Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Пандемиядан кейинги ҳаёт олдингидек бўлмаслиги аниқ!» – БААдаги ҳамюртимиз билан суҳбат

«Пандемиядан кейинги ҳаёт олдингидек бўлмаслиги аниқ!» – БААдаги ҳамюртимиз билан суҳбат

Фото: Ўткирбек Қорабоевнинг шахсий архиви

«Хориждаги ватандошлар» лойиҳамиз доирасидаги интерьвюлар давом этади. Бу галги суҳбатдошимиз Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида меҳнат фаолиятини олиб бораётган ҳамюртимиз Ўткирбек Қорабоев бўлди. Қаҳрамонимиз Андижон вилоятида туғилган. Ҳозирда у Дубай шаҳрида Португалиянинг «Sacoor Brothers» бренди менежери бўлиб ишлайди.

– Ўткирбек, Бирлашган Араб Амирликларига кетишингизга нима сабаб бўлган?

2013 – 2017 йиллар давомида Андижон давлат университетининг «Хорижий тиллар» факультети «Инглиз тили ва адабиёти» йўналишида таҳсил олдим. Мақсадим меҳнат фаолиятимни чет элда олиб бориш эди.

Бакалаврни тугатаётган кезларим эса, яқинларим ва дўстларимдан Бирлашган Араб Амирликлари ҳақида кўп эшитганман. Ўша пайт, менга энг мақбул келган жиҳати Дубайда деярли барча миллат вакиллари билан мулоқот қила олиш имкони борлиги бўлди. Шу туфайли ҳам, бундан 3 йил олдин БАА юртига келганман.

Дастлаб, бу ерда Америка Қўшма Штатларининг «Tommy Hilfiger boutique» брендида хизмат қилдим. 2019 йил охиридан бошлаб Португалиянинг «Sacoor Brothers» бренди менежери сифатида ишлаяпман.

Фото: Ўткирбек Қорабоевнинг шахсий архиви

– Уч йилдан бери Дубайда яшайсиз. Тасаввурлар қандай?

Билсангиз керак, Дубай жаҳондаги энг йирик туризм марказларидан бири. Шаҳарга йил давомида дунёнинг деярли барча давлатларидан миллионлаб сайёҳлар ташриф буюради. Шундай бўлишига қарамай, маҳаллий аҳолида хорижликларга муносабат яхши шаклланган. Очиғи, улардаги барча чет элликларнинг тили, дини, урф-одати ва байрамларига бўлган ҳурматига ҳавас қиламан.

Шу билан бирга, маҳаллий аҳоли ажойиб мезбон бўлиш баробарида, ўзлари ҳам саёҳат қилишни хуш кўришади.

БААга янги келган вақтимда, метро автоматлаштирилгани, яъни уни ҳайдовчи бошқармаслигидан ҳайратланганман. Умуман айтганда, мамлакатда технологиялар ривожланган ва бизнес учун қулай муҳит мавжуд. Ўйлашимча, мана шу омиллар БААнинг ривожланишида муҳим рол ўйнаган.

Эътиборимни тортган жиҳатлардан, бу ерда компаниялар ўз ходимларини хоҳ маҳаллий, хоҳ хорижий бўлсин, тиббий суғурта қилишга мажбур. Бу, ўз навбатида, ходимлар учун бир имтиёз ҳисобланади. Қолаверса, бу ҳам қайсидир маънода БААга хорижлик кўплаб салоҳиятли кадрларнинг келишига сабаб бўлмоқда. Мазкур қулайликни Ўзбекистонда ҳам жорий этилиши яхши самара беришига ишонаман.

Яна бир қизиқ маълумот айтмоқчиман. Мен суҳбатлашган кўплаб дубайликлар Ўзбекистон тўғрисида жуда яхши таассуротга эга. Айниқса, юртимиз табиати, миллий таомларимиз ҳақида кўп гапиришади. Ҳаттоки, бу ердаги маҳаллий бир суҳбатдошим Самарқанд шаҳрида уйи сотиб олганлиги ва ҳар йили 2 маротаба Ўзбекистонга дам олишга бориб келишини айтиб берган эди. Албатта, бундан ўзбекистонлик сифатида жуда хурсанд бўлганман.

Фото: Ўткирбек Қорабоевнинг шахсий архиви

– Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва БАА ўртасида дўстона алоқалар ривожланиб бормоқда. Ҳамкорлик алоқаларининг кучайиши БААдаги ватандошларимиз ҳаётига ҳам ижобий таъсир кўрсатяптими?

Албатта ижобий таъсири сезиляпти. Масалан, яқингача мамлакатларимиз ўртасида авиақатновлар фақатгина Ўзбекистон ҳаво йўллари орқали мавжуд бўлган. Бу бизларга анча қимматга тушарди. 2019 йилдан Дубайнинг FLY DUBAI авиакомпанияси ҳам юртимизга парвозларни амалга ошира бошлади. Рақобат натижасида авиабилетлар нархи арзонлашди. Буни Дубайдаги ўзбекистонликлар учун яхши қулайлик деса бўлади.

Яна бир яхши ўзгариш олдинлари ўзбек туристлари учун виза муддати тугаган кундан бошлаб жарималар солинган. Ҳозир эса, бундай ҳолларда қўшимча 10 кунгача вақт оралиғида жарималар солинмаяпти.

– Одатда БААдаги ватандошларимиз асосан қандай муаммоларга дуч келишади?

Мамлакатда қонун устуворлиги кучли бўлганлиги учун белгиланган қоидаларга риоя қилсангиз деярли муаммоларга дуч келмайсиз.

Аммо, охирги йилларда жуда кўп ватандошларимизнинг бу ерга иш қидириб келаётганига гувоҳ бўляпман. Кўплари ўз ўрнини топиб кетишади. Бироқ аксарият юртдошларимизнинг хорижий тил билимлари пастлиги туфайли иш топишда қийналишади.

Афсуски, сўнгги воқеалар – коронавирус тарқалиши сабаб қийинчиликлар кўпайди. Яъни БААга туристлар келиши тўхтади. Бунинг оқибатида кўплаб юртдошларимиз ўз ишларини йўқотишди. Турист сифатида келганлари эса, ортга қайтиша олмади. Ҳозирги кунда, ҳатто айримларининг яшаш учун пуллари ҳам қолмаган.

– Суҳбатимиз коронавирус мавзусига уланди. Пандемия бўйича Амирликда қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?

Аввалига барча савдо марказлари, ресторанлар ва бошқа жамоат жойлари ёпилди. Лекин апрель ойининг охирига келиб карантин чоралари юмшатила бошлади. Савдо марказлари фаолиятига рухсат берилди. Аммо, барчаси қаттиқ назорат остига олинган. Карантин шартларини бузганларга катта миқдорда жарималар солишмоқда.

Дубайда бўлишимга қарамай, Ўзбекистондаги жарёнларни кузатиб боришга ҳаракат қиляпман. Юртимиздаги жарёнлар ҳам осон кечмаяпти. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистондаги ватандошларимизга мана шундай синовли кунларда сабрли бўлишлари, карантин қоидаларига амал қилишларини сўраган бўлардим. Чунки, дунёнинг энг ривожланган давлатларида аҳолининг карантин қоидаларини менсимаслиги ортидан вафот этганлар сони ачинарли даражада бўлаётганлигини кузатяпмиз.

Умид қиламанки, халқимиз сабр-матонатли бўлиб ҳаракат қилса албатта оғир кунлар ортда қолади.

Лекин, коронавирус пандемиясидан кейинги ҳаёт олдингидек осон бўлмаслиги аниқ. Барчамиз янгича ҳаёт тарзига ўтамиз, деб ўйлайман.

– Келгусидаги режаларингиз қандай?

Келажакда амалга ошириш ниятидаги режаларим кўп. Аввало, мана шу оғир кунларимиз тезроқ ортда қолишини ният қиляпман.

Бугунги кунда пандемия ортидан жуда кўплаб соҳа онлайн ишлаш тартибига ўтган. Шу нуқтаи назардан, мен ҳам мутахассислигимдан келиб чиқиб онлайн мактаб платформасини ташкил этмоқчиман. Ва албатта қаерда бўлмайлик, Ўзбекистонимиз учун хизмат қилишни ният қиламан.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг