Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қандай қилиб Американинг машҳур университетларига 100 фоизлик грант ютиш мумкин? (видео)

Бугунги суҳбатимиз қаҳрамонларидан бири Амира Аскарова, George Washington университети магистранти, Эл-юрт умиди жамғармаси стипендиати. Яна бири Ислом Уролов, Tufts университети магистранти. Университет жамғармасидан ажратилган 100 фоизлик грант соҳиби ҳисобланади.

Интервьюнинг асосий мавзуси, Американинг топ университетларига 100 фоизлик грант ютиш масаласидир. Чет элда ўқишни ният қилган ёшларимиз учун ушбу суҳбат фойдали бўлишига ишонамиз!

Чет элда ўқишни ният қилаётган ёшларимиз учун йўриқнома-видео тайёрлаш ниятидамиз, университет ва йўналишни қайси вақтда ҳамда қандай танлаган маъқул деб ўйлайсиз?

Амира Аскарова: Танлов ўқишга кириш олдидан қилинмайди – бу биздаги аксарият ёшларнинг хатоси. У мактаб давридаёқ, 10-11-синфда аниқланиши ва йўналтирилиши керак бўлган масаладир. Шунингдек Америка университетларини оладиган бўлсак, рейтинг алоҳида аҳамиятга эга. Кейинчалик фаолиятга бу бевосита таъсир қилади. Яна бир масала, чет элда ўқишни ният қилаётган ёшларимиз, университет танлаётганда алоҳида олийгоҳнинг ички тартиб-қоидаларига эътибор беришлари керак.

Ислом Уролов: Биринчи навбатда, албатта қизиқиш. Иккинчи навбатда, талаба ўқишдан кейинги фаолиятини таҳлил қилиши лозим. Танлаган университетини тамомлагандан кейин қаерга ишга кириши мумкин ва маоши қанча бўлади, деган саволлар муҳимдир. Деярли барча чет эл университетларида, жумладан Америка университетлари сайтида олийгоҳни битирганлар қаерларда ишлашган ва қайси йўналишларда ишлаганликлари ҳақида маълумотлар мавжуд. Кейинги қадам, бу молиявий масаладир. Сизга маъқул келган университетлар бир қанча бўлиши мумкин, эътиборли жиҳати шундаки, ўша университетлар талабалар учун қандай молиявий кўмак бера олади, қандай имтиёзларга эга. Яъни, университет жамғармасига эътибор бериш лозим. Молиявий имконияти яхши, талабалар учун кўпроқ  молиявий рағбатлантириш бера оладиган университетни танлаган маъқул.

IELTS сертификати қанчалик муҳим?

Амира Аскарова: Негадир бизнинг ёшларимизда шундай стреотип борки, IELTS баҳоси қанчалик юқори бўлса, университетга киришингиз имконияти шунчалик юқори бўлади. Аммо, бундай эмас, ушбу сертификат ўқишга киришингизни ҳал қилиб берадиган муҳим жиҳат эмас.

Ислом Уролов: IELTS ўзи нима, инглиз тили даражангизни белгиловчи тизимлаштирилган тест, у сизнинг билим даражангизни эмас, балки асосий имтиҳонга тайёр ёки йўқлигингизни текширадиган тест холос. Айтайлик, танлаган университетингизда минимал IELTS 6,5 балл талаб этилса, лекин сиз 8 балл олсангиз, бу сизнинг бошқалардан устунлигингизни кўрсатмайди ва кейинги босқичларда сиз ҳам, 6,5 олган абитуриент ҳам бир хил даражада бўласиз. IELTS сертификати – зарурий, аммо етарли бўлмаган шарт.

Иккингиз ҳам 100 фоизлик грант асосида Американинг топ университетларида ўқийсиз, айнан Scholarshipга эга бўлиш йўллари ва тартиб-қоидалари ҳақида гаплашсак?

Амира Аскарова: Мен 2022 йили Эл-юрт умиди жамғармаси томонидан эълон қилинган биринчи танловда қанташиб, грант соҳиби бўлдим. Иккита босқичдан ўтганман, биринчиси – ҳужжат топшириш, кейинги босқич эса – суҳбат. Ҳажжат топшириш жараёнида энг кераклиси, ўқишга кирганингиз тўғрисидаги хатдир, бу жамғарма стипендиантига айланиш учун, топ 300 талик университетга кирган бўлишингиз керак. Суҳбат жараёнида эса, нафақат билим ва кўникмаларинингиз, балки психологик ҳолатингиз ҳам текширувдан ўтказилади. Стипендия ғолибига айлансангиз, ўқиш ҳаражатлари, яшаш ва авиачипта ҳаражатлари жамғарма томонидан қопланади. Шундай қилиб, ҳозирда George Washington университетидан 60 фоизлик грантга эга бўлганман, қолган ҳаражатлар эса жамғарма томонидан қопланади. 

Ислом Уролов: Мен университет жамғармасидан ажратиладиган «Келажак лидерлари» гранти ғолиби бўлганман. Йилига 60 минг долларлик контракт тўлови ҳозирда жамғарма томонидан молиялаштирилади. Грант ютиш учун алоҳида ҳужжатлар топширилмайди ва суҳбат жараёнларидан ўтмадим. Ушбу дастурдаги асосий ҳужжат, Personol Statement, яъни ушбу дастурда ўқишингиздаги мотивациянгизни белгиловчи хат.

Ҳам ўқиб, ҳам ишлашнинг қанчалик иложи бор?

Ислом Уролов: Қонун бўйича талабалар 20 соат ишлаши мумкин, минимум топадиган пулингиз эса, 15 доллардан 20 долларгача бўлади. Бу бир ойга 1 200 долларни ташкил этиди. Бу эса бир ойлик яшаш ҳаражатларингизни ҳам қопламайди. Контракт тўловини эса ишлаб топиш деярли иложсиз. Ўқишга кетишдан олдин, ҳеч бўлмаса биринчи йилни ниманинг ҳисобига молиялаштиришни олдиндан ўйлашингиз керак. Акс ҳолда, жуда қийналасиз. Ўқиш жуда қийин, талаб эса катта, ҳам ўқиб, ҳам ишлаш имконсиз.

Маҳаллий таълим тизимидаги ютуқ ва камчиликлар ҳақида бироз суҳбатлашсак... 

Ислом Уролов: Мен Ўзбекистонда бакалавр босқичини ўқиб, кейинчалик Корея ва Америка таълим тизимларига ҳам гувоҳ бўлаганим учун солиштириш имкониятига эгаман. Бизда талабанинг таълим олишига бўлган админстратив тўсиқлар жуда кўп. Шунингдек, бу ердаги талабалар дарсга бир пара кирмаса ҳеч нарса йўқотмаслигига ишонади, аксинча бир пара кутубхонада ўтириб, ўзи шуғулланса, кўпроқ маълумотга эга бўлади. Агар Америкада талаба бир пара дарсга кирмаса, ўша билимни эгаллаш учун 5-6 соат «кутубхонадан чиқмаслик»ка мажбур, шунинг учун ҳам дарс қолдирмаслик биринчи навбатда унинг манфаатларига хизмат қилади.

Амира Аскарова: Бизда фанлар жуда кўп, аммо амалиёт ва топшириқлар нисбатан кам ва осон. Америкада 3 та фанни ўқисангиз ҳам, ундаги дарсларни қилиш учун жуда кўп китоб ўқишга мажбурсиз. Биргина берилган топшириқни ойлаб бажаришга тўғри келади ва натижада катта лойиҳани бошлаб юборишингиз ҳеч гап эмас.

Ечим сифатида нималарни таклиф эта оласиз?

Амира Аскарова: Мен ҳозир таълим тизимини буткул ўзгартириш керак дея олмайман. Тизимли равишда аста-секин амалга оширса бўлади. Биринчи навбатда, талабаликка қабул жараёнларига суҳбат қўшиш керак деб ҳисоблайман. Тўғри, абитуриентлар жуда кўп, аммо бу имконсиз дегани эмас. Абитуриентни айнан шу соҳага қизиқиши борми, ёки 3 та блок фанни яхши билгани учун топширяптими? Буни албатта аниқлаш керак деб ўйлайман.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг