Жамият воз кечган болаларни калтаксиз “одам” қилган ўқитувчи
Таълимнинг кучига ва ишонч бериб инсон қалбини ўзгартира олишга ишонмоқчи бўлсангиз, бу мақола сиз учун.
«...Синфдан чиқишимдан олдин, ўқитувчим менинг ҳаётимни абадий ўзгартирган бир гапни айтди. У менга ишонишини айтди. Мен ҳеч қачон ҳеч кимдан... айниқса ўқитувчидан бундай сўзларни эшитмаганман».
Ҳаммаси «Озодлик ёзувчилари» киносини кўрганимдан кейин бошланди. Бу реал воқеаларга асосланган фильм эканини ва 150 ўқувчининг кундаликлари асосида шу номдаги китоб ҳам борлигини анча кейинроқ билдим...
Эрин Груэлл ва унинг 150 нафар ўқувчиси қандай қилиб ўсмир ва ўқитувчи стереотипларга қарши чиқди? «The Freedom Writers Diary» («Озодлик ёзувчилари кундаликлари») китоби ўқувчиларнинг иншоларидан тузилган. Бу ўсмирлар болалигидан ҳеч қандай инсоний меҳр-оқибатни билмаган, оилалари томонидан хиёнат қилинган ва ғайриинсоний шароитларда яшаган. Ҳар бир кун омон қолиш учун кураш эди. Бир бола кундалигида ёзганидек, «Aгар биз 18 ёшгача тирик қолсак, омадлимиз».
203-хона ва нафрат қуршовида
Тасаввур қилинг, сиз ўқитувчисиз ва синф хонасига кириб келасиз, қаршингизда ўтирган 150 нафар ўсмир сизга ғазаб ва нафрат билан тикилиб турибди. Улар шунчаки ўқувчилар эмас, улар кўча қоидалари билан яшайдиган, мактабдан ташқарисида бир-бирини ўлдиришга тайёр бўлган турли ирқ ва кўча тўдалари (бандалар) аъзолари эди. Улар учун китоб ўқиш аҳмоқлик, ҳаёт эса фақат эртанги кунгача тирик қолиш учун курашдан иборат.
Мактаб маъмурияти ва бошқа ўқитувчилар бу болаларни аллақачон “ўқитиб бўлмайдиганлар” рўйхатига қўшиб, улардан қўл силтаб бўлишганди. Тизим уларни келажаги йўққа чиқарган эди. Аммо ёш ўқитувчи тизимнинг бу совуқ ҳукмига таслим бўлишни хоҳламади.
Бу 1994 йилда АҚШнинг Лонг-Бич шаҳридаги Вилсон мактабида иш бошлаган 24 ёшли тажрибасиз, аммо қалби умидга тўла инглиз тили ўқитувчиси Эрин Груэллнинг реал ҳаёти эди.
Эрин Груэлл анъанавий, зерикарли ва бу болаларнинг реал ҳаётидан йироқ бўлган дарс режаларини четга суриб қўйди. Ўқитувчи болаларнинг дарсликларга умуман қизиқмаслигини кўргач, уларнинг тилида гаплашишга қарор қилди. Ўз маоши ҳисобидан, ҳатто етишмовчиликлар сабаб қўшимча иккита ишда ишлаб бўлса ҳам, ҳар бир ўқувчи учун оддий кундалик дафтари сотиб олди ва уларни тарқатди. Шарт битта эди: бу дафтарларга баҳо қўйилмайди, имло хатолари текширилмайди, у ерга фақат ва фақат ички ҳақиқат ёзилади.
Шу тариқа, бир вақтлар қалби тош қотиб кетган, кўчада қурол ушлаб юрган ўсмирлар ўзларини ифода этишнинг янги ва хавфсиз усулини кашф этдилар. Кундаликлар улар учун қуролсизланиш ва бир-бирини англаш майдонига айланди, битиклар мактаб вазифаси эмас, балки тирик қолиш учун курашаётган қалбларнинг бақириғи эди. Ўқитувчи болаларга шунчаки дафтар бермади, у уларга жамият тортиб олган ҳуқуқни эшитилиш ҳуқуқини қайтариб берди. Ўсмирлар устозининг «Мен сизга ишонаман» деган биргина сўзидан кейин ручкаларини худди қуролдай маҳкам тутишди.
«Aгар мен буни қила олсам, бошқалар ҳам қила олади. Ҳаммаси аслида сиз ҳаётингизни қанчалик ўзгартиришни хоҳлашингизга боғлиқ экан. Груэлл хоним бизга қараб инсонни кўрди. Агар сиз чиндан ҳам иштиёқли бўлсангиз ва орқангизда кимдир турганини ҳис қилсангиз, ҳамма нарсани қила оларкансиз...».
Бу иқрорни ўқиш асносида сиз худди мана шу даҳшатли реалликдан қочиб, буларнинг барчаси шунчаки бадиий тўқима бўлишини хоҳлайсиз. Аммо бу аччиқ ҳақиқат эди. «Биз шароитнинг қурбони бўлиб, хафа ва ғазабнок яшашда давом этишимиз мумкин эди. Мактаб биз учун шунчаки вақт ўтказиш жойи эди. Аммо биз адолатсизликка қарши инсонийлик билан курашишни ва бизга занжирдек боғланган салбий фикрлар, жиноятчилик занжирини узишни танладик. Чунки илк бор кимдир бизни эшитди».
Бу ўзгаришлар шунчаки чиройли сўзлар эмас. Агар буларнинг реал воқеа эканини билмаганимизда, муаллиф ҳаммасини бўрттириб юборибди, деб ўйлашимиз табиий эди. Чунки битта ўқитувчининг синф ҳаётига олиб кирган ўзгаришлари ҳаддан ташқари радикаллиги билан ҳайратланарлидир. Аммо буларнинг барчаси ҳақиқат эди.
“Умидсиз” ўсмирлар бугун бошқалар учун умидга айланди
Масалан Мария (китобда ўқувчиларнинг номлари ўзгартирилган) Лос-Анжелеснинг энг хавфли, қонли тўқнашувлар маркази бўлган маҳаллада туғилган. Бобоси ва отаси жиноий тўда аъзолари бўлгани сабабли, у ҳам бор-йўғи 11 ёшида кўча бандасига аъзо қилинган, учинчи авлод жиноятчи эди! Ўсмирлик йилларини қамоқхоналарда ва полиция назоратида ўтказган бу қиз оқ танлиларни ўз душмани деб ҳисобларди.
Бугунги кунда у Калифорния давлат университетини тамомлаб, дунё бўйлаб саёҳат қиладиган маҳоратли спикер ва таълим фаолига айланди. У ўз чиқишларида доим бир гапни айтади:
«Таълим бизни келажакни кўришга ундайдиган озодликдир. Мен сиз қачонлардир ишонмаган, қўл силтаган ўша болаларнинг вакилиман».
Яна бир ўқувчи, қизалоқ мактаб ва атрофдагилар аллақачон ҳукм чиқариб бўлганди: ўқитувчилар уни “айбдор, ландовур ва ундан ҳеч вақо чиқмайди”, деб ҳисоблашарди. У дарсларни ўзлаштира олмас, ўқиш ва ёзиш унга азоб эди.
Аммо Эрин Груэлл бу қизнинг тақдирига бефарқ қарамади. Синчковлик ва эътибор натижасида у қизда аслида ақлий заифлик эмас, балки дислексия (ўқиш ва ёзиш кўникмаларини ўзлаштиришдаги нуқсон) борлигини аниқлади. Устозининг ёрдами ва тўғри даволаниш дастури туфайли қиз бу тўсиқни енгиб ўтди. Натижада, мактаб тизими қўл силтаган ўша “умидсиз” ўқувчи бугунги кунда олий маълумотли шифокор ва олим бўлиб етишди.
Мактаб маъмурияти ва тизим раҳбарлари «бу болаларнинг ҳеч бири бир семестр ҳам чидамайди, барибир мактабни ташлаб кетади» деб улардан умид узишганди. Бироқ, биргина ўқитувчининг саъй-ҳаракати билан синфдаги барча 150 нафар ўқувчи мактабни муваффақиятли тамомлади! Уларнинг катта қисми ўз оиласида биринчи бўлиб коллеж ва университетларга кирди, йирик грантларни қўлга киритди.
Бугунги кунда ўша “умидсиз” ўсмирлар 40 ёшдан ошган муваффақиятли шахслардир. Улар орасидан лойиҳачилар, ўқитувчилар, ҳамширалар, IT мутахассислари ва тадбиркорлар етишиб чиқди. Болаларнинг кундаликлари бирлаштирилиб, 1999 йилда чоп этилган “The Freedom Writers Diary” китоби миллионлаб нусхада сотилиб, жаҳон бестселлерига айланди.
Ўқувчилар ўз устозлари билан биргаликда The Freedom Writers Foundation (Озодлик ёзувчилари жамғармаси)га асос солишди. Жамғарма бутун дунё бўйлаб мактабни ташлаб кетиш кўрсаткичларини пасайтириш ва ўқитувчиларга тўғри методологияни ўргатиш билан шуғулланмоқда. Собиқ ўқувчилар энди ўзлари халқаро спикер сифатида депрессия, безорилик ва умидсизликка қарши ҳикоя қилиш (storytelling) терапияси орқали курашмоқдалар.
Даҳшатлар ичидан ёруғликка чиқиш йўли....
Аммо китоб жаҳон бестселлерига айланиб, миллионлаб инсонларни илҳомлантирган бўлса-да узоқ йиллар давомида қаттиқ қаршиликларга ва тақиқларга учраб келмоқда. Тизим ҳамон китоб ичидаги зўравонлик тафсилотларидан, кўча ҳақоратлари ва қотиллик саҳналаридан қўрқади. Аммо улар бир нарсани тушунишни исташмайди: бу воқеаларни китоб эмас, ўша тизимнинг ўзи яратган эди! Болалар бу даҳшатларни китобдан ўқишмаган, улар шу даҳшатларнинг ичида яшашган.
Мақоладан мақсад китобдаги қотилликлар ёки зўравонлик тафсилотларини тарғиб қилиш эмас. Балки бу китоб шу қотилликлар ва зўравонликни бошидан ўтказган болалар ўзгара олишига катта ва ёрқин мисол. Агар биз болалар ўз кундаликларида қотилликларни, кўрган азобларини, зўравонликларини тасвирлашмаса, уларнинг қандай азобда яшаганини ҳис қила олармидик? Агар улар ўз бошидан ўтказганларини очиқ ойдин ёзмаса ва ёзишларини тақиқлашганда, ўқитувчининг ушбу саъй-ҳаракати ўзини оқлармиди? Эҳтимол ҳаммасини очиқ-ойдин ёзгани ва қоғозга тўкиб солгани, ўзларининг ҳаётларини четдан кузатганлари уларнинг тўғри йўлни топишига туртки бўлгандир. Энг муҳими мана шу дўзахни бошидан ўтказган ўсмирларнинг бугун дунёдаги энг яхши одамларга, шифокор, IT мутахассиси ва ўқитувчиларга айланганидадир!
Бу китобдан кўра ёзиш терапияси ва ўқитувчининг болалар ичидаги дардни олиб чиқиб, бошқалар билан ўртоқлаштира олгани мўъжиза яратгани эътиборга молик. Мана шу оддий кундалик дафтари уларга жиноят кўчасидан чиқиб, мутлақо бошқа ёруғ йўлни танлаш имконини берди. Китоб зўравонлик ҳақида эмас, зўравонликни меҳр ва ишонч билан қандай енгиш мумкинлиги ҳақидадир. Китобни ўқигач ёки кинони томоша қилгач “ҳа-а демак шунақа безори болалар, қотиллик, жиноят оламида яшаган ўсмирларни ҳам яхши гап ва эшитиш орқали жуда зўр инсонларга айлантириш мумкин экан-да, биз бўлса дўппослаган ўқитувчини кўкларга кўтариб ётибмиз”, деб озроқ мушоҳада қилсангиз ажаб эмас.
Китобни ўқисангиз ва фильмни кўрсангиз зўравонлик, қотиллик, жиноятни кўрасиз ва бу факт, аммо яна бир факт бор, бу ўқитувчи туфайли ўша зўравонлик, қотиллик ва жиноят занжирини узган ўқувчиларнинг бугун жамият ривожига қўшаётган ҳиссаси. Мана бу эса ҳақиқий мўъжиза ва қаҳрамонлик.
Нима учун бу болалар ўзгарди. Чунки уларнинг мактаб соатлари тугаши билан уйга шошиладиган эмас, балки боланинг қалбига кира оладиган устози бор эди. Ҳўл сочини силкитгани учун дўппослайдиган ўқитувчи билан болаларни ўзгартириб бўлмаслигини 24 ёшли ўқитувчи онгли равишда англаган эди. Нима учун бу болалар бугун ўзлаштириши қийин ва тарбияси оғир ўсмирлар билан ишлаш жамғармасининг фаол аъзолари. Чунки улар билади: ўсмирни, ўқувчини дўппослаб, ҳақоратлаб яхши йўлга бошқариб бўлмаслигини.
Айнан шу қотилликлар ва жиноятлар оламида яшаган болалар бугун жамият ривожига ҳисса қўшаётган фойдали одамлардир. Улар айтмайди ва бу сўзни жуда ёмон кўради: биз ҳам калтак еганмиз, ўлмадик, яхши одам бўлдик деб. Чунки улар ўз тажрибаларида кўришди, калтак ва зўравонлик ҳеч қачон инсонни ривожлантирмаслигини, “одам қилмаслигини”. Улар ҳаётларида дуч келган биргина ўқитувчи туфайли ҳаётлари тубдан ўзгарган, яхшиланган инсонларга тирик мисол.
Эрин Груээл нафрат билан ўзи қурол ўқталган ўқувчисини дўппослаб комага туширмади, балки комадан олиб чиқди. У атрофида урган ўқитувчини қўллаб-қувватлайдиган, баттар бўлсин дейдиган ўқитувчилар, одамлар қолмаслигига, ўсмирни фақат эшитиб, ишонч бериб яхшилар қаторига қўшиш мумкинлигига тирик мисол бўла олди. Ва у яна нафақат безори, тўполончи балки қўлига қурол олиб сизга ўқ отмоқчи бўлган қалби тошга айланган ўсмирни йўлдан қайтариш мумкинлигига ишонтира олган, ҳозирги замон болаларини фақат дўппослабгина, калтаклабгина эсини киргизиш мумкин деганларни уялтира олган ҳақиқий ўқитувчи.
Таълимнинг кучига ва ишонч бериб инсон қалбини ўзгартира олишга, ишонмоқчи бўлсангиз, ҳа, бу мақола айнан сиз учун.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter