Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Лутфулло Турсунов

Ҳар бир машаққат ортида имконият ётади.

Нега Ғарб Амир Темурни ваҳший қилиб кўрсатишга уринади?

Нега Ғарб Амир Темурни ваҳший қилиб кўрсатишга уринади?

Британиялик профессор Питер Жексоннинг Амир Темур ҳақидаги янги китоби чоп этилибди. Афсуски, бу гал ҳам илмий холислик эмас, балки Ғарб тасаввурида шаклланган таниш «спектакл» асосий планга чиққан.

Ғарб тарихшунослигида муҳрланиб қолган бир қолип бор — Шарқ ҳукмдорларини «ваҳший, қонхўр, шафқатсиз» сифатида тасвирлаш анъанаси.

Британиялик муаллиф BBC мухбири билан суҳбатда ўзининг мавҳум жавоблари билан асл юзини очиб қўйган. «Нима учун Соҳибқирон Амир Темурга нисбатан бундай ёвузлик тамғаси қўйилган, нега Ғарб давлатлари томонидан амалга оширилган мудҳиш, тизимли ва расмий қирғинлар тарихда юмшоқроқ баҳо олади», деган саволга «олим» аниқ жавоб бера олмаган. Жавоб бермасди ҳам. Чунки асл ҳақиқат уларда узоқ вақтдан бери шаклланган нарративлар соясида қолган.

Ғарбнинг тарих борасидаги иккиюзламачилиги

Тарихий адолат ҳақида сўз кетар экан, савол қўйиш керак: Нега бугун ҳам Амир Темур «ваҳший» деб ёзилади, аммо инглиз, француз, испан ва португал мустамлакачилари «тадқиқотчи», «кашфиётчи» деб таърифланади?

Эҳтимол, Соҳибқирон Амир Темур Американи кашф этмагандир. Лекин Африкадан миллионлаб одамларни занжирбанд қилиб, Карибга ташламаган. Ҳиндистонни асрлар давомида талон-торож қилмаган. Бутун бошли халқларни тили, дини, маданияти билан қўшиб, йўқ қилиб юбормаган. Тўғри, у ҳам ҳарбий юришлар вақтида шафқатсиз жанглар қилган — лекин мақсад фақат қирғин эмасди. Балки марказлашган давлат қуриш, унинг ичидаги турғунликка барҳам бериш, савдо йўлларини очиш эди.

Ғарб эса зўравонлик ва бойликни асосий мақсадга айлантирган. Қуллик, геноцид, маданиятларни йўқ қилиш — булар тарихдаги шунчаки «колониал сиёсатининг эпизодлари» сифатидагина тилга олинади. Ва улар буни «шафқатсиз қонхўрлар» деб ёзишмайди.

Темурнинг юришлари кўпроқ таназзулга юз тутган геосиёсий майдонда тартиб ўрнатиш уриниши эди. Бундай шароитда «фақат дипломатик йўл билан» кучли салтанат қуриб бўлармиди? Агар қаердадир шафқатсизлик қилган бўлса, бу қатлни низоларни бартараф қилиш учун амалга оширган. Буни тасдиқловчи кўплаб манбалар бор — бироқ улар Ғарб тарихчиларининг китобларидан жой топа олмаяпти, негадир.

Маддоҳлар буни тан олишмайди

Соҳибқирон Амир Темур Самарқандни шунчаки пойтахт қилибгина қўймади — балки уни дунёнинг сайқалига айлантирди. У қурдирган мадрасалар ва масжидлар, ҳозиргача бўй чўзиб турган меъморий иншоотлар — бугунги шарқ цивилизациясининг юзи. Амир Темур забт этган мамлакатларнинг бир қатор шаҳарлари, жумладан, Бағдод, Дарбанд, Байлақонни қайта тиклади. У Табризда масжид, Шерозда сарой, Бағдодда мадраса, Туркистонда машҳур шайх Аҳмад Яссавий қабри устига мақбара қурдирган бўлса, кейин асосий эътиборини она шаҳри Кеш ва пойтахти Самарқандга қаратди. Кешда отасининг қабри устига мақбара, ўғли Жаҳонгирга мақбара билан масжид қурдирди — булар Темур ақидаси, дунёқараши, қалбидаги кенг тафаккурни ифодалайди. Қонхўр одам ўзидан бу қадар жозибали маданиятни, улкан цивилизация меросини қолдира олармиди?

«Амир Темур ваҳшийликда Чингизхонни ортда қолдирган», дейди инглиз тарихчиси. Бу билан у яна Ғарбнинг эски ақидасини «ўтказмоқчи» бўлади — Шарқ ҳукмдорларини қора қилиб кўрсатишга уриниш.

Темур ҳукмронлиги даврида минтақавий барқарорлик ўрнатилган, ички тартиб ва тинчлик шароитида илмий алмашинув, савдо-сотиқ, шаҳарсозлик жадал ривож топди. Йўллар қурилди, божхона тизими жорий қилинди, хўжалик ислоҳотлари бошланди. Савдогарларга нисбатан амалга ошириладиган қароқчилик ҳужумларига қатъий чоралар кўрилди, минтақа тараққий этди.

Ғарб маддоҳлари буни тан олишмайди. Чунки бу — Ғарбнинг тарихий нарративига халақит беради. Агар Темур ҳақиқий адолат ва тараққиёт сиймоси сифатида кўрсатилса, у ҳолда Ғарбнинг ўзи тарихда қилган разолатлари учун жавоб бериши керак бўлиб қолади.

Ақл билан қурилган империя

Соҳибқирон фаолиятини XXI асрнинг инсон ҳуқуқлари меъёрлари билан баҳолаш, юмшоқ қилиб айтганда, аҳмоқлик.

XIV аср – бутун инсоният тарихида беқарор ва золим даврлардан бири эди. Бу даврдаги ҳар қандай ҳокимият учун ҳарбий куч асосий восита ҳисобланган. Амир Темур ҳам ана шу тарихий контекстда яшаган, ҳаракат қилган ва ҳеч ким минтақани у каби тартибга сола олмаган.

Унинг сулоласидан чиққан олимлар, Мирзо Улуғбек каби меросхўрлар — Темур асос солган илм ва маърифат қийматини кўрсатади.

Шу жиҳатдан Амир Темурни «қонхўр» деб тасвирлаш — бугунги дунёда Шарққа нисбатан қўлланилаётган интеллектуал империализмнинг бир кўриниши, холос. Аммо биз асл ҳақиқатни бу ҳийлалардан ажрата оламиз.

Амир Темур зеҳнли, билимдон ва стратег раҳбарлардан бири сифатида тарихда қолади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг