Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда Германия университети ташкил этилади

Ўзбекистонда Германия университети ташкил этилади

Фото: Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Сарвархон Бузрукхонов Германияга амалий сафари доирасида Кётен шаҳридаги Анхалт амалий фанлар университетида бўлди.

Университет президенти, профессор Йорг Багдан билан учрашувда икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Учрашувнинг марказий мавзуси Ўзбекистонда Германия университетини ташкил этиш масаласи бўлди. Сарвархон Бузрукхонов мазкур ташаббусни амалга оширишда Анхалт амалий фанлар университети тажрибаси ва салоҳияти муҳим ўрин тутиши мумкинлигини қайд этди.

Томонлар университетлараро муносабатларни кенгайтириш, таълим ва илмий тадқиқот соҳаларида инновацион ёндашувларни жорий этиш, шунингдек, талабалар ва профессор-ўқитувчилар ўртасида академик алмашинувни йўлга қўйиш масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар.

Сафар доирасида Ўзбекистон делегацияси Анхалт амалий фанлар университетида яратилган шароитлар, жумладан, талабалар учун қулай ётоқхоналар, замонавий ўқув лабораториялари ва илғор технологиялар билан жиҳозланган ўқув базаси билан яқиндан танишди.

Учрашув давомида Ўзбекистонда Германия университетини ташкил этишнинг дастлабки босқичида бир неча муҳим таълим йўналишлари: электротехника ва компютер муҳандислиги, йирик маълумотлар фани ва сунъий интеллект, шунингдек, халқаро бизнес бўйича дастурларни йўлга қўйиш таклиф этилди.

Бу ташаббус Ўзбекистонда рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, Европа стандартлари асосида билим бериш ва Германиянинг илғор академик анъаналарини жорий этиш борасида муҳим қадам бўлиши кутилмоқда, дейилади хабарда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг