Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Лев Толстойнинг набираси руҳий касаллар шифохонасига ётқизган шоир фожиаси

Лев Толстойнинг набираси руҳий касаллар шифохонасига ётқизган шоир фожиаси

«Агарда мен шоир бўлмасам, бўлар эдим, безори, ўғри...» Бу сўзлар оташин шоир Сергей Есенинга тегишли. Унинг сиёҳидан томган сатрлар жаҳон адабиёти дурдонасига айланган, миллионлаб инсонлар дилидан жой олган. Есенин феномени адабий жамоатчиликни ҳайратга солиб, қалбларга шукуҳ бағишлаган. «Форс тароналари», «Энди қайтмам уйимга», «Хуросонда бир дарбоза бор», «Бу дунёда мен бир йўловчи», «Она ибодати», «Шаҳинам, о, менинг Шаҳинам» ва бошқа шеърлари ҳозирги кунда ҳам ўз оҳорини йўқотмаган. Афсуски, Пушкин, Лермонтов каби Сергей Есениннинг умри ҳам қисқа бўлган...

Тоғалар қийнаган жиян

Сергей Александрович Есенин 1895 йил 21 сентябрда (айрим манбаларда: 3 октябрда) Ленинграднинг Рязан губернияси Константиново қишлоғида туғилган. Отаси Александр Никитич Есенин оддий деҳқон эди. Онаси Татьяна Фёдоровна Титова уй бекаси бўлиб, Сергейдан сўнг икки қизалоқ – Екатерина ва Александрани дунёга келтирди.

Бўлажак шоир туғилгач, орадан кўп ўтмай отаси ёлланиб ишлаш учун Москвага кетди. Шу боис Есенинни тарбиялаш учун бобоси (онасининг отаси)га бердилар. Буванинг уч нафар ўғли бор эди. Кейинчалик Есенин шундай деб ёзган: «Менинг уч бўйдоқ тоғам шумтака эди. Уч ярим ёшдан ўтганимда улар мени эгар-жабдуқсиз отга миндириб, елдириб юборишди. Улар каминага сузишни ҳам ўргатишди: қайиққа ўтқазиб, кўлнинг ўртасигача боришди ва мени сувга ирғитишди. Саккиз ёшимда тоғаларимдан бирининг този итига айландим ва отилган ўрдакларни сувда тутиб кела бошладим».

1904 йили Сергейни Константинов умумдавлат мактабига беришди. Гарчанд режа бўйича тўрт йил ўқиши керак бўлса-да (тўрт йиллик таълим бериларди), бўлажак шоир у ерда беш йил таҳсил олди. Сергейни ёмон хулқи туфайли иккинчи йили ўқишга қолдиришганди. 1909 йили ушбу илмгоҳни тамомлаган болакайни ота-онаси Константиновдан 30 чақирим олисда бўлган Спас-Клепикский қишлоғининг черков  қошидаги бошланғич мактабга беришди. Улар Сергейнинг қишлоқ ўқитувчиси бўлишини хоҳлашар, боланинг орзуси эса бошқа эди.

1912 йили мазкур мактабни битирган Сергей Москвага кетди ва отаси яшаётган умумий уйга жойлашди. Бир оз вақт гўшт дўконида ишлади. Отаси уни маҳкамага ишга киритиб қўйди, бироқ тез орада у бу жойдан кетиб, босмахонага мусаҳҳиҳ ёрдамчиси бўлиб ишга кирди. 1913 йили қаҳрамонимиз Шанявский номидаги Москва шаҳар халқ университети тарих-фалсафа бўлимининг эркин тингловчисига айланди.

Урушга борасан!

Босмахонада Анна Романовна Изряднова билан танишган Сергей у билан фуқаролик никоҳи бўйича умр риштасини боғлади. 1914 йил 1 декабрь (янги ҳисоб бўйича 3 январь) куни уларнинг Юрий исмли ўғли туғилди (Юрий 1937 йили туҳмат туфайли отиб ўлдирилган). Сергей ва Аннанинг биргаликдаги ҳаёти узоққа бормай ажрашдилар.

Орадан кўп ўтмай Москвадаги «Мирок» болалар журналида Сергей Есениннинг биринчи шеъри – «Қайин» босилиб чиқди. Бўлажак шоир И.Суриков номидаги адабий-мусиқий тўгаракка аъзо бўлди. 1915 йили Сергей Александрович Есенин Петроград (ҳозирги Санкт-Петербург)га йўл олди. У ерда Россиянинг ХХ асрдаги машҳур шоирлари Блок, Городецкий, Клюевлар билан танишиб, ўзининг шеърларини ўқиб берди. Орадан бир йил ўтгач, январь ойида Есенин урушга чақирилди. Дўстларининг югур-югури туфайли 143-ҳарбий-санитар поезди санитари бўлиб тайинланди. Ўша йили Есенин илк шеърий тўпламини чиқарди.

1917 йили Сергей Есенин Зинаида Николевна Райх билан танишди. 30 июль куни унга уйланди. Тўй «Пассаж» меҳмонхонаси биносида бўлиб ўтди. Уларнинг бир қиз ва ўғли дунёга келди. Таня (1918–1992) ва Костя (1920–1986) деб исм қўйдилар (Таня журналист ва ёзувчи, Константин эса муҳандис-қурувчи, футбол статистикаси бўйича мутахассис ва журналист бўлиб етишди). Бироқ Есениннинг бу аёл билан ҳам ҳаёти кўнгилдагидек кечмади. 1920 йилларнинг бошида у оиласини тарк этди. Орадан бир йил ўтгач, Райх билан ажрашиши ҳақида ариза ёзди. Аризада у оиласини моддий жиҳатдан таъминлашни зиммасига олганини қайд этганди (Есенин сўзида туриб, фарзандларидан мудом хабар олган).

Тошкент таассуротлари

Сергей Есениннинг достонлар ёза бошлагани 1919 йилга тўғри келади. Бу даврда у Анатолий Маристоф билан танишди. Шоир ҳаётининг унутилмас дамлари Ўрта Осиёга ташрифи билан боғлиқ. 1921 йил эди. Есенин дўсти Яков Блюминкин билан Урал, Оренбуржьеда бўлди. 13 майдан 3 июнгача эса Тошкентда яшаб, дўсти шоир Александр Ширяевнинг уйида турди. Бир неча марта омма ҳузурида чиқиш қилди, адабий кечалар, дўстларининг хонадонида шеърлар ўқиди. Айтишларича, Есенин бир неча марта Эски шаҳарда, шунингдек, чойхоналарда бўлган, Ўрда бўйлаб кезган. Ўзбек назми, мусиқаси ва қўшиқларини севиб тинглаган. Дўстлари билан Тошкентнинг гўзал масканларига ташриф буюрган. Есенин қисқа фурсатга бўлса-да, Самарқанд ва Бухорога ҳам ташриф буюрган.

1921 йилнинг 3 июнида шоир Тошкентдан тарк этди ва 9 июнь куни Москвага қайтди. Шароит тақозосига кўра, унинг қизи Татьяна ҳаётининг кўп қисми Тошкентда ўтди.

Есенин Тошкент саёҳатидан катта таассуротлар билан қайтган эди. У яна оила қуриш ҳақида ўйлаб қолди. Сабаби, Есенин 1921 йилнинг кузида А.Якулов устахонасида америкалик таниқли раққоса Айседора Дункан билан танишганди. Орадан ярим йил ўтгач, улар расман турмуш қурдилар. Эр-хотин биргаликда хорижга жўнаб кетишди. Германия, Бельгия, Францияга сафар қилдилар.

Есенин тўрт ой мобайнида – 1922 йил май ойидан 1923 йилнинг августигача АҚШда ҳам бўлди. «Известия» газетаси унинг Америкада ёзган «Темир Миргород» асарини эълон қилди. Хориж сафаридан қайтгач, Есениннинг Дункан билан никоҳига ҳам нуқта қўйилди.

19241925 йилларда шоир Озарбайжонда бўлган. У маҳаллий нашриётлардан бирида сараланган шеърлар тўпламини «Қизил шарқ» босмахонасида чиқарди. Есенин ижоддан бўшамади.

Россияга қайтган шоир «Безори», «Безорининг тазарруси», «Безори муҳаббати» туркум шеърлари устида иш бошлаб юборди. 1924 йили Ленинградда Есениннинг яна бир шеърлар тўплами чоп этилди. Шундан сўнг шоир «Анна Снегина» достони устида иш бошлади ва 1925 йилнинг январида эълон қилди.

Шоирни навбатдаги никоҳ кутиб турарди: у XIX асрнинг машҳур ёзувчиси Лев Толстойнинг набираси Софья Андреевна Толстаяга уйланди. Бироқ уларнинг биргаликдаги турмуши бор-йўғи бир неча ой давом этди, холос.

Руҳий беморлар маскани, меҳмонхона ва ўлим

Газеталарда Есенинни ароқхўрлик, тўполон, муштлашув ва бошқа ғайриижтимоий қилмишларда қоралаб, танқидий мақолалар чоп этила бошланди (айниқса, умрининг сўнгги дамларида). Бу бежиз эмас, Есенин қуюшқондан чиқиб кетарди. Аслида у эмин-эркин ҳаёт кечиришни жуда хоҳларди. Шоирни безориликда айблаб бир неча жиноий иш очилгани сабаби ҳам шунда. Есенинг ўзини аямасди. «Синглимга хат» шеърида ёзганидек:

Сенга ачинаман,

Ёлғиз қоларсан.

Мен эсам тайёрман

Дуэлга, ҳатто

«Бахтлидир жомини ичиб бўлмаган»

Ва тинглаб бўлмаган майдан ҳам наво.

1925 йилнинг 14 октябрида Сергей Есенин икки йил мобайнида тер тўкиб ёзган «Қора одам» достонини тугатди (мазкур асар шоирнинг ўлимидан сўнг чоп этилган). Ҳукумат Есениннинг саломатлигидан ташвишланарди. Жумладан, 1925 йил 25 октябрда Раковский Дзержинскийга хат ёзиб, «машҳур шоир Есенинни – иттифоқ миқёсида катта истеъдод эгасини қутқариб қолиш»ни сўради. Мазкур мактубда «ҳузурингизга таклиф қилинг, гаплашинг ва ичкиликка берилмаслиги учун ГПУдаги ўртоқлардан бирини қўшиб санаторийга жўнатинг...» каби сўзлар бор эди. Дзержинский мазкур хат бурчагига кўрсатма битиб, ГПУ ишлари бошқарувчиси, котиб бўлиб ишлайдиган В.Д.Герсонга юборди. Натижаси сўралганида Герсон бир неча марта тўхтовсиз қўнғироқ қилгани, бироқ Есенинни топа олмаганини маълум қилди.

Ўша йилнинг ноябрь ойи охирида Софья Толстая Москва университетининг руҳий касалликлар пуллик клиникаси директори профессор П.Б.Ганнушкин билан гаплашиб, шоирни даволаш учун кникикага ётқизишни келишишди. Бу ҳақда Есенинга яқин бир неча одам биларди, холос. 21 декабрда Есенин клиникани тарк этди. У Гозиздатдаги барча ишончномаларни йўқ қилди, омонат дафтаридаги бор пулини олиб, бир кун ўтгач, Ленинградга кетди ва «Англетер» меҳмонхонасига жойлашди. Умрининг сўнгги кунларида шоир Н.А.Клюев, Г.Ф.Устинов, Иван Приблудний, В.И.Эрлих, И.И.Садофьев, Н.Н.Никитин ва бошқа адабиёт намояндалари билан учрашди.

1925 йилнинг 28 декабрь куни Сергей Есенинни меҳмонхонада ўлик ҳолда топишди. У «Кўришгунча, азиз дўстим, кўришгунча» номли сўнгги шеърини ёзган эди. Вольф Эрлихнинг гувоҳлик беришича, Есенин сиёҳ беришмаётганидан шикоят қилган, шу боис бу шеърини қони билан битган.

Есенин ҳаёти тадқиқотчиларининг фикрича, ўша оқшом шоир чуқур руҳий сиқилиш ҳолатида бўлган. Шу сабабли ўз жонига қасд қилган.

Дафн маросимидан сўнг Есенин жасади поезд орқали Москвага етказилди. Бу ердаги матбуот уйида марҳумнинг қариндошлари ва дўстлари билан видолашув ўтказилди. Машҳур шоир 1925 йилнинг 31 декабрида Москвадаги Ваганковский қабристонида дафн этилди.

1970–1980-йилларда Есенининг ўз жонига қасд қилмагани, бу «саҳналаштирилган хунрезлик» бўлгани ҳақида турли тахминлар қалқиб чиқди. Яъни, шоир аввал шафқатсизларча ўлдирилган ва осиб қўйилган.

Ва бу... алоҳида мавзу!

А.Фатҳуллаев.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг