Литваликлар лотин ёзувига қайтган кун
Бугун, 7 май Литвада матбуот тикланган, китоб ва тил куни сифатида нишонланади. Янаям аниқроқ айтганда, ўз лотин ёзувидан салкам 40 йил маҳрум этилган (1865–1904 йиллар) литваликлар бу кун ўз ёзувига қайта эга бўлишган. 1904 йилнинг 7 май куни Чор Россияси ҳукумати литва тилида лотин ёзувида китоб ва газеталарни чоп этишга қўйилган тақиқни бекор қилган.
Литваликларнинг лотин ёзувига тақиқ Россия империяси таркибига ўтиб кетган ерларни қайтариб бериш талаб қилинган 1863-1864 йилларда юз берган Польшадаги исён (Январь қўзғолони номи билан машҳур)дан сўнг, ўлкани руслаштириш сиёсати доирасида Шимоли-Ғарбий ўлка генерал-губернатори томонидан 6 (18) сентябрда жорий этилган. Генерал-губернатор литваликларга ўз она тилида китоб, газета чоп этишда «поляк-лотин ҳарфлари»дан фойдаланишни тақиқлаганди. Унинг амрига бўйсунмаганлар тинмай таъқиб қилинган, ушланганлар қамоқхоналарга жўнатилган, қўшни губернияларга, Сибирга сургун қилинган.
Шимоли-Ғарбий ўлкани нисбатан қисқа муддат (1865—1867 йиллар) бошқариб, литваликларни ёзувсиз қолдирган ҳам, кейинчалик Бухоро, Хива, Қўқон хонликларига қақшатқич зарбалар берган, Самарқанд ва Хивани забт этгани учун 2-даражали Авлиё Георгий ордени билан тақдирланган ҳам битта одам — Константин Петрович фон Кауфман — Туркистон генерал-губернатори (1867—1882 йиллар).
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter