«Teach For Uzbekistan» лойиҳасининг Ёзги институтида ўқитувчиларга таҳсил бериш якунланди (фото)

Тошкент вилоятида ҳудудий мактабларда дарс беришга юбориладиган ўқитувчилар учун «Teach For Uzbekistan» лойиҳасининг 45 кунлик интенсив Ёзги оромгоҳининг фаолияти ўз ниҳоясига етди.
2025 йил 4 августда Бўстонлиқ туманидаги «Ёшлар оромгоҳи»да «Teach For Uzbekistan» Ёзги институти сменасининг ва институт базасида ташкил этилган Ёзги оромгоҳнинг ёпилиши маросими ўтказилди.
Якуний тадбирда лойиҳа етакчилари: «Teach For Uzbekistan» директори Умида Йўлдошева ва Ёзги институт директори, «Teach For All» глобал тармоғининг вакили жаноб Сатям Мишра, шунингдек, Ёзги оромгоҳга ўқувчилари саралаб олинган мактаблар раҳбарияти, биринчи қабул қатнашчилари, AUT кўнгиллилари, мувофиқлаштирувчилар ва «Teach For Uzbekistan» жамоаси қатнашди.
Тадбир илиқ ва дўстона муҳитда ўтди. Умида Йўлдошева ёзги оромгоҳ якунларини эълон қилди ва дастурнинг илк натижалари, шунингдек, келгуси ривожланиш режалари ҳақида сўзлади. Махсус меҳмон, Ҳарвард университети битирувчиси ва «Global Teacher Prize» мукофотининг финалчиси жаноб Сатям Мишра хорижий мамлакатлар таълим тизимларидаги асосий ўзгаришлар ҳамда таълимнинг ўзбек моделида ўқитувчиларни тайёрлаш сифати ҳақида ҳикоя қилди.
Ёзги институт битирувчилари TFU илк қабули қатнашчилари билан мулоқот қилиш имконига эга бўлдилар. Ҳудудий мактабларда бир йил ишлаган бу ёшлар дастур туфайли улар ҳамда ўқувчиларининг ҳаётлари нечоғлиқ ўзгарганлиги ҳақида сўзлаб бердилар.
«Ёзги институт — шунчаки ўқув курси эмас, балки мактаблар ва ҳамжамиятларни ўзгартиришга қодир бўлажак етакчилар шаклланадиган макондир. Йиллар давомида турли мамлакатлардаги таълим дастурлари билан ишлаш мобайнида мен бир нарсага амин бўлдим: ҳақиқий ўзгаришлар болаларга ишонадиган ва зиммасига масъулиятни ола биладиган инсонлардан бошланади. Айнан мана шундай ғайратни, онглиликни ва камолотга интилишни мен Ўзбекистонда кўрдим. Бундай ташаббуслар ҳар бир болага — сифатли таълим олиш, ёш мутахассисларга эса — мамлакат келажагига реал таъсир кўрсата олиш имконини берадиган таълим тизимлари учун асос барпо этади», — деди «Teach For All» глобал тармоғи вакили жаноб Сатям Мишра.
«Teach For Uzbekistan» лойиҳасининг Ёзги институти
Ёзги институт (ЁИ) — «Teach For Uzbekistan» дастури қатнашчиларини тайёрлашнинг асосий босқичи. Бу беш ҳафталик ўқув-амалий интенсив бўлиб, унда бўлажак ўқитувчилар педагогик, коммуникатив ва етакчилик кўникмаларини ўзлаштирадилар ва мактабда ишлашга тайёрланадилар. Кейин финалчилар мактаб ҳузуридаги ёзги оромгоҳда амалиёт ўтайдилар, классик менежментни ўрганадилар ва ўқув йили бошланишига тайёргарлик кўрадилар. Ёзги институт тўлиқ машғуллик форматида ташкил этилган: бутун беш ҳафта давомида қатнашчилар махсус жиҳозланган оромгоҳда яшайдилар, бу уларга ташқи омилларга чалғимай, диққат-эътиборни ўқишга жалб қилишга имкон беради.
2025 йилда Ёзги институт ЎзР Ёшлар ишлари бўйича агентлик базасида ўтди, у лойиҳага Бўстонлиқ тумани тоғларидаги ҳудудни беғараз тақдим этди. Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан 39 нафар номзод лойиҳа қатнашчиси бўлди. Улар — етакчи миллий ва халқаро университетларнинг умумий мақсад — таълим тизимини ичидан ўзгартириш истаги бирлаштирган битирувчиларидир. Таҳсил жараёнига маҳаллий ва халқаро экспертлар жалб этилди.
Ёзги институт дастури қуйидагиларни қамраб олди:
- ўқитиш услубиёти, синфни бошқариш, инклюзив таълим, танқидий ва тизимли тафаккурни такомиллаштириш бўйича интенсив тренинглар;
- актёрлик маҳорати ва нотиқлик санъати бўйича машғулотлар;
- тажрибали устозлар ва таълим етакчилари билан сессиялар;
- мунтазам амалий машғулотлар ва ёзги мактабда дарс бериш.
Институт ҳузуридаги Ёзги оромгоҳ
Ёзги институтнинг охирги ҳафтасида қатнашчиларнинг саъй-ҳаракатлари билан кам таъминланган оилалар болалари учун Ёзги оромгоҳ ташкил этилди. Болалар табиатда вақт ўтказдилар, саломатликларини мустаҳкамладилар, куч тўпладилар, лойиҳа қатнашчилари эса реал мактаб муҳитида стажировка ўташ ва ўқув йили бошланишидан олдин амалий кўникмаларни ўзлаштириш имконига эга бўлдилар.
Ёзги институт якунлари бўйича номзодларни якуний саралаш қуйидаги мезонларга кўра ўтказилди:
- психометрик тест;
- индивидуал интервью: қарашлар, қадриятлар, маънавий тамойиллар ва етакчилик сифатлари ҳақида суҳбат;
- техник интервю: ўқитиладиган фан бўйича билимларни текшириш;
- синфда ишлашни моделлаштириш: синов дарсини режалаштириш ва ўтказиш, у ўқитувчи материални қанчалик тайёрлагани, болалар хатти-ҳаракатларини қанчалик назорат қилиши ва хавфсиз ҳамда ўзаро ҳурмат муҳитини ярата олишини кўрсатади.
Машғулотлардан бўш пайтларида қатнашчиларга кечки ўйинлар, жамоавий фаолиятлар ва маданий тадбирлар таклиф этилди, улар жамоавий руҳни мустаҳкамлашга ва ўзаро қўллаб-қувватлаш муҳитини яратишга хизмат қилибгина қолмай, soft skills, ҳамкорлик ва «Teach For Uzbekistan» ҳамжамияти ичида барқарор горизонтал алоқаларни ривожлантиришга ҳам ёрдам берди.
«Teach For Uzbekistan» — бу шунчаки дастур эмас, балки таълим кучи орқали болалар ҳаётини ўзгартиришга тайёр инсонлар ҳамжамиятидир. Ёзги институт Ўзбекистонда нафақат ўқитиш, балки руҳлантириш, қўллаб-қувватлаш ва ўз ортидан эргаштиришга қодир педагоглар авлоди ўсиб келаётганини кўрсатди. Биз ҳар бир қатнашчидан фахрланамиз ва бу катта йўлнинг ибтидосигина эканига ишонамиз. Бу йил 31 нафар қатнашчи ҳудудлардаги мактабларга ўқитишга йўл олади, жумладан, биринчи марта Сурхондарё вилоятига биринчи бор ўқитувчилар жўнатилади», — деди «Teach For Uzbekistan» директори Умида Йўлдошева.
Ёзги институт «Teach For Uzbekistan» стратегик миссиясини: ҳатто энг мураккаб ва чекка жойларда ҳам мактаб ўқувчиларига сифатли таълим беришга тайёр етакчи педагогларнинг янги авлодини тайёрлашни амалга оширишда ёрдам беради.
«Teach For Uzbekistan» тўғрисида
«Teach For Uzbekistan» — кадрлар етишмайдиган ҳудудий мактабларда ўқитувчи бўлиб ишлаб, болаларга ўз салоҳиятларини рўёбга чиқаришда ёрдам берадиган иқтидорлик ёш мутахассисларни тайёрлаш ва қўллаб-қувватлаш орқали мамлакатда таълимни ривожлантиришга йўналтирилган дастурдир. Дастур мақсади: қаерда яшашидан қатъи назар, ҳар бир бола сифатли таълим олиш учун тенг имкониятга эга бўлсин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter