Муҳожирликдан бир неча минг долларлик даромадгача... (видео)
Шаҳрилло Тўхсанов Бухоронинг Пешку туманида таваллуд топган. 28 ёшда.
IT соҳасида 2014 йилдан буён фрилансерлик бўйича фаолият юритиб келади. «Шуҳрат» медали соҳиби (2021 йил)
«IT Canvas» ва «Migrant 365» лойиҳалари асосчиси.
Ҳозирда Tintri ва KDRM компанияларида ишлаб келмоқда.
IT соҳасида асосий мақсади – мамлакат бўйича гигант IT-компаниясига асос солиш ва Nomadic IT travel ҳамда халқаро IT-компанияларни Ўзбекистон бозорига олиб кириш.
– Бежиз, суҳбатни яшил олма воситасида бошламадик. Сиз «Яшил олма» лойиҳасининг навбатдаги қаҳрамонисиз. Қўлингиздаги яшил олма эса сиз эришган натижаларингиз тимсоли сифатида қатнашади. Маълумки, сиз «Migrant 365» IT лойиҳаси муаллифисиз. Мана шу лойиҳанинг юзага келиш тарихини бир эсласак. Бу лойиҳа қандай эҳтиёж ваъжидан туғилганди?
– 2012 йил ўқишга киролмаганман... Икки йил давомида ўқишга кириш учун яна қайта тайёрланганман. Галдаги уринишларим ҳам мени талабалик мақоми билан сийламади, афсус... Яхшиликка дедим-у, йигит кишига бекорчилик ярашмайди, дея 2014 йили Россиянинг Твер шаҳрига ишлашга кетдим. У ерга боргач, аввалига, бирор енгилроқ иш топаман, деб ўйлагандим. Ягона дуч келганим, «қора иш» – ҳаммолчилик бўлди.
Етиб борган кунимоқ ишга чиққанман. Иш оғир эди... Бир кун ишладим-у, эртасига соғлиғим кўтармади. Буёғи, мусофирчилик... Бегона шаҳарда ўзингни янада ёлғиз сезаркансан... Ортга қайтиб бўлмайди! Ғурур баланд! Яхши ҳамки, амакимнинг ўғли – акамлар ҳам ўша ерда эдилар. Ўша кунлар акамни олдиларига маслаҳатга бордим. Ногаҳон, кўзим компьютерга тушди-ю, дарҳол интернетга уланиб, пул топиш йўлларини қидиришни бошладим.
Шунда сайт яратиш орқали пул топиш мумкинлиги ҳақидаги маълумотларга эга бўлдим. Ҳозирги Upwork платформаси Elance деб аталарди. Бу фаолият турини уч кун тинимсиз ўргандим. Айни иш борасида бошланғич асос тушунчаларим бўлса-да, билимларни амалиётда ишлайдиган даражада ўзлаштирмагандим. Шундай қилиб, биринчи мижоздан буюртма олдим. Буюртма бўйича бир ҳафта давомида ишлаб, 18$ (доллар) топганман. Бу – менинг мусофирчиликда топган илк пулим эди...
Шу зайл «Migrant 365» лойиҳаси ғояси туғилди. Унинг ғояси туғилиши мусофирчиликда кечирган қийинчиликларим билан бевосита боғлиқдир. Ҳужжат ишлари, уй-жой масаласи ёки янги жойга кўникиб кетиш, умуман, Юрт соғинчи... Ўша пайт бу соҳада қўлимдан жиддий иш келмаса-да, лекин мунтазам ишлаш жараёнида IT соҳасига киришиб кетдим. Тахминан, бир йил Тверда масофадан туриб ишладим. Орада уйга келиб кетишга ҳам улгурдим. Кейин яна ишлашга кетдим. Бу сафар манзил – Ростов шаҳри эди.
Эндиги мақсад – «Migrant 365» билан жиддий шуғулланиб, лойиҳани йўлга қўйиш эди. Кўрдимки, иш бирданига силжимади. У ерда яна тахминан, олти ой ишлаганимдан кейин Санкт-Петербург шаҳрига ишлашга кетдим. БЕТА компаниясида расман ишлай бошладим.
Параллел тарзда лойиҳамни амалга ошириш учун иложи борича таниш қидиришни бошладим. Мендан олдинроқ балки бирор киши шу мавзуда лойиҳа қилган бўлиши мумкиндир, дея қизиқиб кўрдим. Тахминим тўғри чиқди, ўша кезлар бир ҳамюртимизнинг ҳам хаёлини шу мазмундаги лойиҳа ўйи банд этган экан. Ишлаётган компаниям раҳбарига «Migrant 365» ғояси ҳақида айтдим. Хайрихоҳ бўлди, тахминан, бир ой муддат лойиҳа устида ишладик. Кейин эса маблағ етмаганлиги сабабли, раҳбарим таваккал қилишни хоҳламади. 2018 йилга келиб, лойиҳа устидаги ишлар тўхтаб қолди. 2019-2020-йиллар бу бўйича деярли ишламадим, иш шу тахлит тўхдади-ю, ниҳоят, 2021 йил «Migrant 365»ни маҳаллий кўринишда давом эттирдим.
Маҳаллий қамровни чет элга кетадиган, асосан, Россияга кетадиган ёшлар ташкил қилади. Қишлоқлар, шаҳардан узоқдаги туманлардан кетадиган кишилар лойиҳанинг субъектини ташкил этаркан, бу эса лойиҳани даставвал, маҳаллий шаклда синаб кўриш имконини берди. Шунингдек, лойиҳа борасида келгусидаги режаларни ҳам чамалаб олиш учун яхшигина шароит яратди.
Ҳозирги кунда «IT Canvas» «Migrant 365»нинг бир қисми сифатида уйғун фаолиятда. Айни кунларда уч нафар инвестор билан бу лойиҳаларни кенг миқёсдаги фаолияти хусусида мулоқот қилиб турибман. Агар биринчи босқичда тажрибалар муваффақият қозонса, иккинчи босқичда инвестицияга йўл очилади. Кейин эса лойиҳани кенг қамровда, жаҳон миқёсида амалга оширса бўлади.
– «Migrant 365» лойиҳасининг бош мақсади, афзалликлари нимадан иборат ва унинг вазифалари қандай?
– Асосан, Россия ҳудудида кўп юрганлигим сабабли, кўрдимки, ўзимга ўхшаган кўпгина ёшлар (ўқигани ва ўқимагани ҳам, йўналиши бошқа бўлгани ҳам) ишлашга кетган. Бироқ, муҳожирлар учун иш, иш топиш ва ишлаш бўйича йўналтирадиган, қонуний жиҳатдан кафолатланган ҳеч қандай аниқ ёрдам ёки тамойиллар тизими йўқ эди. Масалан, агарда шу борада бирон мутасаддига ишингиз тушиб қолгудек бўлса, масала кўп ҳолларда сизни фойдангизга ҳал бўлмайди. Муҳожирлар ҳуқуқлари ҳимоясини қонун бўйича қиёсий таҳлил этсак, маҳаллий ҳудуддагиларга кўрсатиладиган хизмат доирасидан фарқ қилади. Ҳудуд мутасаддилари томонидан иложи борича, маҳаллий қатламга йўлланма беришга ҳаракат қилинади.
Асосан шу каби тор қамровдаги хизматларга барҳам бериш орқали муҳожирлар дуч келадиган яна бир қатор муаммоларга ечим топиш мени ўйлантирарди. Шулардан бири, уй-жой, қаерда ва қандай шароитда яшаш масаласи бўлиб, кузатувларимдан маълумки, чет элга биринчи бор борган кўп сонли муҳожирлар олдида «Қаерда яшайман ва ёки қаерда ишласам бўлади?» деган савол кўндаланг туради. Бу муҳожирни қийнайдиган энг долзарб масаладир.
Шу ваъждан «Migrant 365» дастури мазкур масалаларни ҳал қилади ва муҳожирга қонуний ёрдам беради. Дастурнинг кейинги босқичи эса ёшлар қатламини саралаб олиб, тез фурсатда ўрганиб олиш мумкин бўлган соҳаларга ўқитишдан иборат. Масалан, ҳозирда IT соҳасига тезроқ ўқитса бўлади. Чунки, дастурчи ишлаб ўтирган пайтида патент олиш имкониятига эга. Шунингдек, талабгор агар IT соҳасини тез вақтда ўзлаштирилса, маҳаллий компаниялар билан шартномалар тузишга муваффақ бўлади. Энг мақбул томони, кейинчалик маҳаллий компаниялар ходимнинг иш салоҳиятига ишонч билдирсалар, масофадан туриб, уйга қайтган пайтда ҳам ишлашга шароит яратиб берадилар.
«Migrant 365»дан кўзланган асосий мақсад ёшларни чет элда иш топишларига кўмаклашишдан ташқари, бошқа мақбул ва афзалроқ йўллар орқали ҳам пул топиш мумкинлигини исботлаш ва иложи борича, муҳожир бўлиб кетган ёшларни ортга, Ватанга қайтариш!...
Шулардан келиб чиқиб, «Migrant 365» дастури ўз ичига қуйидаги йўналишларда вазифаларни олади:
- Муҳожирларни кунлик муаммолари (уй-жой, касаллик, юрт соғинчи, таълим);
- Қонуний ёрдам;
- Умумий муҳожирлар учун ижара уйларини топишга кўмаклашиш;
- Ишларга эълонлар ва иш турларига кўра ўқитиш;
- Тадбирлар.
– «Migrant 365» лойиҳаси биринчи уринишдаёқ ёки бирданига муваффақият қозонмагандир?!. Қачон IT соҳаси айнан, Сизнинг соҳангиз эканлигини англадингиз?
– Лойиҳани бошлаган пайтимда бу ҳақида кўпчиликка тушунтиришга ҳаракат қилдим. Асосан 2018 йили Санкт-Петербургда бўлган вақтимда бунга кўп ҳаракат сарф қилдик. Яъни, лойиҳа моҳияти хусусидаги баёнотни маҳаллий гуруҳларга тарқатиб, унинг аппликацияси тузилди. Аппликация ҳам Санкт-Петербург, Москва шаҳарларидаги маҳаллий гуруҳларга тақдим этилди. Лойиҳа аввалига, маҳаллий худуд кесимида амалиётдан ўтказиш учун мўлжаллангани боис, кўпчиликда қизиқиш уйғотмади.
2018 йилга келиб, лойиҳа умуман ўхшамагандан кейин тўғриси, умидимни узгандим. Қатор уринишлар эвазига ҳам иш ўхшамаса, ҳақиқатдан, натижа чиқмаса керак, деб ўйлаб қоларкансиз баъзида... Бироқ... ҳаёт кутилмаганда, ҳамма нарса ўз вақтини кутишини исботлаб қўяркан. 2021 йилда Бухоро вилояти ҳокимиятига бориб, лойиҳа ҳақида батафсил тушунтиришга ҳаракат қилдим. Ҳокимият мутасаддилари ҳам ушбу лойиҳани даставвал, маҳаллий кесимда синовдан ўтказган ҳолда бошлаш лозим, кейинчалик эса Россияда ташкил қилса бўлади, деб маслаҳат беришди. Очиғи, биринчи босқичда ҳам бунга ишончим катта эмасди... Кейинчалик, иккита инвесторни ўзи мени излаб топишди. Ҳозирда уларни айтишича, лойиҳанинг бутун сарф-ҳаражатини ўзлари қопламоқчилар.
Бугунги кунда Бухорода «IT Canvas» очганмиз. Яқинда Санкт-Петербургдаги ўша инвесторнинг ташрифи кутилса ҳам, ажабмас. Лойиҳа маҳаллий кесимда реал ҳолатда синовдан ўтгач, келгусида Россиянинг ҳар бир шаҳри (Москва, Питер, Қозон ва ҳоказо)да тўғридан-тўғри унинг марказлари очилади.
Бу соҳадан биринчи пул топган вақтимда, буни вақтинчалик деб ўйлагандим. Сабаби, бошида бу соҳага унча қизиқишим бўлмаган. Чунки, асосан, қизиқиш ва эътибор пулга ва пул топишга қаратилганди. Лекин кейинчалик, тахминан, бир, икки йил ишлаганимдан сўнг билдимки, жисмоний меҳнат билан ақлий меҳнат ўртасида катта фарқ бор экан!
Биринчидан, ишлаш жараёни енгиллашади, иккинчидан, олинадиган даромад ҳам бошқа соҳалар даромадига қараганда, кескин фарқ қилади. Менда IT соҳасига жиддий қизиқиш ва мақсадли қараш тахминан, уч йилдан кейин пайдо бўлган. Бунга асосий сабаб, расман ишга олинганим эди. Унгача биронта компания мени ишга олади, деб ўйламаганман ҳатто. Бунга қадар Россиядан келгач, Бухоро, Тошкент, Самарқанддаги кўпгина ташкилотларга бориб, таржимаи ҳолимни топширганман. Кўпчилиги ҳозир ҳам мени танийиди, лекин ўша пайтда негадир рад жавобини олардим. Кейин ўша маҳал менга IT соҳаси тўғри келмаса керак, деган ўй хаёлимдан ўтган. Бироқ, ишни яна online давом эттириб, кейин эса Ростов шаҳрига расман ишлашга йўл олганимдан сўнггина, бу соҳада адашиб юрмаганлигимни англадим.
– IT соҳасини танлашни мақсад қилган ёшларга тажрибага эга мутахассис сифатида қандай маслаҳат берган бўлардинги, аслида ишни нимадан бошлаш керак? Талабгор қандай сифатга эга бўлиши керак? Бу соҳанинг талаблари қандай?
– Мени олдимга кўпчилик келиб, кетади. Масалан, ҳозиргача тахминан, 200 киши билан ишладим. Ҳозир 10 киши билан қолганмиз. Кўпчилик соҳани ўрганишга катта даъво билан келади, лекин бозор ва унинг нозик муносабатларини тушунмайди. Масалан, бугунги кунда бозор нима талаб қиляпти? Нима учун шу нарса керак? Ёки ўрганаётган соҳаси нима учун керак, ўзи? Ким харидор-у, ишни ким бераяпти? Бу ишни тугаллагач, кейинги босқич нима бўлади? Шу каби муҳим мезонларни фаҳмламасдан, соҳани маълум бир қисмини ўргансам бўлди, дея ўзларини чегаралашади.
Ваҳоланки, соҳани тор доирада ўрганиш, тор қаричда ўйлашдан ортиғини ваъда қилмайди. Келаётган кўпчиликни бирламчи муддаоси – тезроқ пул топиш! Улар иш берувчини шунга мажбур кўриб, ўзларига катта баҳо бериб юборишади. Соҳани хоҳ бир йил ўргансин, хоҳ икки йил ўргансин, ўшандай тоифага бирор жўяли натижа кўрсатмасидан ҳеч ким пул бермайди. Қайсидир курсларга бориб, ўрганса ҳамки, уни ишга олишмайди. Ишга олишган тақдирда ҳам, у ўша ишда ишлолмайди. Чунки, қилаётган ишини тушунмайди! Сабаби, ўрганаётган нарсасини тушунмасдан туриб, ўрганди, кейин иш қидиришни бошлайди. Тажрибамдан келиб чиқиб, айтаманки, бозорни ўрганмасдан туриб, бу соҳада бирон нима ўрганмаслик керак. Қилаётган ишини кенг қамровда тушуниш, таҳлил қилиш зарур!
Маслаҳатим, кутиш керак. Ўрганиш керак!
ITнинг исталган йўналишини 3, 4 ой ёки 5 ойда ўрганса бўлади. Лекин кейинчалик уни давом эттириб кета олиш — энг муҳими! Баъзилар соҳани 1 йилда ўзлаштирсалар, бошқалар эса аксинча, 2, 3 йилда ҳам кутилган натижага эришолмай, хуноб бўладилар. Чунки, кўплар «ITни ўрганса, кўп ва бирданига катта даромад топиш мумкин экан!» деган пуч гапга учиб, бу соҳага кўз тикадилар. Оқибат, дард-у, фикрлари фақат пулга боғланади. Оддий ва олтин ҳақиқат мавжуд – катта даромадга эришиш учун шунга яраша меҳнат қилиш керак! Мижозни ва иш берувчини тушуниш даркор. Ўрганаётган нарсасини охиригача ўрганиш керак. Мисол, бир йил ўрганади-ю, тамом, натижа бўлмагач, бошқа соҳага ўтиб кетади. IT соҳаси қунт ва мунтазамликни яхши кўради ва бу жиҳатлар унинг қадриятидир.
Бошланғич паллада чет тили муҳим бўлмайди. Ўрганаётган кишига муҳими, бирламчи тил эмас. Муҳими, ўрганаётган нарсасини, бозорни тушуниши. Платформалар кўп, масалан, мен ўзим дастлаб, асосан, Envatoда ишлаганман. Чунки, у пайт инглиз тилини оз-моз билардим-у, эркин сўзлаша оладиган даражада эмасди. Масалан, мижоз гапирса, мен гапиролмасдим, рус тилим ҳам умуман йўқ эди, ҳисоб. Бундай вазиятда ҳеч ким сизга иш бермайди. Борди-ю, Россиядан иш қидираман десангиз ҳам, рус тилини билишингиз керак.
Тил кўрсаткичингиздан сўнг, кодлаш сифатингизни текширишади. Масалан, frontend, backend ва ёки биронта код ёзиш, тестировшик, суратга оладиган видеомонтажчилик бўйича иш бошламоқчи бўлса, шуларга оид платформалар мавжуд. Айтайлик, кодлаш бўйича асосан, Envatoдан фойдаланишади. Кодни ёзасиз, ёзган нарсангизни бемалол сотасиз. Ёки сурат бўйича бозорлар бор, суратга оласиз, сотасиз. Шунга ўхшаш плаформалар кўп.
Бошланғич пайтда шу кабилар билан бошлаб, мижоз йиғиб, пул тушгандан кейин тилни ўрганса, мақсадли бўлади. Бошловчи киши бир вақтни ўзида ҳам тилни ўрганади, ҳам кодлашни ўрганади, ҳам орада шунча вақт ўтиб кетади, шунча пули кетади ва оқибат ҳеч қандай натижа бўлмайди, кейин охири соҳани ташлаб қетади.
Ўзим биринчи, ThemeForest деган нарса сотувидан иш бошлаганман. Ўшанда бозор муносабатларининг нозик томонларини, қандай даромад топиш сирларини синчиклаб ўрганганман. ThemeForestга нарса қўйилади, кейин фрилансерлик платформаларига ишга топширса бўлади. Биринчи нарса қўйиш керак, сотилса, сотилмаса. Қайсидир бозорларга нарса қўясиз, лекин сотилмайди. ThemeForestга сотувга қўйган нарсам аввалига, умуман сотилмаган.
Ҳозир кўпчилик тескари ишлайди. Ўрганишни ўрнига, биринчи иш қидиради. Иш берувчининг талабгорга биринчи саволи «Сен аввал нима иш қилгансан?» мазмунидаги сўроқдан бошланади. Талабгорнинг эса на кўрсатадиган нарсаси, на ишидан намуна йўқ. Шунинг учун соҳани ўрганадиган киши асосан, бозор муносабатларини албатта, ҳисобга олиш керак, бозор талабини ўрганиш ўта муҳим!
2017 йилга келиб, мижоз бевосита билан ишлашга тўғри келди, шунда инглиз тилини сўзлашиш даражасида ўрганишга киришдим. Сабаби, агар ўртада воситачи бўлса, ойлигингиз ўша ўртадаги кишига боғлиқ бўлиб қолади. Кўпчилик «IELTS сертификатим бор!» дея ўзига ишонади. Лекин улар бир нарсани унутишади. Сертифакат бўлгани билан, маҳаллий сўзлашув тилини тушунишмайди. Ўзимизда ҳам шева бор-ку, уларда ҳам шунга ўхшаш, шеваларда фарқ қилади-да. Мижоз маҳаллий тилида гапирганда, тушуниш қийин кечади. Ёки бир, икки ой мижоз билан кўпроқ сўзлашиб, ўрганиш керак. Ёки бўлмаса, талабгор инглиз тилисини қайтадан такомиллаштириши зарур.
– Дастурлаш орқали топган биринчи даромадим 18$ (доллар) дедингиз. Ҳозирчи?
– Tintri билан ойлик шаклида шартнома тузганмиз, бу 5 минг АҚШ долларини ташкил этади. Фрилансерлик билан бўш вақтимда шуғулланаман. Қўшимча даромад ҳар хил бўлади, қилинган ишга қараб, тўланади. Бу ойига бир, бир ярим минг доллар атрофида бўлади.
– IT соҳаси ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларнинг молиявий мустақиллиги борасида анчайин кенг имкониятлар майдонидир. Айтингчи, Бухоро вилоятида IT соҳасига қизиққан ёшлар қатлами қанча фоизни ташкил этади?
– Бугунги кун билан солиштирадиган бўлсак, 2018-2019 йилларгача кўпчилик IT соҳаси ҳақида деярли билмасди ҳам, сўрамасди ҳам. Танишларимга кодлаш орқали пул топаман десам, тушунишмасди. Лекин ҳозир, 2022 йилга келиб, бу соҳага қизиқувчилар сони кескин ошганлигини гувоҳи бўлиб турибмиз. Бугун соҳани ўрганиш истагидаги талабгорлар ниҳоятда кўпчиликни ташкил этмоқда, ҳатто, ота-оналар ҳам бу соҳани афзалликлари-ю, келажак истиқболини яхши англашмоқда. Ёнимга 7-8-синф мактаб ўқувчиларини ҳам олиб келишади. Соҳани ривожлантиришга давлат томонидан алоҳида эътибор қаратаётганлиги сабабли, ҳатто, мактаб ёшидагилар ҳам ITни ўрганишга ҳаракат қиляптилар. Кўринадики, соҳага талаб катта ва талабгорлар кўп!
– Сиз ҳақингиздаги бир мақолада ўқигандим, маҳаллий ёшларни IT ва инглиз тилига бепул ўқитар экансиз. Шу ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз. Бу ғоя қачондан Сизда пайдо бўлган ва нима учун?
– Ғоя «Migrant 365» билан боғлиқ. Лойиҳани бошлаган пайтим иложи борича, четга кетаётган ёшларни йиғиб, тайёрламоқчи бўлганман. Келганлар орасида ёшлар қатламининг тахминан, 50, 60 фоизи чет элга кетаётганлар бўлиб, қолганлар ҳар хил ёшдагилар эди. Уларга битта нарсани тушунтириш қийин бўлди. Кетаётган ёш қуйидаги мазмунда талаб қўярди: «Мен 3, 4 ой ёки 1 йилда IT ни ўрганишим шарт!».
– Сизни талабингиз қандай бўлди?
– Мени талабим, соҳани шошмасдан, батафсил ўрганиш! Иложи борича шунга ундашга ҳаракат қиламанки, талабгор иш кўрсаткичи талабга жавоб берадиган даражада бўлса, бирданига ишга топширсин, буюртма олсин. Ёки бозорда нарсасини сотсин.
Чет элга кетаётганларни биронтасини ушлаб қолиб бўлмади. Тахминан, ўн кишига кетма, дедим. «Бемалол ўтир, ўрган! Ўша пулингни майли, бир йил ичида топмадинг, лекин икки йилдан кейин кўзлаган даромадингга катта эҳтимол билан эришишинг мумкин!» қабилидаги гапларим уларга кор қилмади. Бунда уйдаги муҳит ва ён-атроф муҳитининг ҳам таъсири бор. Масалан, талабгорнинг илк келган пайтидаги иштиёқи бошқача бўлади, кўчага чиқиб келади-да ёки уйга бориб келади-ю, батамом ўзгаради. Уни муҳит ўзгартиради. Муҳитнинг таъсирига тушади, қолади! Шунинг учун ё, муҳитни ўзгартириш керак ёки муҳитдан уларни чиқармаслик, ушлаб туриш керак!
– Лойиҳангиз мазмунидан келиб чиқиб, кузатувларингизга таянган ҳолда айтингчи, бугун жаҳонда ёш муҳожирлар қатлами орасида қайси иш йўналишига эҳтиёж катта ёки аксинча, дунёда қайси мутахассисликларга талаб ошиб бормоқда?
– Асосан, бозор бўйича кўпроқ ишлашга ҳаракат қиламан. Жаҳон бозорида янги чиқаётган ишларни кузатаман. Ёки қанақа ишлар бўйича талаб кўпроқ? Шуларни ўрганаман. Ҳозирда асосан, мобил йўналиши тез суръатларда ривожланиб бораяпти. Ундан кейин график дизайнерлик бўйича иш кўп. Худди шу қаторда дастурчилик ривожланаяпти. Мени тахминим ва фаразим бўйича яна уч, тўрт йилдан кейин мобилга оид ва график дизайн, веб йўналишлари олдинлаб кетади.
– Сиз билан суҳбатни ташкиллаштириш асносида шуни англадимки, кун тартибингизни аниқ жадвал асосида тузар экансиз. Шунингдек, фаолиятингизда мунтазамлик мезонига алоҳида риоя этаркансиз. Умуман, IT соҳаси мутахассисининг кун тартиби қандай бўлиши керак, деб ҳисоблайсиз? Баъзида кайфият билан ишлашга тўғри келганда, қандай йўл тутасиз?
– Ишлаш жараёни қийин эмас, фақатгина, тартиб билан ишлаш қийин. Масалан, биронта давлат ишхонасида расман ишласангиз, иш вақти маълум бир соатдан иборат бўлади. Яъни, дейлик, иш соати 9:00дан 18:00гача. IT йўналишида эса тартиб йўқ! Бир иш устида қунт билан ишлаб ўтирган пайтингизда, баъзида бошқа буюртма билан ҳам параллел машғул бўлишингизга тўғри келади. Мижоз билан у ишлаётган кун вақти билан сизнинг кун вақтингиз ўртасидаги тафовутга ҳам қарамай, белгиланган пайт алоқада бўлишингиз зарур. Мувозанатни ушлаш эса, мушкул. Лекин ҳамма ишларни мувозанатда, бир хил олиб боришга ҳаракат қиламан. Охирги икки йилдан бери иш режимим йўқ, хоҳлаган пайтим ишлайман, хоҳлаган пайтим ишни тугатаман. Кундуз, кеча фарқи йўқ. Ҳозирда учта компания билан ишлаяпман, кейин ўзимни лойиҳаларим бор, тахминан, агар ҳаммасини қўшиб чиқсак, 32 соат вақт керак!..
– Суҳбат аввалида (кадр ортида) рассомликдан ҳам хабарим бор, деб айтдингиз. Келажакда бадиий ижод соҳаси ва IT соҳасини боғлаган ҳолда, уйғунликдаги лойиҳа ўйлаганмисиз?
– Ҳозир асосан, автоматлаштиришга қизиқаяпман, кўпчилик дастурчиларда шундай бўлса керак. Келажакда шу нарсани қўлламоқчиман-ки, яъни, эркин режимини яратиш истагидаман. Буни «Nomadic style» дейилади... хоҳлаган иш тартибида ишлаш қулайлиги. Дастурчи дейлик, икки соат ичида ишини қилсин-у, лекин ўйлаган бошқа ишларига ҳам имкон топа олсин.
Ҳар хил пайтда чизаман. Мени танийдиганлар билади, кўпроқ деворга чизаман. Деворга чарчоқни ёзиш учун чизаман, тўғриси. Ёки бирон нимадан асабларим чарчаган пайт қаламни малҳам биламан. Қолган пайти қўлимга баъзан қоғоз тушади... Бир марта чизаман, шу билан тўрт, беш ой ёки умуман анча муддатгача чизолмайман. Илҳом бир марта келади-ю, ўша вақт бир нафасда чизаман! Иккинчи марта чизаман десам ҳам, ўша нарсани қайта чизолмайман, негадир...
Лобар Қобилова суҳбатлашди
Келажак дарахтини экишга сиз ҳам ўз ҳиссангизни қўшинг!
Зеро, «Яшил олма» лойиҳасининг келгуси қаҳрамони айнан, Сиз бўлишингиз мумкин!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter