Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда нотиқ педагогларни рағбатлантириш учун 1 миллиард сўм ажратилиши мумкин

Ўзбекистонда нотиқ педагогларни рағбатлантириш учун 1 миллиард сўм ажратилиши мумкин

Фото: oratoris.ru

Ислом Каримов номидаги Тошкент Давлат техника университети биносида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Абдуҳакимов Азиз Абдуқаҳҳорович раислигида таълимдаги ислоҳотлар, ижро, муаммо ва ечимлар борасида ҳисобот мазмунидаги тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ректори таълим жараёнида инновацион ва инвестицион фаолиятнинг самараси, ривожланган давлатларнинг таълим муассасалари билан олиб борилаётган халқаро ҳамкорлик ва имзоланган меморандумлар натижалари, катта сумма миқдоридаги инвестиция киритилиши борасида қилинаётган ҳаракатлар ҳақида муфассал ҳикоя қилди. Бош вазир ўринбосари ҳаракат ва вазифалар самараси шундай бўлиши кераклигини алоҳида уқтириб, ректорга миннатдорчилик билдирди.

Сўнгра таклиф ва истакларни айтган профессор ўқитувчиларга ўз мулоҳазаларини билдириб, уларнинг таклифларига мувофиқ, ҳал этишнинг имкониятлари борасида тегишли мутасадди шахсларга вазифалар юклади. Таклифлар оқимида камина ҳам таълимнинг сифат ва самарасини белгиловчи омил педагогнинг коммуникатив компетенцияси билан дахлдор эканини, бу бўйича махсус 36 соатлик назарий-амалий механизм борлигини эътироф этдим. Мисол тариқасида айтиш жоизки, Россия императори Пётр 1 ўз вақтида таълимга оид шундай фармон қабул қилган экан. «Жисмонан носоғлом ва нутқий нуқсони бор бўлган киши гарчи яхши мутахассис бўлса ҳам синфга киритилмасин. Чунки, ўқувчилар тақлидчи ва танқидчи бўлишади, бу эса дарс самарасига салбий таъсир кўрсатади».

Қайси фандан дарс бермасин, қай даражада унвон ва етук билимга эга бўлмасин, ахборот компьютер технологияларини ўзлаштирган бўлмасин, педагог нутқ маҳорати, мулоқот маданияти ва нотиқлик санъатини эгаллаш зарур. Бусиз таълимнинг ижобий натижаси, сифати ва самараси ҳақида гап бўлиши ҳам мумкин эмас.

Коммуникатив компетенция тил тактикасини талаб этар экан, унинг икки асоси бор – бири лингвистик, иккинчиси нутқий компетенция. Маънавиятнинг муҳим белгиси саводхонлик бўлиб, унинг икки қаноти эса оғзаки ва ёзма нутқ маданиятини тўла-тўкис эгаллашдир. Шунинг учун ҳам тил тактикаси тараққиёт стратегиясининг таъсирчан ва инновацион механизми, ундан фойдалана олиш маҳорати ҳар бир педагогнинг бирламчи вазифаси бўлиши керак. Ўз устида ишлаш сўз устида ишлашдан бошланишини унутмаслик керак.

Бош вазир ўринбосари таклиф ва фикримизни тасдиқлай туриб, «айрим талабалардан сўраганимизда, оралиқ ва жорий назорат учунгина дарсга киришга мажбурмиз, ўқитувчиларнинг кўпчилиги бизни дарс бериш усули билан қизиқтирмайди, нутқий малакаси йўқ», дейишганининг кўп бор гувоҳи бўлганман дея таъкидлади. Ўз фанига, мавзуига қизиқтира олмаган ўқитувчининг талабани изидан эргаштира олиши, асло, мумкин эмас.

Камина «Педагогнинг коммуникатив компетенцияси» бўйича 36 соатлик назарий-амалий механизм борлигини, бу дастур «Notiqlik san'ati akademiyasi» таълим муассасаси томонидан тайёрланганини айтиб, «ўртача ўқитувчи баён қилади, яхши ўқитувчи тушунтиради, машҳур ўқитувчи намойиш қилади, буюк ўқитувчи илҳомлантиради», деган Уилям Уорднинг фикрини келтирганим заҳоти Азиз Абдуҳакимов энг яхши нотиқ педагогларни саралаш, ўқитиш, рағбатлантириш учун 1 миллиард сўм ажратилиши кераклигини, шу билан боғлиқ ҳолда, грант ютиб олиш заруратини вазифа сифатида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев зиммасига юклади.

Икки ярим соат давом этган тадбир давомида профессор-ўқитувчилар ўз касб тақозоси нуқтаи назаридан етарли йўл-йўриқ ва кўрсатмаларга эга бўлишди.

Раҳимбой Жуманиёзов,
ТИҚХММИ матбуот котиби

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг