Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухорода журналистикада ўқиш имконияти пайдо бўлди

Бухорода журналистикада ўқиш имконияти пайдо бўлди

Фото: «Culture.ru»

Журналистика соҳасида мутахассис бўлмоқчи бўлганлар Бухоро давлат университетида таълим олиш имкониятига эга бўлдилар. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан Бухоро давлат университетида янги йўналишлар – «Босма оммавий ахборот воситалари» ҳамда «Жамоатчилик билан алоқалар» бакалавриатлари очилди. Ҳар бир йўналиш бўйича 25 талаба қабули режалаштирилган (5 та грант, 20 та контракт).

Ўқиш журналистика соҳасида мамлакатимизда етакчи олий ўқув юрти ҳисобланган Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети олимлари томонидан яратилган ўқув режалар ва фан дастурлари асосида ташкил этилади. Журналистика касби талабларига мувофиқ ўқиш пайтида журналистик амалиётга алоҳида эътибор берилади. Яъни бутун семестр давомида асосий ўқишдан бўш вақтда талабалар томонидан вилоят, шаҳар, туман газеталари, радио ва телевидение ҳамда матбуот марказлари ишларида қатнашиб, ўз чиқишларини таъминлаб боришлари шарт, бунинг учун ҳар семестрда алоҳида ҳисобот топширилади.

1930 йилда очилган Бухоро давлат педагогика институти 30-40 йил давомида Қашқадарё, Сурхондарё ва Навоий вилоятлари учун педагогик кадрларни тайёрлаб берган, катта авлод вакиллари бундан яхши хабардор. Бугунги кунда эса худди шу анъанани журналистика соҳасида мутахассислар тайёрлаш билан давом эттириш мумкин.

Журналистика тез ривожланиб бораётган мураккаб соҳа бўлганлиги сабабли бўлажак талабалар инглиз ва рус тилларини билишлари мақсадга мувофиқ. Ўшанда улар учун энг замонавий ўқув ва илмий адабиётлар билан танишиб боришга имкониятлар пайдо бўлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг