Одамлар ва роботлар рақобати
Ёхуд Сунъий интеллект инсониятнинг ютуғими ёки мағлубияти?
Одамзод пайдо бўлибдики, ўз турмуш тарзини мунтазам яхшилашга, такомиллаштиришга ҳаракат қилади. Ҳар бир даврга хос донишмандлар, хаёлот оламини реалликка кўчиришни истовчи илғор тафаккурли кишиларнинг тафаккур маҳсуллари замондошларини доим ҳайратга солгани бежиз эмас: ўзи учар гиламлар, ойнаи жаҳон, ишқаланса ичидан жин чиқиб, барча орзу-истакларни рўёбга чиқарувчи сеҳрли чироқ... Кейинчалик ушбу хаёлот дунёси ҳаётда ўз тасдиғини топиб, инсоният ҳаво шарлари орқали кўкка кўтарилди... самолётлар, турли автомашиналар, телевизор, телефон, интернет пайдо бўлди, товуш тезлигидан тез учувчи ракеталар сайёраларни забт этди... Бу жараён дастлаб табиат ҳодисалари билан боғлиқ бўлган бўлса, кейинчалик эҳтиёжларни қондириш, вақтни тежаш ва бошқа енгилликларни яратиш учун амалга оширилди.
Заковат маҳсули
XXI асрда бу жараён ўзининг энг юқори чўққисига чиқди, десак янглишмаган бўламиз. Бу даврнинг ўзига хос белгиларидан бири – сунъий интеллект (artificial intelligence)нинг реалликка айланиб, ҳаётимизга кириб келиши бўлди. Ҳозирда биз фойдаланаётган кўплаб ахборот технологиялари дастурлари, жумладан, мобил қурилмаларнинг барчаси сунъий тафаккур маҳсулидир. Уларни яратиш ва йиғиш жараёнида ҳам махсус роботларнинг беминнат хизматидан фойдаланилади. Аниқроғи, бир роботни яратиш учун бошқа бир робот ишлатилади. Айниқса, оғир саноатда роботларнинг улуши катта. Сабаби, маълум бир ишни бажариш учун мўлжалланган роботлар берилган вазифани одамларга нисбатан тезроқ, аниқроқ, энг муҳими, бехато бажаришади.
Одатда, роботлар деганда, кўпчиликнинг кўз олдига инсонлардек гаплашиб, уларнинг ўрнига барча юмушларни бажара оладиган ёрдамчилар келади. Аммо бу нисбатан кенгроқ тушунча. Аслида, мобил қурилмангиздаги дастурлар: google-таржимон, луғатлар, турли хил ўйинлар ва ҳоказолар ҳам сунъий интеллектга яққол мисол бўла олади. Фақат уларнинг қамрови кичикроқ бўлиб, маълум бир йўналишдагина сизга ёрдам бериши мумкин. Яъни, бажармоқчи бўлган амалларингиз турига қараб тегишли дастурдан фойдаланасиз. Айни дамда эса, сунъий тафаккур тушунчаси шу қадар кенгайиб кетганки, дунёнинг у ёки бу бурчагида бу борада қилинаётган оламшумул ишлардан ҳайратланмай илож йўқ.
Сунъий интеллект ўзи нима?
Келинг, аввало, сунъий интеллект изоҳига яна бир кўз ташлайлик. Интернет тақдим қилган маълумотга кўра, Сунъий интеллект – информатиканинг алоҳида соҳаси бўлиб, одатда инсон онги билан боғлиқ имкониятлар: тилни тушуниш, ўргатиш, муҳокама қилиш, масалани ечиш, таржима ва шу каби имкониятларга эга компютер тизимларини яратиш билан шуғулланади. Ҳозирда бу соҳа турли амалларни бажаришга мўлжалланган алгоритм ҳамда дастурий тизимлардан иборат ва у инсон онги бажариши мумкин бўлган бир қанча вазифаларнинг уддасидан чиқа олади.
Ўтган асрнинг 90-йилларида сунъий ақл тараққиётида янги саҳифа очилди. 1997 йилда Deep Blue номли IBM компютери шахмат бўйича жаҳон чемпиони Гарри Каспаровни енгган илк ақлли компютер сифатида тарихда қолди.
Сунъий тафаккурнинг ёрқин намуналаридан яна бири – IBM Watson суперкомпютери бўлиб, у ўз базасидан келиб чиқиб муайян тилдаги саволларга жавоб беради. Шунингдек, кўпчиликнинг доимий ҳамроҳига айланиб улгурган мобил ёрдамчи Siri, фотосуратларни қайта ишловчи Prisma каби дастурларни бу борадаги изланишлар ютуқларидан бири сифатида қайд этиш мумкин. Ҳозирга келиб, сунъий интеллект кенг кўламда оммалашиб, кундалик турмуш тарзимизнинг деярли барча жабҳаларини қамраб олмоқда.
Ҳақиқат баҳсларда туғилади
Инсоният закосининг энг юқори чўққиси ҳисобланган сунъий тафаккур ҳақидаги баҳс-мунозаралар қарийб ярим асрдан бери давом этмоқда. Мутахассислар ҳанузгача бир тўхтамга келишгани йўқ. Баъзилари уларнинг оммалашиб, одамлар ўрнини эгаллаб бораётгани натижасида оммавий ишсизлик кўрсаткичлари ошиб кетиши мумкинлигидан ташвишда бўлса, бошқа бир гуруҳи эса бу жараёнга ижобий муносабатда бўлиш кераклигини уқтиришмоқда. Ҳатто IT-соҳасидаги миллиардерлар орасида ҳам турли қарашлар мавжуд.
Жумладан, SpaceX асосчиси Илон Маск бу бутун бошли цивилизацияни барбод қилишига ишончи комил: «Сунъий тафаккур инсоният тамаддуни учун асосий хавфдир. У меҳнат билан боғлиқ оммавий муаммоларни келтириб чиқаради. Сабаби, роботлар ҳамма ишни биздан кўра яхшироқ бажара олишади. Илғор технологиялар ортидан қувиш натижасида, компаниялар сунъий интеллект ортидан келиб чиқадиган хавф-хатарни кўрмай қолишлари мумкин».
Шунингдек, Microsoft раҳбари Билл Гейтс ҳам унинг зарарига тўхталиб ўтади: «Бир неча ўн йилдан сўнг, роботлар ишнинг катта қисмини бажара бошлагач, жараён шу қадар кучайиб кетадики, якунда у бизни хавотирга сола бошлайди. Бу борада Илон Маскнинг фикрига қўшиламан. Аммо нега бу савол бошқаларни ташвишлантирмаётганига ҳеч тушунолмайман», – дейди у.
«Бошқалар» деганда Гейтс Facebook эгаси Марк Цукербергни назарда тутган бўлса, ажаб эмас. Чунки, Марк сунъий ақлга нисбатан ижобий муносабатда эканлигини айтар экан: «Янги технологиялар ҳар доим ҳам яхшилик ёки ёмонлик қилиш мақсадида яратилиши мумкин. Роботларнинг кенг тарқалиши ортидан келадиган ижобий натижани эса, яқин 5-10 йил ичида кўрамиз», – дея Илон Маскнинг фикрига эътироз билдирган эди.
Роботчалар ҳам ясаб беришади
Халқимизнинг севимли адиби Шароф Бошбеков асари асосида ишланган «Темир хотин» спектаклини ҳам, киносини ҳам барча кўрган. Асар қаҳрамони Қўчқор ака робототехника муҳандиси Олимтой ихтироси бўлган робот аёл – Аломатга уйланмоқчи бўлади. Шунда Олимтой унга шундай дейди: «...Ҳали кичкина-кичкина роботчалар ҳам ясаб бер, дерсиз...» Қуйидаги жараёнлар кинояли бу гап ҳаётда тасдиғини топаётганини тасдиқлаётгандек, гўё.
Бугунги кунда айрим давлатларда робот-ҳамширалар, ҳайдовчисиз транспорт воситалари, буюртмани етказиб берувчи дронлар хизматидан фойдаланиш йўлга қўйилган. Ҳатто полиция ходимларининг баъзи вазифаларини ҳам махсус роботлар бажаришяпти. Олимлар уларнинг ташқи кўринишини имкон қадар одамларникига ўхшатишга уринишмоқда. Масалан, бир вақтлар сунъий тафаккурни инсоният учун асосий хавф деб билган Илон Маск бу борада ҳамкасбларидан анча илгарилаб кетди.
Ўтган йилнинг ёзида, Teslarati портали хабарига кўра, Илон Маск Пало-Алто (Калифорния штатидаги шаҳар, АҚШ)да сунъий интеллектга бағишланган тадбир доирасида ўтказилган тақдимотда Tesla Inc 2022 йилда Tesla Bot гуманоид-робот (одамсимон робот) прототипини тақдим этишни режалаштирганини маълум қилганди. Маскнинг айтишича, бўйи 172 сантиметр, вазни 57 килограммли роботнинг юзи ўрнига экран бўлади, қўллари ва оёқлари 40та махсус симлар орқали бошқарилади. Бундан ташқари, робот мавжуд бўлган сунъий интеллект қурилмаларининг бир қисмини ишлата олади. Масалан, робот Tesla автомашиналари каби махсус камералар билан жиҳозланади.
Маскнинг сўзларига кўра, робот дўконга бориши, буюмларни олиб келиши ва бошқа буйруқларни бажариши мумкин.
Шифокорга яқин кўмакчи
Swiss Re суғурта компанияси 2020 йилдаёқ 4,7 млн. аҳоли ишсиз қолиши, ишсизлик ғазначилар, почта ходимлари, ҳисобчилар ва идора хизматчиларига хавф солиши мумкинлиги, чунки сунъий тафаккур уларнинг вазифасини бемалол бажара олишини башорат қилганди. Мана, 2022 йилга ҳам етиб келдик. Хўш, келажакда қайси касб ва соҳалар технологиялар сабаб йўқолиб кетиш арафасида?
Мижозлар ва харидорлардан маълумотларни олиш билан боғлиқ ҳар қандай юмуш аллақачон компютерларга юкланган. Сунъий тафаккур технологиялари айнан хизмат кўрсатиш соҳасида одамлар ўрнини тез эгаллаб олмоқда. Тахминларга кўра, 2025 йилга бориб, барча ишлаб чиқариш вазифаларининг 45 фоизини сунъий технологиялар бажаради. Ҳозир бу кўрсаткич 10 фоизга тенг ва бунинг ўзи ҳам кичкина рақам эмас.
Айниқса, тиббиётда унинг аҳамияти тобора ошиб бормоқда. Робот-шифокорларнинг тиббиёт ходимлари билан ўзига хос ҳамкорлиги самарадорликни анча оширди. Албатта, барча шифокорларни роботлар ва сунъий интеллект билан алмаштириб бўлмайди, аммо баъзи функцияларда технология аллақачон шифокорлардан ўзиб улгурган. Эндиликда роботлар нисбатан мураккаб жарроҳлик амалиётларини ҳам уддасидан чиқишяпти. АҚШдаги бир нечта клиникаларда аллақачон беморларга ташхис қўйишда сунъий интеллект технологиялари фойдаланилмоқда. Кўп ҳолларда ташхиснинг аниқлигини шифокорларга қараганда яхшироқ кўрсатади.
Миллий стратегия
Бугунги кунга қадар жаҳон мамлакатлари томонидан сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича еттита халқаро, элликдан ортиқ миллий стратегия қабул қилинган. бу йўналишда Ўзбекистонда ҳам катта қадам ташланди ва сунъий интеллект соҳасида қонунчиликдаги бўшлиқ тўлдирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 17.02.2021 йилдаги «Сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 4996-қарорида ҳам «Рақамли Ўзбекистон-2030» Стратегиясига мувофиқ ҳамда сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш ва уларни мамлакатимизда кенг қўллаш, рақамли маълумотлардан фойдаланиш имкониятини ва уларнинг юқори сифатини таъминлаш, ушбу соҳада малакали кадрлар тайёрлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш белгиланган.
Шунингдек, Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистон инновацион ривожланиш стратегияси ва Илм-фанни ривожлантириш концепцияси доирасида мамлакатда сунъий интеллектни ривожлантиришга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган. Ҳужжатга кўра, қишлоқ хўжалиги, транспорт, энергетика, соғлиқни сақлаш каби тармоқларга сунъий интеллект технологияларини ўз ичига олган инновацион лойиҳа ва ечимлар жорий этилади. Буларнинг барчаси, ўз навбатида, Сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш ва уларни мамлакатимизда кенг қўллаш, рақамли маълумотлардан фойдаланиш имкониятини ҳамда уларнинг юқори сифатини таъминлаш, ушбу соҳада малакали кадрлар тайёрлаш учун қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.
Буларнинг барчаси, ўз навбатида, Сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш ва уларни мамлакатимизда кенг қўллаш, рақамли маълумотлардан фойдаланиш имкониятини ҳамда уларнинг юқори сифатини таъминлаш, ушбу соҳада малакали кадрлар тайёрлаш учун қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.
Барибир билим ва тажриба муҳим
Аксарият истеъмолчиларнинг роботларга ишонч билдирмаётгани ҳам жараённинг оммалашишига монелик қилмоқда. Кафе ёки ресторанлардаги мижозларга хизмат кўрсатувчи роботларга кўникиш мумкиндир, аммо ҳайдовчисиз бошқариладиган автомобил ёки самолётлар хизматидан фойдаланиш учун катта авлод вакилларига бироз кўникма керак, албатта. Бугунги замонавий технологиялар қуршовида ўсаётган ёш авлод эса аксинча – улар бу эврилишлардан унчалик хавотирланаётгани йўқ.
Хуллас, сунъий тафаккурнинг ҳаётимиздаги ўрни кундан-кунга чуқурлашиб бормоқда. Улар инсониятнинг ютуғими ёки мағлубияти, деган савол устидаги баҳслар ҳали узоқ давом этади. Энг муҳими, ўз касбининг усталари доим талабгир бўлиб қолаверади. Зеро, ҳар қандай юксак технология инсон закоси маҳсулидир. Шундай экан, инсон доим ўз муаммоларига ечим топа олади!
Усмонжон Йўлдошев, «Xabar» мухбири
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter