Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Юзаки дарс бўляпти ҳамма ерда» — талабалар онлайн таълим сифатидан шикоят қилмоқда

«Юзаки дарс бўляпти ҳамма ерда» — талабалар онлайн таълим сифатидан шикоят қилмоқда

Куни кеча исми ошкор этилмаслигини илтимос қилган талаба олий таълим муассасаси раҳбариятидан ўзига нисбатан босим бўлганини тасдиқловчи аудиоёзув жўнатди. У онлайн дарслар сифатсизлиги, дарс пайти ўқитувчиларнинг онлайн эмаслигидан ижтимоий тармоқларда шикоят қилган. Олий таълим муассасаси декани эса талабанинг бу танқидлари учун телефон орқали унга дашном берган.

Қуйида ОТМ деканининг айрим гапларини келтирамиз:

«Нима бунақа ёзяпсиз «Телеграм» гуруҳларга?! Оғзим бор деб ҳамма нарсани ёзавермайди! Нега нуқул шунақа ёмон тарафларини кўриш керак?! Мен ҳаммасини ўқиб чиқяпман! Қайси гуруҳга аъзосиз, нима ёзяпсиз – ҳаммасини ўқиб чиқяпман! Бўлмаса, битта ташкилотга раҳбар бўлиб, ҳамма нарсани зўр қилиб қўйингчи! Яхши нарсаларни ҳам ёзиш керакми?! Бунақада ҳеч нарсага эриша олмайсиз!

Бутун дунёда шунча одам ўлиб кетяпти! Арманистон билан Озарбайжонда қанча, Покистонда қанча, Қирғизистонда қанча, Африкада миллионлаб одамлар... Сизга ўхшаганлар ўлиб кетаётган пайтда бизда яхши ишлар бўлётганини ёзиши керакми?! Ё нуқул минус томони, фалон-писмадон ёзиш керакми?!.

Мен сизнинг фикрингизни ўзгартирмоқчиман! Ҳамма қўллаб-қувватланадиган пайтда сизнинг ҳаққингиз йўқ минус тарафни ёзишга! Ҳеч кимнинг ҳам ҳаққи йўқ! Қани, дадангиз, онангиз борми, беринг телефонни!»

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29-моддасида шундай ёзилган: «Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга...»

Шунга қарамай, бугун айрим ОТМларда дарслардан қониқмай, эътироз билдирган талабалар юқоридаги каби ҳолатлар иштирокчисига айланаётгани бор гап. Онлайн дарслар сифати, қай тарзда олиб борилаётганини билиш мақсадида бир нечта талабани саволга тутдик:

Онлайн дарслар сифатидан қониқяпсизми, дарслар қандай кетяпти?

Асадбек, Тошкентдаги университетлардан бирида таҳсил олади, 1-босқич:

«Онлайн дарслардан умуман қониққаним йўқ. Фақат умр ўтяпти, холос. Умуман фойдаси бўлмаяпти. Юзаки дарс бўляпти ҳамма ерда. Мен уй ишларини қилиб юрибман. Мол-ҳол, дала ишлари... Ҳатто «Moodle»га (масофавий таълим тизими) кечагина кирдим. Биз тизимга нарса ёзиб, жўнатиб қўйяпмиз, лекин уни кимдир ўқияптими, билмаймиз».

Дарс бошланганда ўқитувчи онлайнми?

Худойберди Ғуломов, 1-босқич талабаси:

«Йўқ, биз «Moodle»га кирганда ўқитувчи камдан-кам онлайн бўлади. Ўқитувчи билан алоқа кам...»

Қодиржон, 2-босқич:

«Дарс вақтида ўқитувчи «Moodle»да йўқ бўлади. Ёки умуман кирмайди, ё кеч киради. Номига ўқиб юргандек бўляпмиз».

Юқоридагилардан хулоса қилиш мумкинки, олдин талабалар интернет тезлиги пастлиги сабаб дарсларда қатнаша олмаяпмиз деган бўлса, энди интернет тезлиги яхши бўлганда ҳам дарслар яхши ўтилмаётганини айтишяпти...

Ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилганлик учун юқоридаги каби таънаю дашном, босимларга учраётган талабалардан қандай қилиб зўр кадрлар чиқиши мумкин?!

Тегишли вазирлик ва мутасадди ташкилотлардан таълим сифатига, олий таълимдаги бу муаммога эътибор қаратишларини сўраб қоламиз.

Ҳамроҳ,
талаба

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг