҳолбуки, серғалва-сердолға умр йўлини босиб ўтган мутафаккирнинг ғазалларида ҳам иккиланиш, пушаймонлик кайфиятини уқиш мумкин. Бош қаҳрамоннинг бани одамга хос ожизликларини кўрсатишингизга нима монелик қилди?
– Алишер Навоий даҳоси бир қуёш бўлса, бу асар унинг ойнадаги биргина аксланиши, холос. Вақти келиб, буюк бобомизнинг ҳар бир куни асарларга айланса ажабмас.
Романни сиз айтган йўсинда ёзса ҳам бўлар, балки. Мен ўзимча, уни Хондамирнинг «Макорим ул-ахлоқ» ёки Бобур Мирзонинг «Бобурнома»си каби тарихий асарларга мос равишда тартиблашга уриндим. Асарни бошлаб, ҳатто ярмига келганимда ҳам хаёлимда сиз айтгандек ўйлар бор эди. Маждиддин ҳам, Низомулмулк ҳам фавқулодда ҳийлалар учун жуда боп «номзод». Навоийга қарши ҳар хил фитналар тўқишди деб, отни роса қамчиласа ҳам бўларди. Бироқ Худонинг марҳамати билан онгда бир фикр ярқ этиб чақнаб қолди: ахир, булар сизу биз сингари, ҳаётда яхшими-ёмонми, яшаб ўтган инсонлар-ку. Оламдан ўтганига яқин олти аср бўлсаям, сўнгги маконида маҳшар кунини кутиб ётибди. Улар айтмаган гапларни айттириш, қилмаган ишларини қилдириш... туҳмат бўлиб қолмасмикан?..
Энди ушбу қоидани асардаги барча тарихий образларга татбиқ қилиб кўринг-а! Бу шундай оғир ўй бўлдики, бутунбошли асарни қайта тафтиш этиб чиқишга тўғри келди. Албатта, айтилган сўзлар сабаб нафақат Маждиддину Низомулмулк, балки ҳазрат Навоийга рўпара бўлиш ва савол-сўроғига жавоб бериш масъулияти ҳам йўқ эмас. Шу боис романда ҳазрат Навоий тилидан айтилган сўзларни ўз асарларидан ёки у зотга бағишланган битиклардан излашга тўғри келди. Аммо барибир ҳадик-хавотир йўқ эмас: гарчи «Бобурнома» ёки «Ҳабиб ус-сияр»да Маждиддин тўнг, қўрс бир одам ўлароқ тавсифланган бўлса ҳам, вақт-соати келганида «Фалон каломни мен айтмаган эдим, фалон амални мен қилмаган эдим» деб рад қилса, қайга бош урамизу қандай жавоб берамиз?!
Тўқима образларга келсак, «Киши сурати чизилса, бўйнига чизиқ тортиб, пешонасига лоши-лоши деб ёзиб қўйиш шарт» қабилидаги ўтган аср ақидалари эсга келади. Не бахтки, бундай хавотирлардан ҳазратнинг ўзи қутқаради. У зот устоз Жомий ҳузурига борганини бундай ҳикоя қилади: «Сўзимни эшитар экан, юзи бўстондек очилиб, меҳрибонларча енгини эгнимга ташлади, қўлини елкамга қўйди. Шунда ўзимдан кетгандек бўлдиму қизиқ бир ҳолат юз берди: тўсатдан ўзимни ажойиб бир бўстон ичида кўрдим, боғу гулистон аро айланиб юрган эмишман... Боғ ичида кўпгина кишилар ҳалқа қуриб, ширин суҳбат қилар экан. Улардан бири олдимга келди. Шоирона қиёфали дилкаш ва кўркам бу киши салом бериб, мен билан сўрашгач, «Бу бахтиёр ва қувноқ одамлар сенинг ҳам суҳбатимизга қўшилишингни истамоқдалар», деди. Унинг таклифини қабул қилиб, ўша томон юрдим. Йўлда борарканмиз, ҳамроҳимга ўзимни таништириб, суҳбатдошлар ким эканини сўрадим. У дедики: «Улар маснавий назм қилган шоирлардир. Хусусан, улардан бир нечтаcи «Хамса» яратган, «Хамса»даги конлар хазинасини очган донолардир...» Шу тариқа, Навоий Хусрав Деҳлавий, Низомий Ганжавий ва бошқа шоирларнинг исмларини, ҳикматларини келтиради ва воқеа сўнгида бу ҳодисанинг хаёл маҳсули эканига ишора қилади.
Албатта, инсон – ожиз банда. Аммо миллат тақдирига битилган шундай улуғ, нурли зотнинг ожизликларини атай излаб топсаг-у, уларни асарда гавдалантирсак, бундан кимга фойда-ю, кимга зиён? Бундан кўра, авлодлик иззатимизни сақлаган ҳолда, олти аср беридан қўлимизни кўксимизга қўйиб, миннатдорлик билдирганимиз, ҳурмат изҳор қилганимиз аълороқ эмасми?
Собиржон Ёқубов суҳбатлашди.
«Тафаккур» журналидан олинди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter