Мактабнинг «5» баҳоси бола тарбиясига боғлиқ ишлар ҳам беш дегани эмас
Оммавий ахборот воситаларида содир этилаётган турли жиноятлар ҳақидаги хабарларни ўқиган кўплар айбдорни лаънатлаб, жабрланувчига раҳми келиши аниқ. Лекин, бундан на жиноят содир этган шахсга бирон таъсир бор, на жабрланувчига бирон фойда?!
Содир этилган жиноят фақат жиноятчи ва жабрланувчига эмас, ҳар иккаласининг оиласи, яқинларига ҳам зарар етказади. Ва алал-оқибат, бу бутун жамият муаммосига айланади.
Ҳеч бир ота-она фарзандим жиноятчи бўлсин деб ният қилмайди. Хўш, унда нима сабабдан жиноятчилик мавжуд, шахс нима учун жиноят содир этмоқда?
Бундай оғриқли саволларга таълим-тарбиядан жавоб қидирмоқ керак. Бошқа сабаб йўқ! Буюк Авлоний «Тарбия бизлар учун ё ҳаёт-ё мамот, ё нажот-ё ҳалокат, ё саодат ё фалокат масаласидир», деб бежиз айтмаган, ахир?! («Туркий гулистон ёхуд ахлоқ»). Демак, такрор айтишга тўғри келди: боланинг келажакда ким бўлиб етишиши унинг ёшликда қандай тарбия ва таълим олганлигига боғлиқ.
Бугунги кунда, Президентимиз ташаббуси билан болалар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама баркамол инсон қилиб тарбиялаш, вояга етмаган болаларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан рағбатлантириш ва уларнинг юқори даражада таълим-тарбия олишини ҳар томонлама таъминлаш борасида изчил ҳамда тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Бу ҳақда сўз борганда, аввало мактабгача таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни алоҳида эътироф этиш лозим. Зеро, кейинги даврда айни соҳага татбиқ этилаётган шиддатли янгиланишлар давлатимиз томонидан болаларга туғилганидан бошлаб ғамхўрлик қилишга юксак эътибор қаратилаётганининг яна бир яққол далилидир.
Бола дунёга келганидан бошлаб унга ғамхўрлик қилиш, соғлом ва тўғри тарбия ҳамда замонавий таълим олишини таъминлаш — жамиятимиз келажаги, эртанги кунимиз пойдеворидир.
Шунинг учун фарзанд тарбиясига ғоятда масъулият билан ёндашиш, бунда шахсий ибрат жуда муҳим омил эканини унутмаслик жоиз. Улуғ аллома Абу Ҳомид Ғаззолий таъбири билан айтганда, «Бола тарбияси энг муҳим ишлардандир. Фарзанд ота-онага омонат. Бола қалби пок, нозик, содда ва ҳар қандай нақш ва суратдан холи гавҳардир. Унга қандай нақш солинса, шунга кўра шаклланади, эгган томонга эгилади. Агар бола яхшиликка ўрганиб, яхшилик ичида вояга етса, дунё ва охират саодатини топади. Агар бола эътиборсиз ташлаб қўйилса, ёмонлик ичида ўсса, бахтсизликка юз тутади. Бунда гуноҳ юки шу кўйга солганларнинг, ота-онанинг зиммасига юкланади».
Унутмаслик керак: мактабда «5» баҳо олаётган болаларнинг ҳаммасиям ҳулқ-одобда тенгдошларига намуна бўлаётгани йўқ. Боладаги туғма иқтидор унинг ўқиши, дарсларни ўзлаштиришида қўл келиши мумкин. Бироқ у барибир ташқи муҳит таъсиридан тўла муҳофазаланган эмас. Ўқиши жойида, бироқ маънавий-ахлоқий жиҳатдан оқсаётганлар ҳам учраб турибди. Бу ҳол ўғил-қизларимизнинг мактабда олаётган «5»ларига ортиқча маҳлиё бўлавермай уларнинг руҳий тарбиясига ҳам жиддий эътибор бериш, айниқса, нима ҳалол-у нима ҳаром, нима мумкин-у нима мумкин эмаслигини шаклланаётган онггига беозор оҳангда синдириб боришни талаб этади. Тажрибалар кўрсатмоқда: судда ер чизиб турган кўп боланинг ақли-хуши жойида, баҳолари яхши ва аъло, хавасга лойиқ иқтидори бор, бироқ тарбия жараёнидаги арзимас бўшлиқ уни суднинг қора курсисига етаклаб келган... Вояга етмаган бола тарбияси жараёнида оддий эътиборсизлик оқибатида пайдо бўлган бўшлиқ нақд жавоҳирни тошга айлантириши мумкинлигини шу ва шу каби мисоллар такрор-такрор кўрсатади.
Вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноят ишлари таҳлилидан кўринишича, 2019 йилнинг 6 ойида судлар томонидан 272 нафар боланинг иши кўрилган бўлиб, ушбу кўрсаткич 2018 йилнинг шу даврида таққослаганда 34,2 фоизга камайганлигини кўрсатади. Бу яхши, албатта. Бироқ 34,2 фоиз ҳам аслида кўп. Юқорида айтдик: битта жиноятдан айбдор ва жабурланувчидан ташқари уларнинг оилалари, яқин қариндош-уруғлари ҳам руҳий зарба олади. Энди шу инкор этиб бўлмас ҳолатни қуйидаги рақамларга таққослаган ҳолда тафаккур қилиб кўрайлик: 272 та вояга етмаганларнинг 44 тасига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 84 тасига озодликдан чеклаш жазоси, 91 тасига жарима, 6 нафарига аҳлоқ тузатиш иши жазолари тайинланган, 39 таси шартли ҳукм қилинган, 8 таси мажбурий жамоат ишларига жалб қилинган...
Умумий манзарани энди тасаввур қиляпсизми?
Вояга етмаганлар томонидан асосан ўғирлик, безорилик, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, қасддан баданга оғир шикаст етказиш, ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш ва жинсий эркинликка қарши жиноятлар содир этилган бўлиб, бу келгусида вояга етмаган ёшлар билан айни шу жиноятлар олдини олиш борасида кенг қамровли ишлар олиб бориш лозимлигини тақазо этади.
Жиноят содир этган кўпчилик вояга етмаганлар судда, ҳаракатининг жиноий жавобгарликни келтириб чиқаришини тушунмасдан, шўхлик натижасида шу ишга қўл урганлигини билдирган. Бундан келиб чиқилса, ёшлар ўртасида ҳуқуқий тарғибот ишларидан самара етарлича бўлмаётгани ойдинлашади. Маънавий-ахлоқий тарбия хусусида ҳам шу гап: жорий йилда вояга етмаган қизлар орасида 50 та ҳолатда ҳомиладорлик аниқланганининг ўзи ота-оналар-у тарбиячиларнинг юзига тортилган катта тарсаки, аслида! Бундай оғриқли рақам вояга етмаган ёшларнинг назоратсизлиги, нотинч оилалардаги ёқимсиз муҳитнинг аччиқ меваси эмасми?
Демак, ёшлар иттифоқи ва васийлик-ҳомийлик органи, шунингдек ички ишлар бўлими вояга етмаганлар билан ишлаш бўлими ходимларининг ишини ҳамкорликда ташкил этиш лозим кўринади.
Холмўмин Ёдгоров,
Олий суд раиси ўринбосари
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter