Тошбағирлар. Ҳайвонга бешафқат одам инсонга ҳам шафқат қилмайди
Болалигимда ёзги таътилдаги бир воқеа сира эсимдан чиқмайди. Икки-уч қишлоқ нарида яшайдиган отам томондан узоқ қариндошимиз мен билан укамни уйларига меҳмонга олиб кетди. Биз ниҳоят таътилда меҳмонга бораётганимиздан хурсанд эдик. Уларнинг дарвозасидан киришимиз билан ҳовлисидан оқиб ўтадиган ариқ ёнидаги чуқурчага тўкилган қон кўлмагини кўриб сесканиб кетдим.
— Бу нима деб сўрадим уй эгасидан. — Ҳа, кеча боллар мол сўйишган, — деди, «хола»миз. Очиғи бизнинг ҳам уйда жонлиқ сўйиларди. Аммо ҳеч қачон биз болалар молнинг сўйилишини кўрмасдик. Катталар жонлиқни боғнинг тўрига олиб бориб сўйишар ва бизнинг томоша қилишимизга йўл қўйишмасди.Уйга яқинлашарканмиз, шундоққина эшикка яқин жойда қора молнинг калласини кўриб укам менга, мен укамга қарадик. Лекин бояги тушуниксиз оғир кайфият сира мени тарк этмасди. Бизни дастурхонга таклиф қилишди. Бир пасдан кейин ҳовлига ўйнагани чиқсак холанинг ўғли хотинига бақираётган экан. Кейин шу орада хотинининг елкасига қаттиқ туртиб юборди. Хотини чўк тушиб қолди. Келинчак бизнинг қараб турганимизни кўриб ҳижолат бўлди. Нимадир дея тиззасини силаб ишини давом эттирди. Дарғазаб бўлган холанинг ўғли молхона томонга юрди. Кечқурун овқат пайти «хола»миз ўғлига норози оҳангда нимадир деганини тушунмай қолдим, аммо ўғли чиройли келинга тишларини ғижирлатиб қараб қўйди. Келин кўзларини олиб қочди. Биз укам иккаламиз бу муомаладан ҳайрон эдик. Биз отамизни ҳар замонда койигани учун баджаҳл деб ўйлардик. Аммо дастурхон бошида ҳеч қачон қовоқ-тумшуқ қилиб ҳеч кимнинг кайфиятини бузмас эди. Ўтиш олдидан келиннинг уйига кирдик. У бешикдаги боласини овқатлантираётган экан. Бизни кўриб чеҳраси ёришди. Шу пайт озроқ очилган ўнг елкасига кўзим тушди. Тирналган экан.
— Янга елкангизга нима қилди, — дедим.
У синиқ жилмайди:
— «Тоға»нгиз, ҳовлидаги тошларни кўрдингизми, ўша жойдан уйгача судраб олиб келган, — деди...
Энди англашимча, ўшанда келин дардини кимгадир айтгиси келгану бизга илк бора ёрилди, шекилли. Кечаси ҳовлида ётдик. Кўзимга сира уйқу келмади. Кўз олдимда ҳовлига кириб келганимиздаги чуқурчадаги қип-қизил қон, дарғазаб «тоға», елкаси тирналган янга...Эрталаб бола қалбим билан бу нарсаларни унутиб уйғондим. Укам билан югуриб кучукчаларнинг олдига бордик. Она ит тўрт нафар боласини эмизаётган экан.
Кучукболаларнинг кўзи очилган, бирам ёқимтой эдики. Укам, бизга берса олиб кетсак бўларкан, деди.
«Оқтўшинг борку» дедим мен. «Отам иккита кучукка рухсат бермайди». «Ҳа, Оқтўшимни соғиндим», деб қўйди укам. «Мен бу ёқдаман, у нима қилаяпти экан». Укам уйда ташқарида ётган кунлари кучуги билан қучоқлашиб ухларди. Отам кўрса уришмасин, деб ҳаммаёқ тинчигач қўйнида қучоқлаб ётарди. Ана шу кучук неча йиллар укамнинг ҳақиқий ҳимоячиси бўлди.
Шу пайт «тоға» келиб қолди. Иккита кучукчани оёғидан кўтариб уёқ-буёғига қаради ва биттадан қўлимизга бериб қўйди. Биз кучук болаларни хурсанд бўлиб қучоқлаб олдик. Бирам ёқимтой эдики. Кейин бизга «кетдик» деди. Биз ортидан эргашдик. Уларнинг уйининг орти яланглик, қир эди. Бироз юриб уйдан узоқлашганимиздан сўнг «тоға» олдиндан ковланган чуқурча олдига келдию кучукчаларни қўлимиздан олиб итқитиб юборди. Биз нима бўлаётганини англамай қолдик. Кейин оёғи билан тез тез чуқурчани тўлдириб устидан тепкилаб текислади. Укам билан мен рангимиз оқарганча туриб қолдик. Кейин укам шоша-пиша тупроқни ковламоқчи бўлди. Аммо «тоға» рухсат бермади. Агар яна шундай қилсанг сени анави ариққа отиб юбораман, деб тиржайди. Бу гапни ҳазиллашиб айтди, аммо биз ишондик, қўрқа-писа ортидан эргашдик. Кейин билсам кучукнинг эркагини олиб қолишаркан. Менинг жуда ҳам уйга кетгим келиб кетди. Укам йўлда йиғлади. «Уйга кетайлик опа», деди. Кечқурун ухлашга ётдик. Кўзимга анча пайтгача уйқу келмади. Хаёлимда кучукчалар тиригу «қутқаринглар» деб ғингшиётгандек овоз эшитилаверди. Аммо ухлаб қолибман. Эрталаб ёмон кайфиятда турдим. Фақат кучукчаларнинг кўмилаётганда жон алфозда типирлаши эмас, ариқча тўла қон, елкаси шилинган янга ҳамма-ҳаммаси хаёлимдан бирин-кетин ўтаверди. Биз укам иккаламиз кетамиз, деб туриб олдик. Бизни уловга солиб кузатиб қўйишди. Ҳозир жиноятчилар, ёвуз одамлар ҳақида ўйласам ўша кучукболаларни тириклай кўмган «тоға» хаёлимда жонланади...
Ҳовлимизнинг пастидаги жийдага мушукнинг оғзига нос солиб осиб қўйган болакай вояга етиб оила қургач бир умр хотинини калтаклаб яшади. Ҳаётий ҳақиқатлардан англаганим шу бўлдики, ҳайвонга бешафқат одам, инсонга ҳам шафқатсиз бўлади.
Болалар кўз ўнгидаги ваҳшийлик
Олмон файласуфи Артур Шопэнҳауэр шафқат ҳиссини аҳлоқнинг асоси, шафқат тушунчасини аҳлоқшуносликнинг асосий тушунчаси деб атайди. Унинг наздида шафқат универсал табиатига эга, у инсоннинг нафақат инсонга, балки ҳайвонга бўлган муносабатида ҳам намоён бўлади, зеро ҳайвонга бешафқатлилик қилган одам инсонга шафқатли бўлмайди. Суд статистикасининг кўрсатишича, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун ҳуқуқбузарлик содир этилиши ҳолати ошиб бориши кузатилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий судидан олинган ахборотга кўра, 2014-2017 йилларда ва 2018 йилнинг 9 ойи давомида маъмурий судлар томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддаси бўйича 399та шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақидаги 277та иш кўриб чиқилган. Улардан фақат 199та иш бўйича 281та шахсга нисбатан маъмурий чоралар қўлланилган. Масалан, Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида болалар томонидан бўғоз итга сим тиқилиб, устидан бензин қуйиб, ёқиб юборилган. Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида 18 ёшли қизлар томонидан мушук чўктириб ўлдирилган. Юнусобод туманида эркак киши олти нафар вояга етмаган болалар кўз ўнгида кучук боласини чавоқлаган. Яна ушбу туманда меҳнат қилувчи фаррош томонидан мушуклар шафқатсизларча ўлдирган. Мирзо Улуғбек туманида ёш йигит мушукни пневматик қуролдан отиб ташлаган.
Афсуски, шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари ҳузуридаги қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бригадаси вакиллари томонидан ҳайвонларга нисбатан бениҳоя шафқатсизлик (соп, таёқлар, арматура билан уриш) кўпинча болалар ва кекса фуқароларнинг кўз ўнгида содир этилган. Масалан, Навоий шаҳрида ҳайвонларни аҳоли кўз ўнгида отиб ташлашган. Жиззах вилоятининг Пахтакор шаҳрида эса ҳайвонларни отиш куппа-кундуз болалар кўз ўнгида амалга оширилган.
Жавобгарлик кучайтирилади
Расул Кушербаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:
— Ҳайвонларни тутишда азоб берувчи, шафқатсиз ва садистларча усуллардан, шу жумладан, қўл-оёқларни узиб олиш, турли қаттиқ жисмлар билан калтаклаш ҳоллари ҳам кузатилмоқда Масалан, Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида ҳайвонларни тутиш вояга етмаган шахслар ва кекса фуқаролар кўз ўнгида, тўқмоқлар ва арматура қўлланилган ҳолда, шафқатсиз тарзда амалга оширилган. Сирдарё вилоятида ва Наманган шаҳрида ҳайвонлар заҳарли кимёвий воситалар билан атайин заҳарланган. Халқаро тажрибага қарасак, бир қатор мамлакатларда ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш билан боғлиқ жиноятларни содир этганлик учун жиноий жавобгарлик ҳам назарда тутилган (Беларус Республикасининг Жиноят кодекси – 3391-модда, Россия Федерациясининг Жиноят кодекси – 245-модда, Қозоғистон Республикасининг Жиноят кодекси – 316-модда, Украина Жиноят кодекси – 299-модда). Шунингдек, АҚШ, Буюк Британия, Италия, Полша, Япония, Ҳиндистон ва бошқа давлатларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш жиноят деб ҳисобланади ва катта миқдорда жарима солишга ёки озодликдан маҳрум қилиш кўринишидаги жазо қўлланилишига сабаб бўлади. Бундан буён энди ҳайвонларни ихтиёрсиз ўлар даражада уруштириб «роҳатланадиган» айрим ишқибозларимиз ҳам қилаётган ишининг инсонийликка тўғри келиш-келмаслиги ҳақида бироз ўйлаб кўрсалар ёмон бўлмасди, назаримда. Ҳайвонларда мустақил танлов ва онгли қарор қабул қилиш имконияти йўқ эканлигини инобатга олсак, мана шундай ишқибозликларни ҳам ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш тоифасидаги ишларга киритсак бўларди. Фуқаро Алан Пономарёвнинг «Mening fikrim» веб-портали орқали ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи жамоавий электрон мурожаат 10 мингдан ортиқ овоз тўплаганди.
Яқинда бўлиб ўтган палатанинг ялпи мажлисида ушбу масала депутатлар томонидн кўриб чиқилди ва бир гуруҳ депутатлар ташаббуси билан киритилган «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 111-моддасига ўзгартиш ва қўшимча киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
Қонун лойиҳасига кўра:
- ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш уларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, худди шунингдек ҳайвонларни қийнаш, ёҳуд вояга етмаганларнинг ҳузурида содир этганлик учун маъмурий жавобгарликни кучайтириш (энг кам иш ҳақининг 10 бараваридан 15 бараваригача жарима солиш);
- худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса ёхуд вояга етмаган шахсни ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилишда иштирок этишга жалб қилганлик учун маъмурий жавобгарликни киритиш (энг кам иш ҳақининг 15 бараваридан 30 бараваригача жарима солиш ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазосини тайинлаш) таклиф этилмоқда. Таклиф қилинаётган қонун лойиҳасини қабул қилиниши ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳолларини тўғри талқин қилиш ва бунинг учун муносиб жазони тайинлаш муаммоларини ҳал этишга, шунингдек, ҳайвонларга нисбатан содир этилган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш учун огоҳлантирувчи чора бўлиши таъкидланмоқда...
Наргис Қосимова, «Раҳмдил бўл» ташаббускор гуруҳининг аъзоси, журналист:
— Айни пайтда республикамизда бошпанасиз жониворларга нисбатан шафқатсизларча муносабатда бўлинмоқда. Ваҳоланки, ўзини ҳурмат қилган жамиятда маънавий етуклик унинг аъзоларининг табиатга, жониворларга бўлган муносабати билан белгиланади. Буни Европа мисолида кўриш мумкин. Яъни, миллатнинг маданияти ва ахлоқи ҳайвонларга муносабатда билинади. Афсуски, биз ҳар қадамда уйсиз мушук ва итлар, бошқа жониворларни уриш, қийнаш, ўлдириш ҳолатларини кузатишимиз мумкин. Энг даҳшатлиси, бундай ҳолатга нисбатан кўпчиликнинг бефарқлигидир. Зеро, ёшлигида жониворларни қийнаб бундан ҳузурланган бола эртага на ўз оиласи, на яқинларига нисбатан меҳрли бўлиб вояга етмайди. Бу аллақачон ўз исботини топган факт.
Ўзбекистонда қаровсиз ҳайвонларни асраш, уларни стериллаш ва боқиш учун давлат томондан ажратилган бошпаналар йўқ. Кўчадаги жониворлар ободонлаштириш хизматининг махсус бўлими ходимлари томонидан ушлаб кетилиб, бир неча кун қафасларда сувсиз ва овқатсиз сақланади, сўнг ўлдирилиб, чиқинди полигонидаги «Ҳайвонлар қабристонига»га олиб бориб ташланади. Бундай ваҳшиёна муносабат бирорта ривожланган давлатда йўқ. Республикамизда табиатни асрашга қаратилган қонунчилик базаси ишламайди. Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 111-моддасига ўзгартиш ва қўшимча киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси тайёрланмоқда. Қонун ҳам қабул қилинар, аммо у кейин ишлайдими? Жониворларга азоб берган шахслар жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортиладими? Албатта қонун қабул қилингач, уни амалга ошириш механизмини ҳам ишлаб чиқиш, жониворларга озор етказган ҳар қандай инсон, у ким бўлишидан қатъи назар жавобгарликка тортилиши зарур. Бугунги кунда бир гуруҳ инсонларгина қаровсиз жониворларнинг ҳуқуқлари учун курашмоқдалар, уларни ободонлаштиришнинг махсус хизмати чангалидан қутқаришга ҳаракат қилишмоқда. Аммо улар жуда озчилик. Мазкур муаммо давлат миқёсида ҳал қилинмас, фарзандларимизни ёшлигидан табиатга, жониворларга меҳрли қилиб тарбияламас эканмиз, биз ўзимиз ўтирган шохга болта уришда давом этаверамиз.
Кучуклар ҳуқуқи конституцияда белгиланган
Дарҳақиқат, Англияда кучугига қўпол муносабатда бўлган фуқарога 8 ойлик қамоқ жазоси тайинланган.
Бир кўрсатувда Сан-Францискода каналга тушиб кетган кучукни не азобларда вертолётда қутқаришганини кўриб очиғи қойил қолгандим.
Германияда эса кучукнинг ҳуқуқлари Конституцияда белгилаб қўйилган.
Францияда ҳар бир уй ҳайвонининг бўйнида махсус, йўқолса топиш осон бўлиши учун «чип»лар тақилган.
Финляндиядаги эгасиз ҳайвонлар сақланадиган «мурувват» уйларида ҳайвонлар махсус дорили сувларда чўмилтирилади, яхши овқатлантирилади.
Ҳайвонга кўрсатилган жўмардлик
Файласуфлар инсон ҳаёти олий қадрият эканини таъкидлашади, ўзганинг ҳаётига ўзингникидан олийроқ қадрият деб қараш ғоясини илгари суришади. Лекин бу «ўзга» фақат инсон бўлиши шарт эмас. Муҳаммад Зоҳид Қутқу келтирган мана бу ривоятга эътибор қилинг: «Жўмардлиги билан машҳур бўлган Абдуллоҳ ибн Жаъфар розиаллоҳу анҳу бир хурмозорга кирдилар. Ва унда қора қулнинг ишлаётганини кўрдилар. Шу пайт боғ соҳиби келиб, қулга уч бурда нон бериб кетди. Бу уч бурда нон қулнинг кундалик иш ҳақи эди. Ногоҳ шу пайт қаердандир бир ит пайдо бўлди ва қулга яқинлашди. Қул қўлидаги ноннинг бир бурдасини унга берди. Жонивор еди-ю лекин тўймади. Қул яна бир бурдани берди. Нонни еб бўлиб, ит яна кутиб турди. Шунда қул ноннинг сўнгги бурдасини ҳам итга берди. Жонивор уни еганидан кейингина нари кетди. Бу ҳолга қизиқиб қолган Абдуллоҳ ибн Жаъфар (р.а.) қулдан: «Кундалик иш ҳақингга нима оласан?», деб сўрадилар.
— Ҳозир кўрганингдек, ҳар куни шу уч бурда нон.
— Ундай бўлса, нечун бутун овқатингни итга бердинг?
— Бизнинг бу ерларда ит бўлмайди, маълумки, бу ҳайвон узоқлардан келган ва оч. Уни қувиб юборишни истамадим.
— Хўш, энди сен нима ейсан?
— Эрталабгача ўзимни сириб, сабр қиламан.
Шунда Абдуллоҳ ибн Жаъфар (р.а.): «Билдимки, бу қул мендан ҳам жўмардроқ экан», дедилар.
Боз устига Абдуллоҳ ибн Жаъфар (р.а.) ўша боғни бутун майда-чуйдалари билан сотиб олдилар ва қулни озод қилиб, боғни унга ҳадя қилдилар».
Бу ерда биз инсоннинг ҳайвонга кўрсатган жўмардлиги, шафқатининг гувоҳи бўляпмиз. Бу эса ахлоқий муҳитни соғломлаштиришда муҳимдир.
Хулоса ўрнида... Мен болалигимда гувоҳ бўлган воқеадаги кучук болаларини шафқатсизларча тириклайин кўмиб ташлаган «тоға»нинг ҳаётида ундан ҳам ёмон фожеа содир бўлди. Ҳеч қанча ўтмай турмуш ўртоғи ўз жонига қасд қилди, қаровсиз қолган икки гўдаги бирин-кетин касалликдан вафот этди. Улар бир инсоннинг шафқатсизлиги қурбони бўлди. Кучукболаларни осонгина кўмиб ташлаган жоҳил одам хотинига, фарзандларига ҳам меҳр беролмади...
Инсон қачон шафқатсиз бўлади. Оилада, ён-атрофида ана шундай бешафқатликнинг гувоҳи бўлиб вояга етганида. Менимча ҳар бир таълим муассасаларида жонли бурчак ташкил қилиниши, болалар кўз ўнгида ҳайвонларга катталар томонидан меҳр кўрсатилиши керак. Болалар учун ҳайвонларга меҳр уйғотадиган ўзбек филмлари ишлаб чиқарадиган вақт аллақачон етган. Мактаблардаги табиат, экоолам дарс соатларини бевосита экскурсия билан боғлиқ ҳолда ўтказиш, ўқувчиларни «Раҳмдил бўл», «Меҳр ва оқибат»ташаббускор гуруҳлари фаолиятлари билан узлуксиз равишда таништириб бориш мақсадга мувофиқ. Ахир бежизга яхши инсонга сифат беришаётганда «Чумолига ҳам озор бермаган» деган иборани ишлатишмайди. Болаларни ёшлигидан ҳайвонларга озор бермасликка, уларга меҳр қўйишга ўргатайлик. Эгасига тобе ҳайвоннинг жовдираган кўзларига раҳм қилган бола улғайгач инсонга ҳам озор бермайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter