Ижтимоий ҳимояга муҳтож абитуриентларга қўшимча грант ажратилади

Ўзлаштириш кўрсаткичига қараб талабаларга грантларни қайта тақсимлаш тартиби тасдиқланди.
Ҳукуматнинг тегишли қарори билан (№149, 10.03.2025) Олий таълим ташкилотларида талабаларга грантларни тақдим этиш ва қайта тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга кўра, таълим грантига талабгорлардан жорий ўқув йилида ўзлаштириш кўрсаткичи бўйича ГПА кўрсаткичи 3,5 ва ундан юқори бўлиши талаб этилади. Ўзлаштириши ушбу кўрсаткичдан паст бўлган талабаларнинг таълим грантини табақалаштирилган тарзда қайта тақсимлашда иштирок этишига рухсат этилмайди ва таълим гранти ўрни вакант қолади.
Таълим грантига талабгорлар учун олий таълим ташкилотининг расмий веб-сайтида онлайн рўйхатдан ўтиш ва эришган ютуқларини асословчи ҳужжатларни юклаш имконияти яратилади.
Таълим грантига талабгорларнинг ўзлаштириш кўрсаткичлари мутаносиб тарзда 80 баллик мезонда баҳоланади, бунда GPA кўрсаткичини “16” сонига кўпайтириш орқали аниқланади.
Таълим грантига талабгорларнинг ижтимоий фаоллик кўрсаткичи 20 баллик мезонда баҳоланади, бунда баҳолаш мезонига асосан ҳисобланган натижани “5” сонига бўлиш орқали аниқланади.
Белгиланган таълим гранти ўринлари доирасида танлов чегарасида бир хил натижа кўрсатган талабгорларнинг академик ўзлаштириш кўрсаткичига устуворлик берилади. Агар ўзлаштириш кўрсаткичида ҳам бир хил натижа аниқланган ҳолатда мазкур талабгорлар учун ўзлаштирилган семестрларда ўтилган мутахассислик фанларидан тест синовлари ўтказилади.
Олий таълим ташкилоти кенгашининг қарорига асосан таълим грантини олувчи талабалар рўйхати ҳар йили 25 августга қадар олий таълим ташкилотининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
Ҳукумат қарорига кўра, бакалавриат таълим йўналишларига ажратилган давлат гранти асосидаги қабул параметрларига нисбатан 10 фоизгача бўлган миқдорда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан белгиланадиган тоифадаги абитуриентлар (кейинги ўринларда - белгиланган тоифадаги абитуриентлар) учун давлат гранти асосидаги қўшимча қабул параметрлари ажратилади.
Бунда муайян бакалавриат таълим йўналиши бўйича давлат грантига ўтиш балининг 80 фоизи ва ундан юқори балл тўплаган белгиланган тоифадаги абитуриентлар ажратилган давлат гранти асосидаги қабул параметрлари доирасида, баллар кетма-кетлигига қатъий риоя қилинган ҳолда талабаликка тавсия этилади.
Мазкур имтиёз абитуриент рўйхатдан ўтишда танлаган биринчи бакалавриат таълим йўналишига ҳамда ушбу таълим йўналишига киришда Давлат комиссияси томонидан давлат грантига белгиланган минимал ўтиш бали ва ундан юқори балл тўплаган абитуриентларга нисбатан қўлланилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter