Буни миллат тинчлигини бузиш деб баҳолаш тўғримикан?
Аввалроқ филология фанлари доктори, профессор Бахтиёр Менглиев лотин алифбосидаги ислоҳотларга қарши чиққан пости эълон қилинганди. Блогер, филолог, адлия вазирининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Шаҳноза Соатова ушбу фикрларни ёқламади. Қуйида унинг постини тўлиқ берилади.
Бахтиёр Менглиев домламизни прогрессив, илғор фикрли зиёлилардан деб биламиз. Аммо айнан алифбо ислоҳотига келганда умуман кутилмаган, на илмий ва на мантиқий таҳлилга асосланмаган, «ундай бўлса-чи, бундай бўлса-чи, ўхшамаса-чи» каби позицияни эгаллашлари, яна ўзларининг бир неча йил аввалги қарашларига зид гапларни айтишларини тушунмадим, тўғриси.
- Дунё тиллари сунъий интеллект тилига айланиб кетаётгани ва биз депсиниб алифбо деб турганимиз сабаби айнан шу ҳеч бир техника тушунмаётган ноқулай ҳарфлар эканини домла яхши биладилар деб ўйлардим. Чунки тўрт йилдан бери бу гапирилади ва алифбони ўзгартиришдан бошқа техник ечим йўқ.
- Амалдаги алифбога халқимиз ўрганиб бўлган, тўртта белги ўзгаришни қабул қилолмайдими энди? Халқимиз биз ўйлагандан донороқ, ноқулай ҳарфларга ўргана олмагани учун ё турк клавиатурасидан фойдаланади, ёки «w, 4, 6» белгиларидан. Бу жорий алифбога ўрганиш эмас-да. Тўрт ҳарфни ўзгартириш — миллат тинчлигини бузиш деб баҳоланиши тўғримикан? 1929 йилда ота-боболаримиз араб имлосидан лотинга ўтганларидан кейин, 1934 йилда яна бир уни ислоҳ қилиб, учта ҳарфни чиқариб ташлаганларида буни қандай амалга оширдилар экан? Тинчлари бузилганмикан? Ўша давр матбуотида бу ҳақида ортиқча баҳслар ҳам кўринмайди ҳозир биз қилаётгандек. Шунчаки, олимлар бир муросага келгандилар ва миллатни эргаштира олгандилар.
- Алифбони жорий қилиш босқичма-босқич дейилди. Мен жорий этилишининг муваффақиятини бу тўрт ҳарфга эмас, аввало, кириллдан воз кеча олишимизга боғлиқ кўраман. Кириллдан воз кеча олсак, тўрт ҳарф ўзгариб кетаверади. Ҳар ҳолда ахборот асрида ахборот манбалари қайси алифбода бўлса, шу алифбо кенг истеъмолда бўлади. Паспорт, баннер, дарслик кабилар ўзи янгиланиш муддати келганда янги алифбода чиқаверади. Бирор йилда бу ҳал бўладиган масала, айниқса, технологияларнинг ҳозирги даражасида.
- Ислоҳ муаммоларини кўтариб чиқаётганлар тўғрисида бунақа ёппасига ёмон гумон зиёли инсонга хос эмас. Аниқ билолмайсиз буни, домла.
Мен шу матнни компютерда кириллда ёзиб, транслитераторда лотинга ўгириб жойлаяпман. Кўпчилик шунақа қилади алифбо ноқулайлигидан. Шу лотин алифбосига ўтишми? Бу имитация, бу лотин алифбосига ўтишни тормозлайдиган ҳол аслида.
- Кафолат ҳақидаги гап энди пўписадан бошқа нарса эмас.
- Ислоҳот муваффақиятсиз якун топиши ҳақидаги банд умуман асоссиз, ҳеч нима кўриниб тургани йўқ.
Кўринаётгани Б.Менглиевнинг нимагадир алифбо ислоҳини истамаётганлари, холос.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Қонунга ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги Қонун лойиҳаси эълон қилинганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter