Доллар 241 ёшда дунёни қандай титратмоқда?
6 июл — жаҳон молия тизимининг мутлоқ етакчиси, халқаро ҳисоб-китобларнинг "қироли" ҳисобланган АҚШ долларининг расмий туғилган куни. 1785 йилнинг айнан шу кунида АҚШ Континентал конгресси долларни мамлакатнинг расмий пул бирлиги деб эълон қилган эди. Бугунги кунда глобал инқирозлар, геосиёсий ўзгаришлар ва рақамли валюталарнинг фаоллашувига қарамай, доллар жаҳон иқтисодиётининг асосий таянчи ва хавфсиз молия паноҳи бўлиб қолмоқда.
Доллар сўзининг келиб чиқиши кўпчилик ўйлагандек Шимолий Американинг ўзига эмас, балки XVI аср Европасига бориб тақалади. Чехиянинг Йоахимстал (ҳозирги Яхимов) водийсида зарб этилган юқори сифатли кумуш тангалар "йоахимсталер" деб аталган, кейинчалик бу ном қисқариб "талер" кўринишини олган.
Ушбу валюта номи турли тилларда турлича трансформацияга учради, жумладан, голландларда "далер", инглизларда эса "доллар" шаклига келди. Америка мустамлакачилари қитъада кенг тарқалган испан кумуш тангаларини (песо) айнан доллар деб атай бошлашган ва кейинчалик мустақилликни қўлга киритган янги давлат бу номни расман ўзиники қилиб олди.
АҚШ доллари ташкил этилганининг дастлабки асрида шунчаки бир минтақавий валюта ҳисобланган бўлса, Иккинчи жаҳон уруши унинг тақдирини бутунлай ўзгартириб юборди. 1971 йилда АҚШ президенти Ричард Никсон доллар пойдеворини олтин билан таъминлашни бир томонлама тўхтатган бўлсада, бу долларни кучсизлантирмади. Аксинча, 1970 йиллар ўрталарида Саудия Арабистони ва ОПЕК билан эришилган келишув (нефтни фақат долларга сотиш тизими) валютанинг глобал талабини мутлоқ ва муқобилсиз даражага кўтарди.
АҚШ Федерал резерв тизими маълумотларига кўра, бугунги кунда барча босиб чиқарилган нақд долларларнинг 70 фоиздан ортиғи Қўшма Штатлар ҳудудидан ташқарида муомалада бўлади. Бу эса долларни нафақат иқтисодий, балки кучли геосиёсий таъсир қуролига ҳам айлантирган.
Сўнгги пайтларда "дедолларизация" (доллардан воз кечиш) ва муқобил валюталарни жорий этиш ҳақидаги сиёсий баёнотлар кўпайган бўлсада, реал халқаро статистика долларнинг гегемонлиги ҳали ҳам мустаҳкам эканини кўрсатмоқда.
Халқаро валюта жамғармаси кўрсаткичларига кўра, дунё мамлакатлари Марказий банкларининг валюта захираларининг қарийб 60 фоизи ҳали ҳам долларда сақланади. Шу билан бирга, SWIFT тизими маълумотларига кўра, жаҳон бўйлаб банклараро пул ўтказмалари ва транзакцияларнинг 47-48 фоизи айнан доллар ҳисобига тўғри келади. Дунё миқёсидаги умумий экспорт-импорт шартномалари ва валюта конвертацияларининг қарийб 85-90 фоизида доллар бевосита иштирок этади.
Энг асосийси, ҳар қандай глобал инқироз, пандемия ёки геосиёсий тўқнашувлар даврида дунё инвесторлари ўз капиталларини сақлаб қолиш учун биринчи навбатда айнан доллардан фойдаланишади. Бу молия тизимида хавфсиз бошпана феномени деб аталади.
Ўзига хос яшил ранги туфайли глобал молия оламида "Greenback" лақабини олган ушбу валюта доимий равишда сохталаштиришга қарши энг илғор технологиялар билан ҳимояланиб келмоқда.
Бугунги кунда молия бозори фақат қоғоз кўринишидан иборат эмас. Марказий банкларнинг рақамли валюталари ва криптоактивлар даври бошланаётган бир пайтда, АҚШ ҳукумати ҳам долларнинг глобал устунлигини сақлаб қолиш учун "Рақамли доллар" (Digital Dollar) лойиҳаси устида жиддий илмий ва технологик синовларни амалга оширмоқда.
Доллар 241 йиллик ривожланиш тарихи давомида шунчаки бир давлатнинг пул бирлигидан глобал иқтисодиётнинг асосий қон айланиш тизимига айланди. Унинг барқарорлиги ёки тебраниши нафақат Уолл-стритга, балки дунёнинг чекка нуқтасидаги оддий тадбиркор ва истеъмолчининг ҳам ҳамёнига бевосита таъсир қилади.
Бугунги кунда АҚШ доллари нафақат тарихий мақом, балки глобал инқирозлар шароитидаги кучли молиявий инструмент сифатида ҳам янги синовлардан ўтмоқда. Профессионал молиячи ва таҳлилчилар нигоҳи билан қараганда, долларнинг қадри ва инфляция ўртасидаги боғлиқликни бир нечта муҳим омиллар белгилаб беради.
Доллар дунёдаги асосий савдо валютаси бўлгани сабабли, Америка инфляцияси бошқа ривожланаётган давлатларга ҳам импорт қилинадигн инфляция сифатида кириб боради. Яъни, жаҳон бозорида хомашё, нефт ва озиқ-овқат нархлари долларда белгилангани боис, долларнинг харид қобилияти пасайиши автоматик равишда бошқа мамлакатларда ҳам нарх-навонинг кўтарилишига олиб келади.
Бу жараён ривожланаётган давлатлар бозоридан капиталнинг чиқиб кетишига ва уларнинг миллий валюталари доллар қаршисида қадрсизланишига сабаб бўлади. Натижада, АҚШ ичида долларнинг харид қобилияти инфляция туфайли бироз пасайсада, ташқи дунёда у бошқа валюталарга нисбатан янада кучлироқ ва қимматроқ бўлиб олади.
Дунёда геосиёсий тўқнашувлар ёки глобал рецессия хавфи ортган сари, доллар индекси (DXY — долларнинг 6 та асосий дунё валюталарига нисбатан курси) юқорилайди. Яъни, инфляция долларнинг реал қийматини емириши мумкин, аммо ишончлилик бобида унга тенг келадиган муқобил тизим ҳали яратилмагани учун, у барибир энг ликвид актив сифатида танланаверади.
Бугунги кунда Марказий банклар олтин сотиб олишни кўпайтиргани ва трансчегаравий ҳисоб-китобларда миллий валюталардан фойдаланишга интилаётгани рост. Бироқ, молиявий таҳлил кўрсатадики, доллар қадрининг кескин тушиб кетишига яқин орада йўл қўйилмайди. Бунинг сабаби — дунёдаги жами қарздорлик мажбуриятларининг (айниқса, ривожланаётган давлатларнинг ташқи қарзлари) катта қисми долларда номинация қилинган. Доллар тизимининг заифлашуви глобал қарз инқирозини бошлаб юбориши мумкин, бундан эса ҳеч қайси йирик иқтисодий марказ манфаатдор эмас.
Ҳозирда доллар иккиёқлама босим остида, ички инфляция унинг реал харид қобилиятини пасайтирмоқда, аммо глобал молиявий беқарорлик ва юқори ставкалар унинг ташқи курсини баланд ушлаб турибди. Молиявий активларни диверсификация қилиш трендда бўлса-да, яқин истиқболда доллар тизимли барқарорлик омили ва халқаро захираларнинг пойдевори бўлиб қолишда давом этади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter