Йўл ҳақида йўл очерки
Қорақалпоғистон Республикасига Автомобиль йўллари қўмитаси ташаббуси билан пресс-тур учун йўлга отланганимизда чўлга борамиз, дейишди. Чўлда йўлни тасаввур қилиб кўрдингизми? Шуни тасаввур қилолмадик-да ва менимча, ҳар бир иштирокчида пресс-тур қандай бўларкин, йўл мавзуси қанчалик қизиқ бўлиши мумкин, деган ўй ўтгани аниқ. Аммо қайси соҳани ич-ичига кира бошласангиз қизиқ томонларига дуч келавеарсиз. Аввало, об-ҳавонинг қулайлиги айни муддао бўлди, кейин қизил қумли ва саксовулзорлардан иборат чўл, булут қоплаган осмон ва чексиз йўл.
Йўл юрдик, йўл юрсак ҳам мўл юриб, йўлчиларнинг штаби жойлашган Жаслиқ посёлкасига етиб бордик. Чўлнинг қоқ ўртасида йўлчилар учун қурилган шаҳарча деса ҳам бўлади. Йўл юришимизнинг ўзи таъмирланган ва таъмирланмаган йўлларнинг фарқига боришимиз учун ажойиб синов бўлди. Неча-неча йиллардан бери таъмирланмаган ўнқир-чўнқир йўлларданам юриб кўрдик. Ва янгитдан барпо этилган йўлларда машинанинг юрганиям билинмади. Ва чўлнинг ўртасида 360 нафар йўлчилар учун қурилган ётоқ уйлари, ошхона ва барча шароитларга эга ювиниш хонасини кўрдик. Мени ҳайратлантиргани чўлнинг ўртасида жуда топ-тоза ошхона ва иссиқ-совуқ суви бор ювиниш хоналари қуриш мумкин эканлиги бўлди. Ишчилар билан тушлик қилдик. Овқатларини озарбайжонлик опа пишираркан, ўзгача мазали. Ишчиларнинг кўпи шу ерлик одамлар, аммо масофа узоқ бўлгани учун бир ойда бир уйларига 5-6 кунга навбати билан бориб келишар экан. Яъни йўлчилар, ҳатто шанба ва якшанба куни ҳам ишлашгани боис, 5-6 кунга дам олишади.
Айтганча, ушбу реконструкция ишларига Озарбайжоннинг «North West Construction LLC» ва Хитойнинг «Road and Bridge Corporation» компаниялари (CRBCChina) жалб қилинган. Ишчиларнинг 40 нафари хорижлик мутахассислар.
Пресс-тур давомида Қўнғирот туманидан ўтган А380 «Ғузор–Бухоро–Нукус–Бейнеу» автомобиль йўлининг 964–1204 километри оралиғида (240 км) қисмини цемент-бетон қоплама билан реконструкция қилиш, ушбу йўлнинг Нукус шаҳридан ўтган 753–698 ҳамда 581–673 км (92 км) қисмини реконструкция қилиш жараёнлари билан яқиндан танишдик. Бу сонлар кўзингизга оддий рақамдек бўлиб кўринар, аммо йўлнинг бир қаричини қуришга ёки таъмирлашга кетган вақт, меҳнатни тасаввур қилиш учун у ердаги жараённи кузатишнинг ўзи кифоя. Шундагина нега йўллар тез битмайди, бунча судрашади йўл қуришни ёки таъмирлашни деган эътирозларга ўрин қолмайди. Лабораторияда бетон, асфальт қотишмаларининг синаб кўриш учун олти кундан бир ойгача вақт керак бўларкан, дастлаб махсус эритмалар солинган сувда бетон қоришма 7 кун, кейин 16, кейин 27 кун синаб кўрилади. Агар йўл учун ишлатилиши лозим бўлган қотишма синовдан муваффқиятли ўтса иш бошланади, бўлмаса яна қайтадан таркиби текширилади, қайтадан бетон қуйиб лабораториядан синовдан ўтказилади, токи сифатлилиги, бардошлилиги маромига етмагунча.
– Қурилиш таъмирлаш ишлари мобайнида автомобил йўлининг жами 240 километр узунликдаги янги йўл қурилиши режалаштирилган бўлиб, айни дамда 136 километрида қуриш ишлари якунланган, – дейди синов-лаборатория ишлари бўйича муҳандис Баҳодир Болтабоев. – Йўлнинг чидамлилиги, яъни сифат талабларини бугунги кунда объектга чақирилган Италия ҳамда Корея мамлакатлари экспертлари текшириб беради.
Цемент-бетон йўл нима учун қурилади?
– Биз айни пайтда энг чекка ҳудуд Нукус шаҳридан 250-300 км узоқликдамиз, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Автомобиль йўллари бош бошқармаси бошлиғи Шавкат Давлатёров. – Бу йўл шимолий дарвозага кириб келадиган Қозоғистондан тортиб Европагача олиб борадиган йўл. Цемент-бетон йўлнинг асфальт-бетон йўлдан фарқи 50 йил хизмат қилади, асфальт-бетон йўлнинг яроқлилик муддати 25-30 йил. Эндиликда йўлларни лойиҳалаштиришда комплекс ёндашув бўлади. Яъни, қаерда тўхташ жойи бўлади, қаерда дарахт экилади, ёқилғи қуйиш шохобчаси, техник ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари қаерда жойлашади, деган саволларга лойиҳанинг ўзида тўлиқ жавоб бўлади ва шундан кейингина лойиҳа қабул қилинади. Устюрт текислигида инфратузилма ҳам ривожланади. Кемпинглар қурилади, 14 жойда ҳар бир 20 километр масофада меҳмонхона, ёқилғи қуйиш шахобчалари, дўконлар қурилади, бу йўлнинг чеккасида анча одамлар ишли бўлади. Ишни топшириш муддати 2024 йил 31 декабргача.
Иккинчи кун. Назорат тарози масканида
Тарози деса кўз ўнгимизга паллалари қимирлаб, стрелкалари сонни кўрсатиб турадиган қурилма кўз олдимизга келади. Ана энди тонна-тонна юк ортиб олган катта юк машиналарининг тарозисини кўз олдингизга келтиринг-а. Иккинич куни ўша йўлга қўйилган тарозини кўришга борамиз, дейишди. Борган жойимизда табло ва фақат текис йўлдан ўзга нарсани кўрмай тарозиси қаерда экан деб ўйланиб қолдик.
Ва кейин эсимизга келди, ахир ҳар бир соҳани рақамлаштириш аллақачон жорий этилган-ку. Пресс-турнинг биринчи кунида умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари ҳолатини баҳолаш ва мониторинг қилиш рақамли технологиялар орқали самарали ташкил этилганининг гувоҳи бўлгандик. Автомобиль йўлларида рақамли (онлайн тартибда) бошқариладиган инновацион йўл белгилари, паннолар ва кўрсаткичлар жорий қилинишини ўз қулоқларимиз билан эшитгандик. Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда йўлларимизнинг айрим қисмларида интеллектуал транспорт тизимини жорий этиш ишлари бошланганидан хабаримиз бор эди.
– Йўллар ҳақида доимо танқидий мулоҳазаларга урғуни кўп берамизу, аммо унинг сабабларини билмаймиз, – дейди Қорақалпоғистон Автомобиль йўллари бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Равшан Ибрагимов. – Йўлларни асраш мақсадида халқаро тажрибада юк транспортлари вазнини ўлчайдиган назорат тарозиларини ўрнатиш амалиётидан кенг фойдаланиш йўлга қўйилган. Ҳозир турган жойимиз 753 км қисмидаги вазн ва ҳажм назорати маскани. Объектга 14 миллиард сўм маблағ ажратилган, пудратчиси тендер орқали ғолиб бўлган. Тарозини қўйишдан мақсадимиз оғир юк автотранспортларини назорат қилиш бўлади. Катта юк машиналари оғирлик вазни чекланган, белгилангандан ортиқ ҳажмда юк олиб ўтаяпти. Машиналар тарози масканига кириб келганда, 30-50 км, соатига тезликда юради. Бу билан коррупцион ҳолатларга ҳам барҳам берилади. Суд қароридан кейин жарима майдончасига қўйилади. Яъни, йўлга қўйилган тарозилар юзада турмайди балки, йўлнинг ичига ўрнатилган ҳолатда бўлади. Махсус ўрнатилган таблолар орқали қайси юк машина қанча юк билан ўтаётганини кўриб туришингиз мумкин ва у маълумотлар компьютерлар базасига тушади, тегишли чоралар кўрилади. Тарози эса цемент-бетон қопламасининг ичида кўринмайди ҳам, босганда сезилмайди ҳам...
Пресс-турда талабалар...
Қайси соҳа бўйича пресс-турда иштирок этган бўлсам талабаларнинг иштирокини кузатмаган эдим. Аммо йўл бўйича уюштирилган ушбу тадбирда Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобил йўллари қўмитасида амалиёт ўтаётган Тошкент давлат транспорт университетининг бир гуруҳ талаба ёшлари ҳам фаол иштирок этди ва ҳудуддаги қурилиш-таъмирлаш ишлари, умумий фойдаланишдаги автомобил йўллари ҳолати билан танишди. Уларнинг айтишича, бундай амалиёт билан илк марта тўқнашаяпти экан.
– Ўқув-илмий полигонларда соҳага инновацион технологияларни кенг жорий этиш, йўл қурилиш-таъмирлаш ишларига янги материалларни татбиқ этиш бўйича тажриба-синов ишлари ҳақида маълумотлар олдик, айниқса, бизга лаборатория синов хонасидаги ишлар катта янгилик бўлди, – дейди талабалардан бири биз билан суҳбатда. – Йўл қурилиши ниҳоятда машаққатли ва қизиқарли соҳа эканининг гувоҳи бўлдик.
Нафақат ўзимизнинг талабалар, балки йўл соҳасида кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, замонавий техникаларни бошқара оладиган мутахассисларни тайёрлаш, жумладан, халқаро рейтингларда биринчи 1000 талик рўйхатга кирувчи хорижий университетлар, жумладан, Германиянинг Ахен шаҳридаги Рейн-Вестфаль техника университети, Туркиянинг Истанбул техника университети, Хитой Халқ Республикасининг Сиань Цзяотун университети ва бошқа университетлар билан малакали кадрларни тайёрлаш йўналишида ҳамкорлик йўлга қўйилади.
Бугунги кунгача лойиҳаларнинг техник топшириғи «ресурс» усулига асосланган бўлиб, бунда 1 километр йўл қуриш учун қанча ишчи керак, қанча ёқилғи ва нечта техника ишлатилади, техниканинг тури қанақа бўлиши керак, деган юзлаб шартлар киритилар эди, эндичи?
– Эндиликда, йўлнинг ўзига талаб белгиланиши ҳамда уни сифатли қабул қилиниши йўлга қўйилади, – дейди озарбайжонлик муҳандис, яъни пудратчи йўлни қандай техника билан қуришини ўзи ҳал қилади.
Қандай молиялаштирилади?
– Янгидан бошланадиган умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари, кўприклар ва сунъий иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш объектларини молиялаштиришни асосан халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобига амалга оширилади, – дейди Автомобиль йўллар қўмита матбуот котиби Нилуфар Жумаева. – Бунинг учун 2024 йилдан бошлаб ҳар йили халқаро молия институтларидан умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари, кўприклар ва сунъий иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш объектларига 300 млн АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда кредитлар жалб қилиб борилади...
Икки кунлик йўл соҳаси бўйича пресс-тур ўзига хос тарзда ўтди. Чўлга мослашган махсус машиналар йўл-йўлакай саксовуллар, ўркачли туялар, чексиз чўл ва йўлни ортда қолдириб кетаверди. Қорақалпоғистоннинг қизғиш рангли кузи бизни дарахтлардаги охирги баргларини силкитиб кузатиб қўйди. Биз эса йўл соҳаси бўйича ислоҳотларни ўз кўзимиз билан кўриб бардавом бўлишини ич-ичимиздан истаб ортга қайтдик...
Барно Султонова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter