Битирувчилар бандлиги бўйича энг яхши 20 та ОТМга 500 миллион сўмдан берилади
Адлия вазирлиги «Битирувчи сифати индекси»ни ҳисоблаш тартибини белгиловчи идоравий ҳужжатни давлат рўйхатидан ўтказди. Ҳужжат 2026 йил 31 октябрда 3964-рақам билан рўйхатга олинган.
Янги тартибга кўра, олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг сифати тўртта асосий кўрсаткич асосида баҳоланади:
- битирувчиларнинг иш топиш тезлиги;
- барқарор бандлик даражаси;
- ўртача ойлик даромади;
- бандлик тоифаси.
Индекс ҳисобот йили якунларига кўра шакллантирилади. Ҳисобот йили 1 июлдан бошланиб, кейинги йилнинг 30 июнига қадар давом этадиган 12 ойлик даврни қамраб олади.
Шунингдек, Ижтимоий реестрга киритилган, ижтимоий ҳимояга муҳтож битирувчилар учун алоҳида имтиёзлар белгиланган. Уларнинг ишга жойлашиш тезлиги ва бандлик тоифасини баҳолашда энг юқори коэффициент қўлланилади. Бундан ташқари, барқарор бандлик даражасини ҳисоблашда улар барқарор иш билан таъминланган битирувчилар қаторига киритилади.
Агар битирувчи бир вақтнинг ўзида бир нечта бандлик тоифасига мансуб бўлса, унга нисбатан белгиланган оширувчи коэффициентларнинг энг юқориси қўлланилади.
Президентнинг тегишли фармонига мувофиқ, ҳар йили «Битирувчи сифати индекси» бўйича энг юқори натижага эришган 20 та олий таълим ташкилотининг Карьера марказлари 500 миллион сўмдан молиявий рағбатлантирилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter