2023 йилдан бошлаб ҳар йили киберспорт бўйича мусобақалар ўтказилади
Бугун, 16 ноябр куни Ўзбекистон Республикаси президентининг «Киберспорт турларини янада ривожлантириш ва кенг оммалаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори эълон қилинди.
Ҳозирда киберспорт ёшлар ўртасида энг оммалашган спорт турига айланган, айниқса, Жанубий Корея, Хитой, Россия, АҚШ, Қозоғистон каби мамлакатларда жадал ривожланиб келмоқда.
Киберспортнинг 50 га яқин турлари бор, энг оммалашганлари: Dota 2, Counter Strike, League of Legends, Overwatch, Starcraft 2, Mortal Kombat, Hearthstone, FIFA, PUBG.
Киберспорт Осиё ўйинларининг дастурига киритилган.
Киберспорт бўйича жаҳон ва минтақавий миқёсдаги катта пул мукофотига эга мусобақалар ўтказиб борилади. Масалан, Dota 2 бўйича 2021 йилда ўтказилган жаҳон чемпионатида мукофот пули 40 млн долларни ташкил қилган, шундан 18 млн долларни 1-ўринни эгаллаган Team Spirit жамоаси қўлга киритган.
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг қарийб учдан бир қисми компютер ўйинларига қизиқади ва бўш вақтларини ушбу йўналишда фаол сарфлайди. 10 ёшдан 34 ёшгача бўлган 10,8 млн ўзбекистонлик компютер ўйинларини ўйнайди, улардан 30 минг нафари профессионал фаолият билан шуғулланади. Мамлакатимизда 200 дан зиёд киберспорт клублари бор.
Президент қарорига кўра, Спортни ривожлантириш вазирлиги, Ахборот технологиялари вазирлиги ҳамда Ёшлар агентлиги киберспортни оммалаштиришга масъул органлар этиб белгиланмоқда ва уларнинг ваколатлари кўрсатилмоқда:
- Спортни ривожлантириш вазирлиги — киберспортни тарғиб қилиш, мусобақалар ташкил этиш, жаҳон киберспорт майдонида мамлакатнинг мавқеини яхшилаш;
- Ахборот технологиялари вазирлиги — киберспорт саноатига компанияларни жалб қилиш, мусобақаларни ташкил этишда кўмаклашиш;
- Ёшлар агентлиги — киберспортга ёшларни, шу жумладан ногиронлиги бўлган ёшларни кенг жалб қилиш, уларнинг ютуқларини рағбатлантириш, мусобақаларда киберспортчилар иштирок этиши учун шароитлар яратиш.
2023 йилдан бошлаб ҳар йили киберспорт бўйича қуйидаги мусобақаларни ўтказиш таклиф этилмоқда:
- апрел ойида «Uzbekistan Esports Championship» республика чемпионати;
- декабр ойида «Вазирлар Маҳкамаси кубоги» турнири;
- июн ойида «Ёшлар кубоги» турнири;
IT-парк томонидан киберспорт мусобақаларини ўтказиш бўйича махсус портал ишлаб чиқилади.
«Uzbekistan Esports Championship» чемпионати, «Вазирлар Маҳкамаси кубоги» ва «Ёшлар кубоги» турнирлари ҳамда бошқа мусобақаларда ғолиб (совриндор) бўлган киберспортчиларга бир йўла бериладиган пул мукофоти ва совғалар даромад таркибига киритилмайди ва солиққа тортилмайди.
Киберспорт клубларига уларнинг ижара харажатларини қоплаш учун ҳудудий «Ёшлар дафтари» жамғармалари маблағлари ҳисобидан 3 ой давомида 15 млн сўмгача пул маблағлари ажратилади. Бунда, маблағлар уларга шартлар (киберспортчиларни тайёрлаш, мураббий жалб қилиш, мусобақаларда иштирок этиш) асосида берилади.
Яшнободда қурилаётган Олимпия шаҳарчасида киберспорт бўйича мусобақаларни ўтказиш учун Россия, Корея ва Хитойнинг тажрибасига асосан замонавий киберзонани ташкил қилиш таклиф қилинмоқда. Киберзона мусобақалар ўтказиладиган арена, уларни ёритиш студияси, ўқув-машғулот маркази, киберспорт маҳсулотларини реклама ва реализация қилиш шохобчасидан иборат бўлади.
Киберспортни оммалаштириш чора-тадбирлар дастури тасдиқланмоқда.
Жумладан:
- киберспорт лигасини ташкил қилиш ва киберспорт клублари ўртасида киберспорт лига мусобақаларини тизимли равишда ўтказиш;
- «Киберспортчи» ўқув дастурини ишлаб чиқиш;
- киберспортда «ping» муаммосини бартараф қилиш;
- миллий киберспорт ўйинларини яратиш ва тарғиб қилиш;
- киберспорт билан шуғулланаётган ёшларнинг соғлом спорт маданиятини шакллантириш (фаоллигини ошириш ва хотирасини яхшилаш, кўзига ва таянч-ҳаракат аппаратига зарар етказмаслик), улар томонидан ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиш.
Таълим ва кадрлар тайёрлаш йўналишида:
- Жисмоний тарбия ва спорт университетида 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб «Спорт фаолияти: киберспорт» бакалавриат йўналиши очилмоқда ҳамда ўқиш муддати 3 йил этиб белгиланмоқда;
- «Uzbekistan Esports Championship» чемпионатида охирги бир йилда ғолиб (1-ўрин) бўлган спортчилар «Спорт фаолияти: киберспорт» йўналишига ижодий имтиҳонларни топширишдан озод қилиниши белгиланмоқда;
- киберспорт фаолияти ўзини ўзи банд қиладиган шахслар томонидан амалга оширишга рухсат этилган фаолият тури сифатида белгиланмоқда;
- Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида киберспорт бўйича тренерлар, шарҳловчилар, ҳакамларни қайта тайёрлаш курслари ташкил қилинмоқда;
- Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторига (ХАЛИКК-2020) киберспорт тренери, киберспорт ҳаками ва бошқа киберспорт мутахассислари киритилмоқда.
Ҳокимликлар томонидан ҳар битта туманда киберспортнинг камида иккита турини оммалаштириш бўйича «йўл хариталари» ишлаб чиқилади. Бунда, ҳар йили бир маротаба «Жўқорғи Кенгес Раиси кубоги» ва «Ҳоким кубоги» турнирлари ўтказилади.
Ушбу қарордан Ўзбекистонда киберспортни хавфсиз ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича экотизим яратиш; мусобақалар ва турнирларни тизимли равишда ўтказиш орқали иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш ва саралаш ҳамда уларни профессионал киберспортга йўналтириш; ахборот технологиялари ва IT-индустрия учун салоҳиятли кадрларни тайёрлаш ва уларни соҳага жалб қилиш ишларини янада кенгайтириш каби мақсадлар кўзланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter