Ҳалолнинг томири тоғдай ёхуд миллий ҳикоячилигимиз ютуғи ҳақида ўйлар

Сўз – одамзодга, бадиий сўз эса улардан айримларига – танланган истеъдод эгаларигагина ато этиладиган улуғ неъмат. Бу неъматни қадрлаган ижодкор ҳам албатта қадр топади. Асарлари миллий сўз санъатининг юксалишига хизмат қилади. Ўқувчининг адабий идрокини, бадиий дидини ўстиради. Атоқли ёзувчи Хайриддин Султоннинг «Бобурийнома» маърифий романи, «Саодат соҳили», «Ёзнинг ёлғиз ёдгори», «Ажойиб кунларнинг бирида», «Кўнгил озодадур» каби қиссалари ҳамда сара ҳикоялари айни шу хусусиятлари билан ўзбек насри такомилида алоҳида ўринга эга.
Кейинги йилларда адиб ижоди янги юксалиш палласига кирди. Ёзувчининг «Одамлардан тинглаб ҳикоя», «Навоий-30» каби китоблари ижодий ғоянинг оҳорли экани, ҳикоялар замиридаги ҳикмат ва ибрат ҳамда ифоданинг жозибаси билан ўқувчи қалбига ёғду олиб кирди. «Ишонч телефони» қиссаси замондошларимиз қалбида ва руҳида кечаётган эврилишлар, уларнинг орзу-армонлари, кечинмалари ўзига хос тасвирлангани жиҳатидан қимматлидир. Уч ҳикоядан таркиб топган «Осмони фалакларда» китоби ўзбек насрида шу пайтгача қаламга олинмаган мавзу – учувчилар ҳаёти индивидуал услубда талқин этилгани билан адабиётимизда янги бадиий-эстетик ҳодиса сифатида баҳоланишга лойиқдир.
Уч ҳикоя – «Икки карра қаҳрамон», «Осмони фалакларда» ва «Бир кишилик авиаҳалокат» гарчи қаҳрамонлари бошқа-бошқа кишилар, ифода услуби ўзаро фарқли бўлса ҳам, мантиқан бир-бирини изчил давом эттиради, бир-бирини тўлдиради ҳамда бойитади. Ҳикояларнинг моҳиятан яқинлиги сабаби мавзунинг учувчилар ҳаётидан олингани билангина боғлиқ эмас. Уларни бирлаштириб турувчи муҳим ҳалқалардан бири ҳикояларда халқимиз тийнати ва дунёқараши асосини ташкил этувчи ҳалол ва ҳаром тушунчаларининг инсон қисматида тутган ўрни тасвирига урғу берилганидир. Эътиборли жиҳати, бу урғу муаллиф тилидан таъкидланмай, асарнинг ички бадиий мантиғидан англашилади. Мазкур тушунчалар қаҳрамонлар ҳаёт тарзи, руҳияти, кечинмалари ва тақдири билан алоқадорликда юксак даражада бадиий талқин этилади.
«Икки карра қаҳрамон»нинг саботи
Бадиий наср ютуғини уч хусусият белгилайди: оҳорли мавзу, эпик тасвир мукаммаллиги ва бетакрор услуб. Насрнинг энг кичик жанри саналган ҳикояда ёзувчининг масъулияти бир неча баравар каттароқ бўлади. Ҳикояда юқоридаги уч хусусиятдан ташқари ифода сиқиқ бўлиши, оз сўзга кўп маъно юкланиши, композиция аниқ бадиий концепция асосида шакллантирилиши зарур. Хайриддин Султоннинг «Икки карра қаҳрамон» ҳикояси бадиий насрнинг юқори мезонларига мувофиқ келади. Албатта, бунда катта ижодий тажриба ва юксак маҳорат ҳам ўз сўзини айтган.
Ҳикоя мавзуси ҳақиқатан оҳорли. Ўзбек ҳикоячилигида учувчилар ҳаёти илк бор ана шу асарда қаламга олинган. Бош қаҳрамон Муҳаммадкамол Отабоев – ҳалол инсон, моҳир ва фидойи учувчи. Ҳикояда учувчи сифатидаги маҳорати бир неча таъсирли ва аҳамиятли воқеалар мисолида тасвирланган. Масалан, АҚШнинг Бутунжаҳон савдо маркази портлатилган 2001 йил 11 сентябрь санасида у Тошкентдан Нью Йоркка учадиган рейсни, бу шаҳарга қўнишга рухсат бўлмагач, экипаж командири сифатида жуда қийин шароитда Канаданинг АҚШ билан чегараси яқинидаги Ҳэппи-Вэлли шаҳрига эсон-омон қўндиради. Дастлаб унга эътироз билдирган айрим йўловчилар аэродром биносидаги экран орқали ҳақиқий аҳволдан хабардор бўлгач, дир-дир титраб, нақд ўлимдан асрагани учун унга миннатдорлик билдиради. Ана шу парвоз чоғида бир юз тўқсон йўловчи ва ўн бир нафар экипаж аъзосининг ҳаётини ва самолётни асраб қолгани учун унга Қаҳрамонлик унвони берилган. Фақат бугина эмас. Коронавирус тарқаган кезда Муҳаммадкамол ҳаётини хавф остига қўйиб, Питердан юзлаб одамларни самолётда Ўзбекистонга олиб келган. Улар билан бирга ўзи ҳам бир ой карантинда ўтирган. Ёзувчи буларни ровий – учувчининг дўсти тилидан жозибали ва таъсирли тилда ифодалайди.
Касбига садоқати Муҳаммадкамол фазилатининг бир томони бўлса, иккинчи томондан, у ниҳоятда оилапарвар ҳамдир. Бангкокдан Тошкентга учишдан аввал икки набирасига, кейин бошқаларга совға-салом олади. Фирмасининг ишлари билан Москвага кетган арзанда куёвига италянча костюм-шим харид қилади. Қизи Маъмура билан телефонда сўзлашиб, бир размер кичик олганини билгач, савдо марказига бориб, алмаштириб ҳам келади. Еру кўкка ишонмай, куёвини дўстларига ҳам кўп бора мақтаган. Адиб ровий тилидан куёвнинг характерини қуйидагича тасвирлайди: «...мақтаса арзигулик бир йигит эди: кўркам, хушқомат, тадбиркор, басавлат, қўли доим кўксида – таъзим-тавозеда! Камтару камсуқумлигини кўриб, ҳеч ким уни бутун Ўзбекистон танийдиган катта бир амалдорнинг ўғли эканига ишонмас эди». Бироқ одамнинг сурати ва сийрати ҳар доим ҳам мувофиқ келавермайди-да... Ҳикоя давомида бу «хушқомат» йигитнинг самолёт салонида одамлар ухлаётган кезда номи чиққан яллачи жувон билан юзсизларча ҳирсини қондираётгани устига экипаж командири бўлган қайнотаси келиб қолгани тасвирланади.
Учувчи нимқоронғида дастлаб йигитга эътибор бермайди. Ҳикояда: «...бир умр ўрисча ўқиб, ўрислар билан ишлаб юрган бўлсаям, ўзи жуда покиза, бетаҳорат юрмайди, бунақа ҳаром-ҳариш ишларни кўрса, жон-пони чиқиб кетади» дея таърифланган Муҳаммадкамол бу шармандаи шармисорларни тартибга чақирмоқчи бўлиб турганда, бирданига таниш овозни эшитиб, турган жойида қотиб қолади. Не кўз билан кўрсинки, ўша шарманда арзанда куёви Шерали бўлиб чиқади. Айни ҳолат ташқи қиёфа алдамчи эканини, одамзоднинг сурати ҳар доим ҳам ички олами билан уйғун бўлавермаслигини кўрсатади. Инсон кўркам деб ўйлагани аксар маънан кўр ва кам бўлиб чиқиши, хушқоматлик хушахлоқликни, савлат деганлари руҳият саломат эканини билдирмаслиги, зоҳирдаги камтару камсуқум бўлиб кўриниш кўпинча ботинга мувофиқ келмаслиги ҳақида, одатда, камроқ фикрлайди. Ёзувчининг маҳорати шундаки, бу ҳақда бирор сўз демайди. Ҳаммасини қаҳрамонлар характери, ҳаракати ва нутқи орқали ўқувчи кўз ўнгида образли намоён этади. Зеро, ҳақиқий ижодкорнинг ижодкорлиги шундаки, у айтмасдан айтади, бир сўз демасдан бор ҳақиқатни, бутун моҳиятни англата олади. Хайриддин Султон ана шундай адиб.
Севикли қизини ишониб топширган нусханинг бундай қабоҳатига гувоҳ бўлган пок инсоннинг дарду изтиробга тўла ҳолатини, андуҳ қаъридаги руҳиятини ёзувчи қаҳрамоннинг ўз тилидан ниҳоятда ишонарли тасвирлайди: «Вижиллаган қон товонимнинг учидан бошлаб тепага кўтарилаётганини, миямга бориб урилганини, чакка томирим ҳозир ёрилиб кетишини сезиб-билиб турибман. Қулоғим чиппа битиб, кўз олдим қоронғилаша бошлади». Лекин ҳикоянинг бош қаҳрамони шундай инсонки, у фақат ўзинигина ўйлай олмайди.
Ёзувчи қаҳрамоннинг ушбу мушкул вазиятдаги кечинмаларини маҳорат билан тасвирлайди. Натижада ўқувчи ҳам Муҳаммадкамол билан бирга изтироб чекади, ўзини унга ҳамдард сезади. Бу ҳол адибнинг бадиий ижодга хос психоанализ ва мантиқий далиллаш усулини санъаткорона қўллай олгани натижасидир. Ҳикоя давомида характери тадрижий равишда ёритиб борилган бош қаҳрамон худбинликдан йироқ шахс. Ўзи ана шундай оғир аҳволда бўлишига қарамай, унинг хаёлида уч юз йўловчининг қисмати ва қадрдон самолёти: «Энди шу тобда миямга қон қуйилибми, юрагим ёрилибми кетса, – дея андуҳ чекади Муҳаммадкамол. – ўн бир минг метр баландликда, соатига саккиз юз километр тезликда учиб кетаётган, бортида уч юзга яқин одам бўлган баҳайбат самолёт учувчисиз қолса....».
У ҳатто авария эшигини очиб, икки наҳс босганни самолётдан улоқтириш фикрига ҳам келади. Ўз-ўзи билан кураш бошланади. Ана шу мушкул вазиятда ҳақиқий қаҳрамон эканини яна бир карра намоён этади: қалбини ўртаган андуҳни, ич-ичини кемираётган ҳиссиётларини енга олади. Фақат ернигина эмас, осмонни ҳам булғаган ножинсларга бўлган нафрат туйғуси устидан ғалаба қилиб, мана бундай қарорга келади: «Қоп-қора бепоён осмонга тикилиб узоқ ўйладим. Энди мен ҳамма нарсани, аввало, юрак-бағримни куйдираётган алам, қасос туйғусини унутишим керак! Унутишга мажбурман!» Чиндан ҳам, у алам ва қасос туйғусини унутишни уддалади. Одамлар ва икки ножинснинг ҳам ҳаётини сақлаб қолди.
Ўзаро суҳбатда дўсти унга ҳақиқий икки карра қаҳрамон эканини айтганда, учувчиларга хос рус тилида:
– Да пожалуй, – деди хўрсиниб, – но второй раз посмертно!
Ҳақиқатан, фарзанди қаторида кўриб, меҳр бериб юрган кишисининг нопок қилмишига гувоҳ бўлгач, Муҳаммадкамол сингари пок инсоннинг оқ кўнгли синди. Дўсти иккинчи қаҳрамонлик деб атаган ниҳоятда мураккаб вазиятдаги саботни «посмертно» – ўлимдан кейин деб аташи унинг бу воқеани чўнг фожиа ўлароқ қабул этгани исботидир. Шундай ҳолатда ҳам ғазабини боса олиш, қалбидаги қасос ўтини ўчира билиш ҳамманинг ҳам ҳадди эмаслиги аён. Бу ҳол икки карра қаҳрамоннинг чинакам сабот эгаси экани исботидир.
Кичик бир ҳикояда халқимиз дунёқарашининг асоси саналган ҳалол ва ҳаром тушунчалари билан боғлиқ мураккаб воқелик, қаҳрамонларнинг руҳий кечинмалари бунчалик маҳорат билан тасвирлангани юксак ижодий салоҳият ҳосиласидир.
Осмони фалаклар ёки заминда жони ҳалаклар
Адабиёт воқеликка ўз ўлчовлари асосида ёндашади. Ижодкор ҳаёт ҳодисаларини қандай бўлса, айнан шундай эмас, эстетик идеалига монанд тасвирлайди. Хайриддин Султоннинг «Осмони фалакларда» деб номланган ҳикояси касби осмон билан боғлиқ инсонларнинг заминдаги ҳаёти бутун мураккаблиги билан тасвирлангани жиҳатидан алоҳида аҳамиятга эга. Ҳикоя Бобомуҳаммадраҳим Бадалов саргузаштлари билан бошланса ҳам, бош қаҳрамон – Рашод Шамшетов.
Асарда «Осмони фалакларда» китобидаги ҳар уч ҳикоянинг бош мавзуси – ҳалол ва ҳаром тушунчаларининг миллат ҳаётидаги ўрни билан бир қаторда ўзбек характери ва миллий тил қисмати билан боғлиқ талқинлар ҳам ўрин олган. Ҳикояда бадиий замон ўлароқ собиқ советлар давлати тугаган дастлабки давр воқелиги танланган. Киев фуқаро авиацияси институтини тамомлаб иш учун Эстонияга йўлланма олган Бадалов тимсолида ўқувчи ўша замондаги «совет нуқси деярли урмаган», нақд етмиш олти хил лавозимга, ҳатто сантехникликка ҳам фақат эстонияликлар қабул қилинадиган, ишга кириш учун эстон тили ва мамлакат Конституциясидан имтиҳон олинадиган Эстониядаги, шу билан бирга, бу мамлакатдан тубдан фарқ қилувчи – ҳаво йўллари идорасида иш рус тилида юритиладиган, ўзбек тилида ариза қабул қилинмайдиган Ўзбекистондаги вазият ҳақида ҳам тасаввур ола билади.
Бош қаҳрамон Шамшетов номи ҳам илк бор Эстония пойтахти Таллинда тилга олинади. Авиация департаменти ходими Аксель Карлович унга Ўзбекистонга боришни, ўзи бирга ўқиб, авиаполкда бирга хизмат қилган дўсти, «ўнта бошлиқдан ҳам обрўси кучли» Шамшетовга учрашни маслаҳат беради. Тошкентга келган Бадалов учун, табиийки, гоҳ Лондон, гоҳ Дубай ва гоҳ Парижга учадиган тутқич бермас «Боинг-767» экипажи командирига учраш осон кечмайди. Аксель Карловичнинг саломини етказганда, ўзбек тилида аранг сўзлайдиган Шамшетовнинг ҳам қалбида миллатсеварлик руҳи сўнмагани аён бўлади:
– Ким? Ким дединг? Аксель?... Қанақасига... у ахир туғилгандан бери Алексей, Лёха эди-ку, энди Аксель бўлиб олибдиларми? Во хумпар, во, хамелеон! – У оёғини узатиб, ўриндиққа ястаниб олди. – Лекин мана шу прибалтлар бор-ку. Тан олиш керак, ёмон ҳам юртига садоқатли, миллатчи бўлади-да. Совет қирқ йил қозонида қайнатса ҳам, уларнинг қонини ўзиникига қўша олмади...
Шамшетов гарчи давлат тили мақоми берилган бўлса ҳам, ўзбек тилининг ўша кездаги ачинарли аҳволини юракдан ҳис этади, она тили учун куйинади, миллатининг қадди ҳам, қадри ҳам баланд бўлишини истайди. «Хоҳласанг, сен билан ўзбекча – госязикда гаплашишга ҳам тайёрман, – дейди у Бадалов билан суҳбатда. – Аммо бу шўринг қурғур тилнинг шунча хўрлангани камми ўзи, энди мен ҳам қўшилиб, абжағини чиқармасам, деб ўйлайман-да, билдингми?» Бу сўзлар аслида русча тарбия кўрган, ўша муҳитда улғайган, фикри теран ўзбек фарзандининг қалбидан чиққани эътиборга олинса, адиб ушбу образ замирига нечоғлиқ катта маъно юклагани аён бўлади.
Ҳикоянинг бош ғояси талқинига икки қаҳрамон суҳбати асосида кирилади. Шамшетов Бадаловга айтади:
– Хўш, энди бўладиган гапга ўтайлик. Қанча соққанг бор?
Бадаловнинг анқайиб турганини кўриб, бармоқларини шақиллатишга тушди:
– Бабло, мани?
– Пулми, пул йўқ менда.
– Пулинг бўлмаса, шаҳри азимда пишириб қўйибдими сенга? Ҳозир наинки Москва, балки Тошкент ҳам кўзёшига ишонмайди, билдингми? А, бу қишлоғингдаги ҳўкиз-пўкизни сотиб, соққасини белингга бойлаб келмабсан-да, хўроз?...
– Наҳотки авиацияга пора бериб ишга кирса?
– Ҳа, ашула айтиб кирадими бўлмаса?
Табиийки, Шамшетовдай ҳалол-пок одам бу сўзларни шеригини синаш учун атай айтган эди. Пора олиш унинг ҳатто етти ухлаб тушига ҳам кирмаган. Бадалов ҳам бундай қинғир йўл билан ишга киришни тасаввурига келтира олмайди. Ундан кўра ҳатто севимли касбидан кечишга ҳам тайёр. Ёзувчи ана шу суҳбат замирида ўша кезлари жамиятда, ҳатто авиация тизимида ҳам шундай иллат урчиганига, лекин нафс ўпқонига тушмаган Шамшетов каби виждонли инсонлар ўзини бундан сақлай олганига ишора қилади. Қўлини қўлтиғига уриб, қишлоғига қайтмоқчи бўлган Бадаловга қарата унинг тилидан айтилган мана бу сўзлар ҳам ушбу фикрни тасдиқлайди:
– Тўхта, шошма, эй жинни! Сени синашга айтган эдим. Лекин шилтинг-пилтинг қилганингда, нақд бетингга тупурардим. Ёмон болага ўхшамайсан. Билиб қўй, бунақанғи қинғир ишларни ер кўтарса кўтарар, аммо осмон кўтармайди. Осмон ҳаромни ҳам, ҳаромини ҳам қабул қилмайди, уқдингми? (Таъкид бизники – Н.Ж.).
Ҳаётнинг аччиқ-чучугини кўрган, адолатсизликка, ҳақсизликка кўп бора дуч келган, ҳақ сўзни айтгани учун аксар жабр чеккан, лекин ҳақиқат йўлидан қайтмаган инсонлар ўзларига йўлдош бўлмоқ истаганларни, албатта, синаб кўради. Чунки йўлдоши эгриқадам, ҳаромдан ҳазар қилмайдиган бўлса, унинг касофати уришидан қўрқади. Ҳикоядаги Шамшетов – ана шундай инсонларнинг умумлашма образи. У шундай инсонки, иши осмони фалаклар билан боғлиқ бўлгани каби инсонийлик шаънини ҳам осмон қадар юксакликда сақлай билган. Шунинг учун ҳам у: «Билиб қўй, бунақанғи қинғир ишларни ер кўтарса кўтарар, аммо осмон кўтармайди. Осмон ҳаромни ҳам, ҳаромини ҳам қабул қилмайди, уқдингми?» – дейишга тўлиқ ҳақли. Ҳикоя қаҳрамонининг ҳалол ва ҳаромга муносабати, аслида, у мансуб миллатнинг тийнати, табиати билан боғлиқ. Ҳалоллик инсон шарафини осмонга юксалтирса, ҳаром унинг шаънини ер қаърига туширишига ишора бор бу сўзларда.
Асарнинг яна бир қаҳрамони – Эшбеков ҳам асли учувчи. Шамшетов таъбири билан айтганда, у: «Учувчи сифатида тенги йўқ, ас... Қоҳирага учганда «Тушка»нинг шассиси умуман очилмай қолган, лекин... самолётни бешикаст қўндирган. Бу тўғрида ҳатто халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти ҳам ёзган».
Хайриддин Султон инсон психологиясини теран англайди. Наинки англайди, уни бадиий асарда маҳорат билан тасвирлайди. Инсон – унутувчи ва адашувчи. У ўз соҳасини мукаммал эгаллаши, улкан ютуқларга эришиши мумкин, бироқ ҳаётнинг синовли сўқмоқларида аксар адашади. Қийинчиликларни енгиб ўтиши мумкин, лекин ютуқлар олдида кўпинча эсанкираб қолади. Ҳирсу ҳавас, нафсу ҳаво ўпқонига тушса борми, уни қутқармоқ маҳол. Ана шу ҳаётий ҳақиқатлар ҳикояда қаҳрамонлар нутқи, ҳаракати, ўй-кечинмалари, қайғу-аламлари орқали маҳорат билан тасвирланади. Эшбековнинг авиакомпания раҳбари бўлгандан кейинги ҳолати ҳам ушбу фикрни тасдиқлайди. Унинг ачинарли аҳволи Бадалов билан суҳбатда Шамшетов тилидан мана бундай ифодаланади: «...мансабга, соққага берилиб кетди бечора... Ошнаси – амалдору бойлар, кўча, қаёқдаги қасанғилар. Фақат шулар билан ачомлашиб, ўпишиб кўришади... Вазирми шу? Авиакомпания билан бир тийинлик иши йўқ, фақат иккита каттаконнинг кўнглини олса, бас. Ачинаман, раҳмим келади – осмонни кўрмай қолди шўрлик».
Катта авиакомпания раҳбарига нисбатан «шўрлик» эпитетининг қўлланиши унинг ўз касбидан – илдизидан, одамийлик қиёфасидан айрилиб қолганига нисбатан берилган ҳаққоний баҳо. Ер юзидаги инсонларни икки тоифага: учувчилар ва бошқа ҳамма инсонларга бўлувчи Шамшетов наздида, учувчи учун «осмонни кўрмай қолиш» – фожиа.
Шамшетов – ҳалол ва ҳақиқатпараст инсонларнинг умумлашма образи. Юқорида зикр этилган танқидий фикрларни у бошқалар билан суҳбатлардагина эмас, Эшбеков қатнашадиган умумий мажлисларда ҳам унинг бетига шартта-шартта айтади, айтганда ҳам, ёзувчи таъбири бўйича: «...тилига қалампир суртиб, устига янтоқ боғлаб» гапира олади.
Эътиборли жиҳати, бундай дангаллик тагида зиғирча ҳам шахсий манфаат ётмайди. Унинг ҳақиқатпарастлиги Эшбековга бўлган шахсий ғараз ёки манфаат талашувдек тубанликдан холи: самимий ва дангал. Шунинг учун ҳам Эшбеков ишдан олинганда болалаб кетган миш-мишлар, гумону тахминлар уни заррача ҳам қизиқтирмайди. Эшбековнинг қўшни давлат пойтахтидаги халқаро аэропорт директори этиб тайинланганию олти ойдан кейин «Ишдан олинибди» деган шовур-шувур тарқаганда ҳам бунга муносабат билдиришни лозим кўрмайди. Фақат ўша кездаги суҳбатларидан бирида Бадаловга: «Бир лётчик дунёга келдию кетди» деб қўяди, холос. Бу сўз замирида умрини ҳою ҳавасга совурган Эшбеков ҳолатига ачиниш туйғуси билан бирга унинг чинакам маҳоратли учувчи бўлганининг эътирофи ҳам мужассам.
Ҳикоянинг яна бир ютуғи, Шамшетовнинг мураккаб характери ва собит қарашлари ёрқин ва бетакрор тасвирлангани билан боғлиқ. Бадалов билан Шамшетов навбатдаги халқаро рейс бўйича Тошкентга учишга тайёргарлик кўрар экан, экстрадация қилинган бир шахс конвой ҳамроҳлигида уларнинг самолётида учиши ҳақида махфий хабар келади. Ҳикояда жиноятчининг олиб келиниш ҳолати мана бундай тасвирланган: «Ниҳоят, сўнгги дақиқада учиш майдонига иккита баҳайбат қора «жип» ўқдай учиб кириб келди ва шундоқ орқа трап олдида тўхтади. Машиналар эшиги шитоб билан очилиб, камуфляж формали, юз-кўзига қоп-қора ниқоб тақиб олган олти нафар девдек автоматчи йигит билан фуқаро кийимидаги икки норғул киши сакраб тушди. Уларнинг қуршовида, не кўз билан кўрсинларки, кишанбанд, боши эгик Эшбеков оқсоқланиб келарди».
Ёзувчи ана шу ўринда Шамшетов характеридаги саботни, унинг ҳаётий принципига хос қатъиятни ишонарли тасвирлайди. «Маска-шоу» гуруҳи томон бориб, масалага ойдинлик киритгач, у Эшбеков қўлидаги кишанни ечишни талаб қилади ва акс ҳолда учмаслигини билдиради. Шамшетов билан гуруҳ раҳбари подполковник Аҳмедов ўртасида шундай мулоқот кечади:
– Командир, ҳушингни йиғ! – деб пишқирди Аҳмедов. – Ўт билан ўйнашма! Трибуналга кетасан, билдингми?
– Майли, – деди Шамшетов. – лекин менинг самолётимда учувчининг қўлига кишан солишга йўл қўймайман.
Ранги-қути ўчиб, қўрқиб кетган Эшбеков жон ҳолатда:
– Шамшетов, керакмас, бас қил... – деб шивирлади.
– Ўртоқ подполковник, - деди Шамшетов унинг гапини эшитмагандек, - ўн минутдан кейин ҳаво коридори ёпилади. Масалани ҳал қилинг. Хоҳласангиз, Тошкентдан экипаж чақиртиринг. Ёки аэропорт маъмурияти билан гаплашиб, рейсни кечиктиринг.
– Аблаҳ саботажчи! Онангни кўрсатаман ҳали! – Аҳмедов бўралаб сўкинишга тушди. Аммо дўқ-пўписаларни зиғирча ҳам таъсир қилмаётганини кўриб, эланишга ўтди. – Тушун ахир, Шамшетов, менда буйруқ бор!
– Сен ҳам мени тушун, менда виждон бор!
Ушбу диалог ҳикоянинг кульминацияси. Айни шу диалогда ўз касбини муқаддас билган учувчининг, парвоз тугагандан кейин ўзини қандай тақдир кутишидан қатъи назар, касбига ва касбдошига ҳурматини сақлай олган бош қаҳрамоннинг жасорати юксак бадиият билан ифодаланган. Шамшетов қатъий талаб қилиб, Эшбеков қўлидаги кишаннни ечтиради, «маска-шоу» гуруҳи олдида ҳатто жиноятчиликда айбланган собиқ раҳбаридан учишга изн сўраб, расмий мурожаат қилади. Парвоз давомида барчани ҳайратга солиб, икки барзангининг ўртасида ғужанак бўлиб ўтирган Эшбековга биринчи разряд бўйича алоҳида дастурхон тайёрлатиб, шахсан ўзи олиб боради. Самолёт Тошкентга қўнгач, ўнг қўлини фуражка четига қўйиб, собиқ вазирга ҳаво кемаси парвозни муваффақиятли амалга оширгани ҳақида ахборот беради.
Адиб ҳикояда ушбу ҳолатга Эшбековнинг муносабатини қуйидагича ифодалайди: «Эшбеков трапнинг охирги поясига қадам қўяр экан, кўзларидан ёш чиқиб кетди, аммо ғири-шира қоронғида буни ҳеч ким кўрмади.
– Раҳмат, раҳмат сенга, Рашод... – деб шивирлади ва конвойнинг амрига бўйсуниб, қора машина томон йўл олди».
Адиб сўзни маҳорат билан қўллайди. Масалан, биргина Эшбековнинг кўзларидан ёш чиқиши, «раҳмат» калимасини икки марта такрорлаши замирида унинг қалбида кечган тўфонлар бутун кўлами билан ифодаланган. Шамшетовнинг, эҳтимол, бошқа ҳеч кимнинг қўлидан келмайдиган мардлиги, саботи олдида бош эгганини ҳам билдиради ушбу сўз такрори.
Табиийки, бу «демарш»и учун Шамшетов маълум муддат терговга қатнади, иши ёпиқ судда қўрилди. Лекин ҳукуматга «ўтказиб қўйган» жойи борлиги, ядро бомбаларини Семипалатинскдаги полигонларга етказиб беришда алоҳида хизмат кўрсатган ҳарбий учувчини – ўта махфий давлат сирини биладиган шахсни наинки қамаш, ҳатто унга нисбатан бирон-бир чора кўриш мумкин эмаслиги маълум бўлади. Ўн йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Эшбеков эса турма касалхонасида вафот этади.
Шу бўйи қаердалиги номаълум Шамшетов орадан бир ярим йиллар ўтгач, Бадаловга телефон қилади. Глобал исиш оқибатида Шимолий қутбдаги музликлар эриши муносабати билан БМТ бир дастур тузиб, учувчиларни ёллаётганини айтиб, қутбларга маза қилиб бирга учишни таклиф этади. Ипотека кредитига янги уй олган, иккинчи ўғил фарзандининг туғилишини кутаётган Бадалов бу таклифни қабул қила олмаслигини билдиради. Уларнинг ҳаяжонли хайрлашув диалоги ҳам Шамшетовнинг ҳеч кимга ўхшамаган нодир шахс эканини кўрсатади. Шундан кейин ҳамкасблари ўртасида унинг кейинги тақдири ҳақида турли тахмину гумонлар тарқалади. Ҳикоя: «Аммо Бадалов бу гапларнинг биронтасига ишонмади.... Қадрдон командири қаердадир осмони фалакларни тўлдириб, мағрур парвоз қилиб юрганига имони комил эди», деган сўзлар билан якунланади.
Умуман, учувчилар ҳаётига бағишланган ушбу ҳикоя, Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Эркин Аъзам таъбири билан айтганда: «Мавзу жиҳатидан ҳам, воқеликка дадил ёндашув ва шаклу ифода жиҳатидан ҳам тамомила янги, оҳорли асар»дир. Бунга қўшимча қилиб, ҳикоянинг услуби оригинал, қаҳрамонлар характери ва руҳияти талқини тўкис, образлари ёрқин ва ҳаётий эканини таъкидлаш керак. Ҳикоя касби осмон билан боғлиқ одамлар елкаларида заминнинг ҳам оғир юкларини ортмоқлаб юриши ҳақидаги теран ҳаёт фалсафаси бетакрор тасвирлангани билан ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Асардаги Шамшетов образи, характерининг ўзига хос оҳорли экани талқинига кўра ҳам, зиммасига юклатилган вазифанинг кўлами ва миқёси нуқтаи назаридан ҳам, тасвир усулининг индивидуаллиги ва бадиий жозибаси билан ҳам мукаммал тасвирланган. Шунга кўра, ушбу ҳикоя замонавий ўзбек насрининг чўнг ютуғи сифатида эътироф этилмоғи зарур.
«Бир кишилик авиаҳалокат» сири
«Осмони фалакларда» китобидан ўрин олган учинчи ҳикоя ҳам оҳорли композицияси ва сюжети, кўпқатламли образли тасвирнинг адиб ижод концепциясини тўкис ифодалашга хизмат қилгани билан характерланади.
Ҳикоя самолёт эсон-омон ҳавога кўтарилгани, стюардессанинг бу ҳақдаги ҳиссиз эълони ҳамда Искандарнинг кабинадаги ўриндиққа оғир чўккани тасвири билан бошланади. Гарчи аэродинамика қоидаларини сув қилиб ичган бўлса ҳам, мана шу баҳайбат, тоғдек улкан темир мавжудотнинг тонна-тонна юк билан қандай қилиб ердан узилиб, осмони фалакка эркин қушдек парвоз қилишини оми бир кимса каби ақлиға сиғдиролмаган, инсон тафаккурининг бу беқиёс мўъжизасига боқиб, қалбида ҳайрат ва ғурур туйган Искандар бу сафар чап кўкрагидаги симиллаган оғриқдан бошқа нарсани сезмагани ифодаси бош қаҳрамоннинг оғир руҳий зарбага учраганидан далолат беради.
Хайриддин Султон сўзни инжа ҳис этиб, санъаткорона қўллайдиган, бадиий сўз зиммасига ҳаёт фалсафасини маҳорат билан жойлай биладиган ижодкор. «Бир кишилик авиаҳалокат» ҳикоясида ушбу хусусият, айниқса, яққолроқ намоён бўлган. «У Садафдан ўлмай туриб айрилган эди» – шу биргина гап бутун ҳикоя учун очқич вазифасини ўтайди. Севган кишисидан ўлмай туриб айрилиш, одатда, фақат бир ҳолатда – хиёнат сабабли юз бериши мумкин. Бу эса адибнинг фикрлайдиган ўқувчига асар бошиданоқ ишора берганини кўрсатади. Ҳикоя ровийси – муаллиф шундан сўнг бош қаҳрамоннинг кўрган-кечирганлари талқинига ўтади.
Ёзувчи персонажлар портретини маҳорат билан тасвирлайди. Искандарнинг инглиз тили репетитори бўлган Садаф билан авиация лицейининг учинчи босқичига ўтганда интернетдаги эълон орқали танишгани ҳикоя қилинар экан, қизни: «Қалин қуюқ сочлари калта қилиб кесилган, тим қора, фаттон кўзлари кишига кулиб боқса-да, тили заҳаргина бу қамарсиймо асли водийлик, жаҳон тиллари дорилфунунини битирган, қариқизликка ишончли номзод ёшида эди», дея таърифлайди. Кўзлари фаттон – кўрган одамнинг қалбига фитна соладиган тарзида тасвирланиши, тили заҳаргина экани ифодаси орқали ижодкор Садафнинг табиати ҳақида ҳам тасаввур уйғотади. «Қариқизликка ишончли номзод ёшида эди», биринчи учрашувданоқ қизнинг «бироз бўғиқ, шу сабаб маҳрамона туюладиган овози уни (Искандарни – Н.Ж.) тамом довдиратиб қўйган эди» жумлалари, «Экзюперини ўқиганмисиз?» – деган саволига жавобан Искандарнинг тутилиб қолиши замирида ҳам ўқувчига зарур ишоралар берилган. Искандарга инглиз тилини ўргатар экан, чегарада сергак турган соқчидек бирон ҳарф ёки товушда хато қилишга йўл қўймаслиги, остонасида навбат кутиб турган тилталабгорларининг биронтаси машғулотга лоақал беш дақиқа кечикса, жарима жазоси ўлароқ дарсдан маҳрум этилиб, олдиндан тўланган сабоқ пули қайтарилмаслиги, семириб кетмаслик учун тушлик қилмай, бир финжон қаҳва билан кифояланиши каби хусусиятлари Садафнинг характерини чуқурроқ англаш имконини яратади.
Ҳақиқий ёзувчи асардаги ҳар бир сўз, жумла, образ ва тасвирни ўз ижод концепциясига бўйсундиради. Натижада қаҳрамонларнинг ҳар бир ҳаракати ва нутқи ҳам ижодкор қарашларини ифодалашга хизмат эттирилади. Хайриддин Султон Садафнинг инглиз тилига доир фикрлари мисолида она тилига муносабат аслида қандай бўлиши зарурлиги билан боғлиқ ўз нуқтаи назарини билдиради.
Искандар: «Буларнинг ёзгани билан ўқийдигани бир-бирига умуман тўғри келмайди-ку!» – дея эътироз билдирганда, Садаф: «Инглизларнинг буюклиги ҳам, зўрлиги ҳам консерваторлигида, - деб изоҳ беради. – Сен айтаётган шу камчиликларни, нима, ўйлайсанки, улар ўзи билмайдими? Билади, албатта. Лекин авлодлар ўртасида узилиш бўлмасин деб буни тузатмайди. Шунинг учун бугунги инглиз ўнинчи аср тарихий хроникаларини ҳам бемалол ўқиб тушунади. Сен, масалан, Навоийнинг ёзганларини тушунасанми?» Аёнки, муаллиф биргина шу нутқ орқали миллатимизнинг тил тақдири, Навоийни англаш зарурати билан боғлиқ армонларини ифода этаётир.
Адабиёт – миллий ҳодиса. У ўзида миллатнинг характери ва руҳиятини, анъана ва қадриятларини, орзулари ва армонларини акс эттиради. Хайриддин Султоннинг ушбу ҳикояси айни хусусиятлар бетакрор бадиий талқин этилгани жиҳатидан ҳам қимматлидир. Искандар Ригада охирги кириш имтиҳонини топшираётган кезда Садафнинг онаси вафот этганини эшитиб, СМС-таъзиянома юборади. «Ташаккур. Етим бўлиб қолдим, my friend...» тарзида қисқа жавоб олади. Кейин Искандар ўқишга киргани муносабати билан муаллимаси табрик йўллайди. Шу тариқа уч ярим йил Рига ва Тошкент ўртасида ёзишув кечади. Садафнинг «Кичкина шаҳзодам!» дея бошланиб, «Қиргулида ўсган қаригул» деган имзо билан якунланган мактублари қочиримларга тўла бўлиб, ҳар бири тил, тарих, фалсафа, санъат ва ҳаёт илми бўйича гўёки ўзига хос мўъжаз қомус экани унинг билимдонлигини кўрсатади. Лекин билим ҳамма нарса дегани эмас-да... Киши нечоғлиқ билимли бўлмасин, миллий руҳни бой бериши – фожиа. Ёзувчи ана шунга урғу беради. Искандар аввалига хатни «Садаф Муродовна» деб расмий оҳангда битган бўлса, кейинчалик «Садафхоним», жўяли эътироз билдирилмагач, «Азизам Садаф» шаклида ёза бошлайди. Адиб ушбу хатлар рус тилида эканига эътибор қаратиб, ровий нутқи орқали киноявий усулда мана бундай муносабат билдиради: «Агар номаларни ўзбекчада ёзса, бу гапларни айтишга балки ийманган бўларди, аммо «улуғ ва қудратли» рус тили бунга тўла имкон берарди». Ана шу ўринда ҳар икки қаҳрамоннинг миллий руҳдан бегоналашувига ҳаққоний муносабат акс этгани кузатилади.
Севгининг кўзи кўр бўлади, деганларидек, Садафга ошиқи беқарор бўлиб қолган Искандарга унинг хатолари ҳам фазилат бўлиб туюлади. Муаллимасининг тўсатдан бедарак йўқолиб, Бишкекдаги меҳмонхонада ишлагани, Қирғизистонга учиб боришга ҳам тайёр эканини билдирганда: «Эҳтиёт бўл, mimino, қанотинг синиб қолмасин» деган кинояли жавоби, кейин эса эрга тегаётганини билдириб, хат ёзмаслик ва телефон қилмасликни сўраши, аслида, Искандарга ҳушёр тортиши учун сигналлар эди. Ҳеч бўлмаса, масъума Яхшигулга уйлангач, ўзбекнинг тийнатига хос тарзда ҳаётини оиласига бағишласа, бахтли бўлиши ҳам мумкин эди.
Адиб ровий нутқи орқали «саодатсиз бир айёмда Садаф яна йўлида пайдо бўлди», деб ёзар экан, Искандарнинг юқоридаги сигналлардан ҳушёр тортмаганига ишора қилади. Шу кундан эътиборан бош қаҳрамон ҳаётига «ҳаром» кириб келади ва пинҳоний ишқий роман бошланади. Ишқнинг ушбу тубан турига ҳазрат Навоий «Маҳбуб ул-қулуб»да мана бундай муносабат билдиради: «...пастроқ мартабасида (никоҳдан ташқари ҳолатда – Н.Ж.) паришонлиқ ва мушаввашлиқлар (ташвиш, бесаранжомлик – Н.Ж.) ва бесомонлиқ (саросима, гангиш - Н.Ж.) ва нохушлиқларики, зикри тарки адабдур ва баёни беҳижоблиққа сабаб».
Аҳамиятли жиҳати, Хайриддин Султон буюк мутафаккир бобомиз огоҳлантирган ана шу хусусиятни эътиборга олади, ошиқ-маъшуқалар муносабатларини тасвирлашда меъёрни сақлайди. Ушбу фазилат бугунги кунда ўқувчиларини кўпайтириш мақсадида пардасиз лавҳалар тасвирига урғу бараётган айрим қаламкашларга сабоқ бўлмоғи зарур.
Ҳикояда талқин этилишича, хуфя учрашувларга қатнар экан, Искандарнинг уйдагиларга баҳонаси тайёр – авиаминорада навбатдан ташқари навбатчилик. Табиийки, бундай муносабатлар ҳеч қачон хайрли якун топмайди. Аэропортнинг тиббий кўригига ишонмаган Садаф маҳбубининг қон босимию ҳароратини ҳар гал қайта-қайта ўлчаб, кителининг кўкрак чўнтагини турли дори-дармонлар билан тўлдирар экан, Искандарнинг: «Қўрқма, бизни осмон эмас, ер ўлдиради» деган гапи фаришталарнинг «омин»и билан уйғун келади. Хайрсиз тунлардан бирида у Авиасозлар мавзеидан «евроремонт»и ва мебелу жиҳозлари билан совға қилгани икки хонали квартирада «маъшуқа»сини ўз тўшагида бир тепакал билан топганда, маънан ўлади.
Одамзод аксар ҳолларда муайян ҳодисадан таъсирланади, ғазабга келади. Лекин бунга ўзидан ўтган хатолар сабаб бўлгани ҳақида кўп ҳам ўйлаб ўтирмайди. Адиб Искандарнинг ушбу ҳолатини: «...хиёнатнинг жавоби хиёнат экани хаёлига келмас эди», дея изоҳлар экан, айни шуни назарда тутади. Шу аҳволда самолёт кабинасига ўтирган йигирма тўққизга қадам қўяётган бу азамат кема сардори юрак хуружидан вафот этади.
Ҳикоя қуйидаги сўзлар билан хотималанган: «Тошкент эйрвэйс» компаниясининг қуйидаги Тошкент – Астана йўналиши бўйича 1386-рейс билан парвоз қилаётган «Эйрбас-320» самолёти авиаҳалокатга учрагани, ҳалокат натижасида бир киши қурбон бўлганини бир юзу етмиш саккизта йўловчидан биронтаси сезмади».
Алқисса, ёзувчи ушбу ҳикоя орқали инсоннинг нажоти ҳалолликда эканидан, «ҳаром»га асосланган ҳаётнинг охири ерда ҳам, осмонда ҳам ҳалокатга боис бўлишидан огоҳлантиради. Буни ҳикоя қаҳрамонларининг яшаш тарзи, дунёқараши ва маънавий-руҳий олами орқали бадиий лавҳаларда тасвирлайди. Асардан кўзланган бадиий-эстетик, маънавий-ахлоқий ғояни ўқувчи қалби ва руҳига кўчира олади.
«Ҳалолнинг боши қилдай бўлса ҳам, томири тоғдай. Шунинг учун унга зарар етказиб бўлмайди. Ҳаромнинг эса боши тоғдай бўлса ҳам, томири қилдай. Ташқаридан қанчалик ҳайбатли кўринмасин, томири узилиб кетганини ўзи ҳам билмай қолади» – «Осмони фалакларда» китобини ўқиб, отамнинг ана шу бебаҳо ўгити нечоғлиқ теран ҳаётий асосга эга эканига яна бир карра амин бўлдим.
Аслида, ҳалолликнинг инсон камолига, ҳаромнинг эса шахс заволига боис бўлиши Хайриддин Султон насрининг концептуал асосини ташкил этади. Ёзувчига катта шуҳрат келтирган «Саодат соҳили» қиссаси қаҳрамонлари Заҳириддин Бобур ва Ҳофиз Кўйкий, «Кўнгил озодадур» асаридаги Гулханий, Ғулом ва Раҳмон бобо, «Ёзнинг ёлғиз ёдгори»даги Адаш карвон образлари ҳалоллик ва поклик, иймон-эътиқод ва ҳақпарастлик, дин-диёнат ва комил ахлоқ тимсоли сифатида айни шу концепцияни ифодалагани ўқувчига аён.
«Осмони фалакларда» китобидан ўрин олган уч ҳикоя ёзувчи ижодий имкониятлари сарҳади бениҳоя кенг ва миқёси баланд эканини, унинг ижодкор сифатидаги мезони ҳақ ва ҳаққоният, ҳалоллик ва адолат, маърифат ва жасорат сингари инсон камолоти ва жамият маънавияти юксалишининг манбаи бўлган тушунчаларга таянишини исбот этади. Ушбу ҳикоялар айни жиҳатлари билан бугунги насримизнинг улкан ютуғи сифатида баҳоланишга лойиқдир.
Нурбой Жабборов,
филология фанлари доктори, профессор
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter