Андижон вилояти ҳокимлиги ваъдасини қачон бажаради?
Хабарингиз бор, ўтган йилнинг 3 декабр санасида таҳририятимизга Андижон вилояти Пахтаобод тумани 13-мактаб жамоаси ва ўқувчилар ота-оналаридан мурожаат келиб тушган эди.
Унга кўра, таълим муассасасининг спорт майдони ноқонуний сотиб юборилган ва бузиш ишлари ортидан мактабда жисмоний тарбия ва спорт тўгараклари фаолияти тўхтаб қолганди.
Ҳолат нашримизда ёритилганидан кейин қатор блогер ва жамоатчилик фаоллари, хусусан Азиза Қурбонова, Шаҳноза Саотова, Исроил Тиллабоев ва Баҳодир Аҳмедовлар ҳам ижтимоий тармоқларида муаммога муносабат билдиришган.
Шундан кейин, Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати ҳолат ҳокимлик томонидан назоратга олинганини маълум қилди.
«Ишчи гуруҳ тузилди ва ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Ўрганиш давомида қонун бузилиш ҳолатларига чек қўйилиб суд қарорига асосан қурилиши тугалланмаган бинони бузиш чоралари кўрилмоқда», — дейилган муносабатда.
Куни кеча мактаб жамоаси ва ўқувчилар ота-оналаридан таҳририятимизга яна мурожаат келиб тушди.
Мурожаатчиларга кўра, орадан 3 ой ортиқ вақт ўтганига қарамасдан ҳеч қандай ижобий ўзгариш бўлмаган.
«Мутасаддилар юқорига ҳисобот қилиш учунгина келиб расмга тушиб кетишганга ўхшамоқда. Абгор қилинган спорт майдонимизнинг кейинги тақдири борасида мавҳумлик ҳукмрон. Шу бўйи иш босди-босди бўлиб кетишидан хавотирдамиз. Стадионимиз қачон ўз ҳолатига қайтарилиши бўйича саволларимиз ҳам очиқ қолмоқда. Орадан 3 ой вақт ўтди. Фарзандларимиз тезроқ жисмоний тарбия дарслари ва спорт тўгаракларидаги машғулотларда иштирокини давом эттиришлари керак», – дейди ота-оналар.
Xabar.uz таҳририяти жараёнларни кузатиб боради. Ҳолат юзасидан Бош прокуратура ва Андижон вилоят ҳокимлигидан изоҳ кутади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter