Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Давлат грантларининг 77 фоизини мактаб битирувчилари эгаллади

Давлат грантларининг 77 фоизини мактаб битирувчилари эгаллади

Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, 2023 йилда кириш имтиҳонларида иштирок этган (жами 888 511 нафар) абитурийентларнинг 303 560 нафари (31,5 фоиз) умумтаълим мактабларининг жорий ўқув йилги битирувчиларидир.

Ушбу битирувчиларнинг 95 497 нафари (25 фоизи) жорий тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, маҳаллий ОТМлари талабаси бўлган.

Aслида олий таълим муассасаларига қабул қилинган битирувчилар бундан ҳам кўп, ҳар йили ўртача 10-15 фоиз (44 000 нафар) битирувчи нодавлат ва хорижий олий таълим муассасаси талабаси бўлмоқда. Шу боис айрим битирувчилар хусусий ва хорижий ОТМларга кирган ва тест синовларида иштирок этмаган, дея маълум қилди Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова.

Олий таълим муассасаларига кирган битирувчилар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Хусусан, 2021 йилга нисбатан олий таълим муассасаларига кирган битирувчилар сони 14019 нафарга, 2022 йилга нисбатан эса 9 628 нафарга ортган  (2021 йил 81478 нафар, 2022 йилда 85 869 нафар битирувчи ОТМга кирган).

Битирувчиларнинг олий таълим қабул квотаси учун ажратилган давлат гранти ўринларини эгаллаш салмоғи ҳам йилдан-йилга ортиб бормоқда. Жорий йилда давлат гранти учун  34930 та квота ажратилган бўлса, унинг 77 фоизини (26 884 нафар битирувчи) айнан мактаб битирувчилари эгаллаган.

Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 3,5 фоизга, яъни 3 537 тага кўп (2022 йилда 23 347 нафар мактаб битирувчилар грантга кирган бўлиб, улуши 73,5 фоиз бўлган).

Битирувчиларнинг билим самарадорлиги ҳам ўтган йилга нисбатан яхшиланганлигини кўриш мумкин. Жорий йилда  ўртача балл 77,1 ни ташкил этиб, 2021 йилга нисбатан қарийб 3 балга, 2022 йилга нисбатан эса 1 балга ортган (2021 йилда 74,2 балл, 2022-йилда 76,3 балл).

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг